Ўзбекистон коррупцияга қарши курашни давом эттирмоқда

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашни давом эттирмоқда

4 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “соҳанинг айрим ходимлари хизмат ваколатларидан фойдаланган ҳолда, товламачилик ва фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш билан шуғулланган” Тошкент аэропортида коррупция фактлари аниқлангани ҳақида хабар қилди. Материалда турли пайтларда коррупцияга алоқадорлиги фош этилган ва жазоланган бир неча ходим исми зикр этилади.

Порахўрларни фош қилувчи бу каби воқеалар вақти-вақти билан маҳаллий газеталарда чоп этилади ва телевидение орқали кўрсатилади, бу президент Ислом Каримов ўтган йилнинг декабрь ойида таг-томири билан йўқ қилишга чақирган коррупцияга қарши курашни гўё очиқ намоён қилгандек. У “бунга ўхшаган ғайриқонуний кўринишларни таг-томири билан қуритиш вақти етди”, дея қайд этди.

Сўнгги бир неча ой мобайнида ўзбекистонликлар юқори лавозимли коррупционерларнинг шов-шувли истеъфога кетишига гувоҳ бўлдилар. Масалан, Андижон вилояти Булоқбоши туман Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида 2000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга тушган ҳоким Маъруфжон Раҳимов лавозимидан айрилди.

Февраль ойида пора олганлик учун Тошкент ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев ҳам ишдан олинганди (Ўзбекистон: Тошкент ҳокими истеъфодан кейин ҳибсга олинди дея номланган мақолада ўқинг.)  Тошкент мэри билан бир пайтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Қобул Нақибов ҳам истеъфога кетди. Аввалроқ, 2011 йилнинг январь ойи охирида лавозими билан боғлиқ жиноятлар учун Самарқанд вилояти ҳокими Ўктам Барноев ишдан бўшатилган ва ҳибсга олинганди. 

Ўтган баҳор коррупцияга қарши кураш доирасида расмийлар юзга яқин супермаркет ва ишлаб чиқариш корхоналарини ёпдилар.

“Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, биз коррупцияга қарши курашда илгарилашни ҳис қилмаяпмиз, - дейди бухоролик тадбиркор. – Мамлакат ва жамият ҳар томонлама коррупциялашган”.

У тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит олиш муаммосини мисол келтирди, агар банк тизимида қариндошлари ёки танишлари бўлмаса, кимга “откат” тўлаш кераклигини айтди; валютани нақд пулга айлантириш, пул алмаштиришдаги икки хил курс, асоссиз текширувлардан пул бериб қутилиб қолиш зарурати билан боғлиқ мавжуд муаммолардан баҳс этди. “Бу коррупция эмасми? Агар шу тўсиқларни бартараф этсалар эди, курашнинг самарали бўлаётгани ҳақида гапириш мумкин бўларди, ҳозирча эса ҳаммаси эскича қолаяпти”.

Мазкур мақола учун сўралган бошқа шарҳловчилар эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги мавжуд коррупция ҳақида гапирдилар.

“Бу фақат Ўзбекистон учунгина эмас, барча қўшни давлатлар учун ҳам хосдир, шунинг учун ҳам биз бундан мустасно эмасмиз”, - дейди куч ишлатар тузилмаларнинг собиқ ходими бўлган тошкентлик шахс.

Ҳа, шундай, лекин коррупцияни минимал даражага тушишига эришиш мумкин, дея суҳбатга қўшилади Тошкентдан бўлган бошқа бир суҳбатдош Абдураҳмон Ташанов. У Ўзбекистон ҳукуматига коррупцияга қарши кураш бошлашдан аввал жаҳон тажрибасини синчиклаб ўрганиш, фуқаролик жамияти қуриш, сўз эркинлигига риоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва демократияга риоя қилишни тавсия қилади. Бу унсурларни ҳисобга олган ҳолда, унинг фикрича, коррупция даражасини пасайтиришнинг имкони бор.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов уни қўллайди. У Ўзбекистондаги коррупциянинг асл сабаблари ҳукмрон режим томонидан қурилган бошқарув тизимининг ўзида, жамоатчилик назоратининг йўқлиги ва қатағонларда яширинган, деб ҳисоблайди. У расмийларнинг коррупцияни бартараф қилиш бўйича нияти самимийлигига ишонмайди ва ҳукумат шунчаки ўзини курашаётгандек қилиб кўрсатаётгани, аслида эса ўзига ёқмаган шахсларни йўқ қилаётганини айтади.

“Ҳозир коррупцияга қарши кураш айб иш қилиб қўйган мансабдорларни пора учун бошқаларга ибрат бўлсин учун жазолаш билан чекланаяпти, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Одатда бизда пора учун порахўрлиги ҳаммага ошкор бўлиб қолган ёки юқоридаги раҳбарият билан бўлишмаганларни қамаяптилар”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists