Ўзбекистон навбатдаги медиа-форумини ўтказди
Ўзбекистон навбатдаги медиа-форумини ўтказди
23 октябрь кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати раҳнамолиги остида Ўзбекистонда “Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жамиятни демократлаштиришнинг муҳим омили” дея аталувчи халқаро медиафоруми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон расмий матбуотининг хабар беришича, форум “оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш масалалари бўйича очиқ ва самарали диалогнинг давоми бўлиб қолган. Унда фикр билдириш эркинликларини таъминлаш, ахборот олишга эркин йўл, миллий қонунчиликка амалий журналистик фаолият юритишда барча мамлакатларда қабул қилинган халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва демократик стандартларнинг имплементацияси каби масалалар муҳокама қилинди”.
Аслида эса форумда Европа Иттифоқи делегацияси томонидан кўплаб танқидий фикрлар, масалан, журналистларни ҳибсга олиш, матбуотда муқобил фикрларнинг йўқлиги ва Ўзбекистонда ошкорасига тан олинмаган ўз ўзини цензура қилиш амалиёти борлиги ҳақида гапирилди.
Форумда Хьюман райтс вотч, Халқаро Амнистия, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Артикль 19, Инқирозларнинг олдини олиш бўйича халқаро гуруҳи, Немис тўлқини академияси ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институтининг вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.
Бу форум Ўзбекистон расмийлари томонидан сўз эркинлиги бўйича очиқ диалог ўтаётгани ҳақида кенг реклама қилинаётган ҳамда 2008 йилда ўтказилган медиаконференцияларнинг учинчиси бўлиб қолди.
Олдинроқ, июнь ойида Тошкентда “Замонавий демократик жамиятда оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги тўғрисида” дея аталувчи анжумани бўлиб ўтган эди. Бу конференцияни аввали бошда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказиш режалаштирилганига қарамай, амалда бир томонлама, ҳукуматни олқишловчи бир тадбирга айланди ва унга мустақил журналистлар киритилгани йўқ.
Ўзбекистон пойтахтида сентябрь ойининг охирида яна бир семинар ўтди. Унда ахборот жамияти шаклланаётган жараён давомида оммавий ахборот воситаларининг фаолияти муҳокама этилган бўлиб, анжуман давомида “Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ривожланишининг позитив динамикаси, мавжуд барқарор қонунчилик базаси ва уларнинг мустақил фаолиятини амалга оширишда эришилган муваффақиятлар” ҳақида сўз юритилди.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг миқдори кўпайган. Мамлакатда деярли 900 та газета ва журналлар нашр этилмоқда, тўртта ахборот агентлик, юзга яқин телерадиоканаллар ва Интернетнашрлар фаолият юритмоқда.
Аммо экспертларнинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситалари миқдорининг ўсиши аҳолига етказиб берилаётган ахборотнинг сифатига таъсир этмаган ва прогресс томонга сезиларли силжишлар кузатилмаган.
Тошкентлик шарҳловчи маҳаллий оммавий ахборот воситалари июль ойида Бухоро яқинидаги ҳарбий омборларда портлаш, Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини оммавий равишда пахта теримига жалб этиш, Грузия ва Россия ўртасидаги ҳарбий можаро каби долзарб воқеаларни ўз вақтида ва ҳар томонлама ёритишдан четда қолганларини мисол тариқасида келтирмоқда.
“Матбуот ҳозир ҳам илгаригидек фақат унга рухсат берилган мавзуни расмийларга қулай бўлган шаклда ёритишда давом этмоқда”, дея қўшиб қўйди шарҳловчи.
Бошқа шарҳловчилар ҳам ҳудди шундай фикрни билдирмоқдалар. Улар расмийларнинг медиадиалогга тайёрлигини намойиш этишлари, хўжакўрсинга уюштирилаётган форумлар ҳозирча бирорбир ижобий натижа бермаганига кўрсатмоқдалар.
“Ўтказилаётган ушбу тадбирларнинг фойдали иш коэффициенти нолга тенг. Негаки, ижобий ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳокимият устига келган элитанинг тўла ҳолда либераллашуви лозим. Бу аҳвол ҳозирча Ўзбекистонда кузатилаётгани йўқ”, дея қайд этади ўзбекистонлик мустақил тадқиқотчи Олег Борисов.
Медиаэкспертларнинг айтишича, оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ вазият ҳамон илгаригидек қолмоқда. Мамлакатда қатъий цензура амал қилмоқда ва матбуотда ёритилиши тақиқланган мавзулар рўйхати. Шунинг учун ҳам журналистлар ҳамжамияти форумлардан келиб чиқувчи қандайдир позитив тавсияларнинг ҳаётга татбиқ этилишига деярли умид қилмай қўйганлар.
Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, ҳатто Европа Иттифоқи раҳнамолигида ўтказилган халқаро медиафорум ҳам сўз эркинлиги ривожланишиге жиддий таъсир ўтказа олмайди ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини ҳатто қисман бўлса ҳам эркин қила олмайди.
Унга кўра, Ўзбекистон расмийлари мустақил медиа ахборот воситаларининг мавжуд бўлишидан мутлақо манфаатдор эмас. Негаки ҳукумат ёпиқ ахборот сиёсатини олиб бормоқда ва амалда қатъий цензурани қўлламоқда. Тошкентдаги бундай форумларнинг сценарийлари бири биридан деярли фарқ қилмайди ва барчаси аввали бошдан “юқоридан” тасдиқдан ўтган.
“Президент [Ислом] Каримов сўз эркинлиги борасида диалогнинг мавжудлигини кўрсатмоқчи, холос”, дея қайд этади журналист.
Американинг Фридом хаус ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг 2008 йилда сўз эркинлиги борасида олиб борган тадқиқотларига кўра Ўзбекистон “оммавий ахборот воситаларига нисбатан энг репрессив” давлатлар рўйхатининг ўнталигига кирган. Журналистларнинг “Чегара билмас репортёрлар” халқаро ташкилоти 2007 йилда ўтказган тадқиқоти натижасига кўра чоп этилган ҳар йилги рейтингида Ўзбекистон сўз эркинлиги даражаси бўйича 167 та мамлакатлар орасида 160чи ўринни эгаллаган.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).