Ўзбекистон: Пахта далаларида болалар меҳнатидан воз кечиш мумкинми?

Ўзбекистон: Пахта далаларида болалар меҳнатидан воз кечиш мумкинми?

Sunday, 25 October, 2009
, агар расмийлар уларга кўпроқ эркинлик берганларида, пахта терими пайтида болалар меҳнатидан воз кечиш мумкин бўлар эди.


Сентябрь ойи ўртасидан бошлаб мустақил оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилар пахта терим кампанияси бошланиши билан пахта далаларида теримчи болалар пайдо бўлгани ҳақида хабар бера бошладилар.



“Мактаблар учун пахта териш бўйича меъёр белгиланган, - дейди Фарғона водийсидаги аҳоли пунктларидан бирида яшайдиган аёл. – Мактаб директорларидан бири болаларни пахтага олиб чиқмайман деганди, унга ишдан ҳайдаймиз дея таҳдид қилишди”.



Ўзбекистондаги манбалар 22 сентябрь куни мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев барча вилоятларнинг ҳокимлари ва хавфсизлик хизматлари раҳбарлари билан селектор йиғилиши ўтказганини ҳақида маълум қилдилар ҳамда уларга пахта теримини ҳашар йўли билан ташкил этишга топшириқ берганини тасдиқладилар. Марказий Осиё халқлари орасида асрлар оша сақланиб келган ва анъанага айланган ушбу одат Ўзбекистонда аслида болаларнинг пахта далаларида мажбурий меҳнатини англата бошлаганига анча бўлиб қолди.



2008 йилгача мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти кенг қўлланиб келган эди. Пахта далаларидаги меҳнатга 8-9 ёшдаги балоғатга етмаган болалар мажбурий равишда жалб этилар ва шу сабабдан халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда болалар меҳнатига чек қўйишга бир неча бор чақириб келган эди.



Ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистон расмийлари республика пахта плантацияларида болалар меҳнати тақиқлаб қўйилгани, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Болалар эксплуатациясининг энг ёмон шаклларининг илдизини қуритиш тўғрисида” ва “Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисида”ги Конвенцияларини ратификация қилингани ҳақида билдирган эдилар.



Ушбу чоралар расмий Тошкентни пахта териш мавсумида болаларни мажбуран пахта далаларига чиқаргани учун танқид қилган ва норозилик сифатида Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олмасликни тавсия қилган АҚШ ва Буюк Британиядаги йирик тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотлари импортчилари ва сотувчилари томонидан бойкот қилиниши ортидан амалга оширилди. (Ўқинг: Ўзбекистон расмийлари пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишни чекламоқдалар, 2008 йил 23 сентябрь.)



2009 йил май ойида республикада ўқувчи ёшлар яна пахта далаларига чиқарилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади. (Ўқинг: Ўзбекистон: Болалар яна пахта далаларида, 2009 йил 26 май.)



Баъзи фермерларнинг айтишига қараганда, болалар меҳнатидан воз кечиш амалда қийин эмас. Расмийлар бунинг учун бор-йўғи қишлоқ хўжалиги секторида чинакам ислоҳотлар ўтказишлари, фермерларга мустақиллик беришлари ва стратегик хом ашёга давлат буюртмасини бекор қилишлари лозим.



Бу йил расмийлар уч миллион тоннадан кам бўлмаган пахта ҳосили йиғиштириб олишга қарор қилганлар.



“Айни пайтда мамлакатда юқори даражада ишсизлик кузатилмоқда, мардикор бозорларда одам жуда кўп, - дея фикр юритади Тошкент вилоятида деҳқончилик қилувчи пахтакор. – Ҳукумат ўша одамларни йиғиштириб пахта даласига олиб чиқса бўладику. Шу йўл билан болалар меҳнатини четлаб ўтиш мумкин”.



Ушбу ғояни амалга ошириш йўлида албатта кўплаб одамларни жалб этиш ва пахта терим суратларини кўтариш учун қўшимча маблағлар зарур ва бу муаммони албатта ҳал этса бўлади, дея ишонтиради деҳқон.



Ҳар бир ўзбек фермерининг банкда ўз ҳисоб рақами бор. Ушбу ҳисоб рақамларига давлатга қарашли тайёрлов компанияларидан пахта терим мавсумида пул маблағлари келиб тушади.



Давлат компаниялари ўтган 2008 йилда ҳар бир килограмм ўзбек пахтасини 400 сўмдан сотиб олган эди (26 цент). Бу йил расмийлар деҳқонларга ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун 502 сўмдан (33 цент) тўлашларини эълон қилдилар.



Фермерлар пахта терими мавсумида ўз ҳисоб рақамларига келиб тушган пулнинг бир қисмини теримчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун ишлатадилар, аммо Ўзбекистонда банклардан нақд пул олиш қийин масала, мамлакатда ўзбек сўмларини олишда чекловлар мавжуд.



“Агар фермерларга эркинлик бериладиган бўлса, улар ўз ҳисоб рақамларига келиб тушган пулларни ўзлари хоҳлагандек тасарруф қила олар эдилар, ўшанда пахта теримига болаларни чиқармаса ҳам бўларди, - дея суҳбатга қўшилади мамлакат марказидаги Жиззах вилоятида деҳқончилик қиладиган фермер. – Ҳозир қанчадан-қанча одамларимиз Қозоғистонга пахта тергани қатнаяптилар. У ерда теримчиларга бизга қараганда анча кўп иш ҳақи тўлайдилар”. (Ўқинг: Ўзбекистонлик пахтакорлар Қозоғистон пахта далаларига ошиқмоқдалар, 2009 йил 18 сентябрь).



Қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам пахта етиштирилади, у ерда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 11-15 центдан тўлайдилар. Ўзбекистонда эса 2008 йилда болаларга ҳар бир килограмм терилган пахта учун 2,5 цент ва катталарга 3,5 центдан тўланган эди.



Қишлоқ хўжалиги секторида замовий механизация воситаларини жорий этиш ҳисобига болалар меҳнатидан воз кечиш мумкин бўлар эди.



“Ўтган асрнинг 90-чи йилларида бизда пахта терадиган яхши техникамиз бор эди, - дея эслайди мамлакат шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Хоразм вилоятида деҳқончилик қиладиган фермер. – Мисол учун, 1991 йилда биз болаларни пахта далаларига чиқарганимиз йўқ, ҳосилнинг барини машиналар ёрдамида териб олган эдик”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists