Ўзбекистон: муҳолифатчиларнинг омадсиз сафари

Ўзбекистон: муҳолифатчиларнинг омадсиз сафари

Wednesday, 10 February, 2010
.



Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти 13 январь куни Ўзбекистон расмийларини сиёсий фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этиш кампаниясини “зудлик билан тўхтатишга” чақирди. Бунга сабаб - 7 ноябрь кунидан бошлаб республиканинг олтита шаҳрида кам деганда етти нафар фаоллар қўлга олинди, уларнинг учтаси калтакландилар, биттаси касалхонага мурожаат қилишга мажбур бўлди.



Бу одамлар мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг етакчи фигуралари саналган Баҳодир Чориев ва Дилором Исҳақова билан учрашиши керак эди.



“Кўринишидан, - дейилади Хьюман Райтс Вотч хабарномасида, - расмийлар томонидан фуқаролик жамияти фаолларига қарши бошланган кампаниядан мақсад – уларнинг [фаоллар] мухолифатчилар билан алоқа ўрнатишига йўл қўймаслик бўлиб қолганга ўхшаяпти”.



Ўзбекистоннинг марказида жойлашган Жиззахда 11 декабрь куни кучишлатар тузилмалари ходимлари томонидан ҳаракатнинг фаоллари билан учрашгани вилоятга келган мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг фаоллари калтакландилар.



“Аввалига мен, менинг укам ва Ўзбекистон бўйича ҳаракат етакчиси Дилором Исҳақова Фарғона водийсига йўл олдик, - дея сўз бошлади Чориев NBCA билан телефон орқали суҳбатда. – Йўл-йўлакай Жиззахга кириб ўтмоқчи бўлдик. Жиззахнинг марказида жойлашган “Ғани” чойхонасида ҳуқуқ ҳимоячилари Маъмир Азимов ва Бахтиёр Ҳамроев билан учрашишни режалагандик”.



Бироқ ички ишлар бошқармаси ходимлари ушбу учрашув ҳақида олдинроқ хабардор бўлган эканлар.



“Чойхонада ўтирганимизда, ҳуқуқ ҳимоячи Маъмир Азимовнинг қўл телефонига терговчи телефон қилди ва кўчага чиқишини сўради, - дея давом этади Чориев. – Азимов ташқарига чиқди, уни сўроққа тута бошладилар, кейин бўлса калтаклаб ташладилар. Мен, Дилором Исҳақова ва Бахтиёр Ҳамроев кўчага югуриб чиққанимизда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ҳамроевнинг юзига ура бошладилар ҳамда мени ва Исҳақовани машинага итариб ўтқаздилар. Улар мени қўрқита бошладилар, рулда ўтирган укам Ботирнинг ҳаётига таҳдид солдилар”.



Шу ҳодисадан сўнг мухолифатчилар Самарқандга ва бошқа вилоят марказларига йўл олдилар, бироқ милиция уларга бу учрашувларни уюштиришга имконият бермади.



Баҳодир Чориев 16 октябрь куни Тошкентга АҚШдан келди. Мухолифатчи бу мамлакатда 2004 йилда сиёсий бошпана олганидан бери яшаб келаётган эди. У Ўзбекистонда ҳаракатнинг қурултойини ўтказиш, мамлакат ичида ўз фаолиятини давом этиш ҳамда Олий Мажлисга бўлажак сайловларни мониторинг қилиш ниятини билдирган эди. (Ўқинг: “Ўзбекистон: мухолифатчининг парламент сайловлари арафасида қайтиши”.)



Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчи сафдошларининг таассуф билан қайд этишича, уларнинг барча ҳаракатлари зое кетган. Чунки, расмийлар маҳаллий аҳолини мухолифатнинг ҳар қандай таъсиридан иҳота қилиш учун барча эҳтиёт чораларини кўрдилар.



“Мухолифатдаги сиёсий ташкилот етакчисининг барча ҳаракатлари махсус хизмат томонидан назорат қилинган”, - дея қайд этади Ирландияда яшаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари (ЎИҲЖ) жамиятининг президенти Абдужалил Бойматов.



“Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Дилором Исҳақова NBCA билан суҳбатда партия аъзолари “қаттиқ ҳўрландилар ва эзилдилар”, уларнинг мамлакат ичида самарали фаолият юритишга умидлари эса деярли қолмади, деб айтди.



“Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан [бизни] калтаклаш ва таҳқирлашлар расмийларнинг ўзгача фикрловчиларни сиғдирмаслигини яна бир бор тасдиқлади”, - деди у.



Айни пайтда Туркияда истиқомат қилаётган ҳамда мамлакатдан қувилган “Эрк” мухолифат демократик партиясининг етакчиси Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ҳудудида альтернатив ҳаракатлар билан чиқишга уринишларни “беақллик” деб атади.



“Мана ўн етти йил бўлибдики, мен қувғинда юрибман. Лекин шуни аниқ биламанки, мухолифат намояндаси бўлган ҳар қандай одам Ўзбекистонга қайтса, ўз ҳаётини хавф остига қўяди, - деди Солиҳ NBCA билан суҳбатда. – Бундай одамни ё қамайдилар ёки ҳаётига нуқта қўядилар. [Ислом] Каримовнинг режими ҳокимият устида экан, мухолифатчилардан ҳеч ким ўз фаолиятини мамлакат ичкарисида олиб бора олмайди”, - деб хулоса қилди Муҳаммад Солиҳ.



Ҳукмрон режимнинг мухолифат партиялари билан кураши ўтган асрнинг 90-чи йилларида бошланган эди. Ўшанда халқ орасида ижтимоий роли ва ҳурмати кучайиб кетган “Эрк” демократик партиясининг ва “Бирлик” ҳаракатининг етакчилари мамлакатдан қувилган эдилар. Айни пайтда мухолифат партиялари ва ҳаракатларидан бирортаси ҳам Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists