Ўзбекистон: Одамлар пул йўқлигидан ташвишланмоқдалар

Ўзбекистон: Одамлар пул йўқлигидан ташвишланмоқдалар

Monday, 25 May, 2009
, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Тошкентдаги мустақил Uzmetronom веб-нашри 18 апрель куни маҳаллий касаба уюшмаларига қарашли “Ишонч” газетасига ишорат билан мамлакат марказида жойлашган Жиззах вилоятида саккиз мингга яқин пенсионерлар пенсияларини ўз вақтида ололмаётганлари ҳақида хабар берди.



Юзага келган вазиятнинг тафсилотлари ҳақида хабар берилгани йўқ.



NCBA шарҳловчиларининг кўрсатишича, пенсия беришдаги кечикишлар бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.



“Мана икки ой бўлибдики, бизга пул келмаяпти деб айтишмоқда, - дея ғазабланади мамлакат пойтахти Тошкентда истиқомат қилувчи 70 ёшли Ойдин Мирзоева. – Илгари биз пенсияларимизни ҳар ойнинг 5-6-чи кунлари олар эдик, энди бўлса пулни вақтида ололмаганимиз учун қўшнилардан ва танишлардан қарз олишга тўғри келяпти”.



Вилоят маркази бўлган Жиззахда истиқомат қилувчи Сайфиддин исмли 69 ёшга кирган касалванд пенсионер пенсияни ўз вақтида ололмагани важидан юзага келаётган молиявий муаммолар борасида шикоят қилмоқда.



“Менинг астма касалим бор. Шунинг учун ҳам пулларимни асосан дори-дармонга сарфлайман”, - дея ташвишланиб NBCAга ҳасрат қилади қария. – “Ҳозир ҳам пулим қолмади”.



Мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи медиа-кузатувчининг маълум қилишича, ушбу вилоятнинг ёши улуғ фуқаролари ҳам икки ойдан бери пенсияларини ололганлари йўқ.



“Пенсионерлар ҳозирча сабр қилиб кутиб ўтиришибди. Негаки, ҳозир ҳатто бюджет ташкилотларида ишловчилар ҳам ўз ойлик маошларини олганлари йўқ”, - дея таъкидлайди кузатувчи.



Хоразм вилоятида ҳам ҳудди шунга ўхшаш аҳвол юзага келган. Бу вилоятда нақд пул муаммосини нафақат пенсионерлар, балки вилоятнинг барча аҳолиси ҳам бошидан кечирмоқда. Вилоятдаги аҳолининг ишлайдиган қисми ўз ойлик маошларини пластик карточкалари орқали оляптилар, холос.



“Банкоматларда доим нақд пул йўқ бўлади”, - дейди маҳаллий таҳлилчилардан бири.



Тошкентдаги туман почта бўлимининг ходимаси, Мария исмли аёлнинг NBCAга айтишича, пенсия тўлаш атрофида юзага келган мураккаб вазият “мана уч ойдан бери кузатилмоқда”.



“[Банкдан] пулларни кеч олиб келишади. Нақд пул йўқлигини бунга сабаб сифатида кўрсатишади”, - дейди у.



Нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ тенденцияни юмшатиш учун расмийлар пул беришни чеклашнинг яна бир услубини кашф этдилар.



Ойлик маошлари ва пенсиялар берилаётган пайтда пулларнинг маълум бир қисмини коммунал тўловлар, электр энергияси ва табиий газ учун ушлаб қоляптилар.



Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 75 ёшли пенсионер аёл Холиданинг айтишича, унинг 120 минг сўмга тенг бўлган пенсияси (80 АҚШ доллардан сал ошиқроқ) сўнгги ойлар давомида кемтик ҳолда бериляпти.



Ушлаб қолинаётган пулларнинг миқдори ўртача 30 фоизга тенг.



“Арзимаган пул қўлга тегади, шунинг учун ҳам қарз олишга тўғри келади, ўзимизни еб-ичишда чеклашимизга тўғри келяпти, ҳатто гўшт сотиб олишга ҳам имкониятимиз йўқ”, - дея оғир ҳаётдан ҳасрат қилади пенсионер аёл.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг тахмин қилишича, ижтимоий тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаётганининг сабаби тадбиркорлик соҳасидан пул тушумларининг камайиб кетаётганида ва миллий валютанинг яширин тарзда девальвациясида бўлиб қолмоқда.



Бошқа экспертлар эса ижтимоий тўловлар ҳамда ойлик маошларининг кечикиши айниқса жаҳон молиявий инқирози қабатида қаттиқ сезила бошланганини қайд этмоқдалар.



Жаҳон молиявий инқирози оқибатлари айниқса қаттиқ сезилаётган қўшни Қозоғистон ва Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан келаётган пул жўнатмалари оқимининг камайиши оқибатида жаҳон иқтисодиётидан ажраган Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам қийинчиликларни бошидан кечира бошлади.



“Нақд пул билан боғлиқ муаммолар бундан кейин ҳам мураккаблашиб бораверади”, - дея прогноз қилади Йўлдошев.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Support our journalists