Ўзбекистон: коррупциядан ёзма равишда воз кечиш ҳозирча самарасиз бўлиб қолмоқда

Ўзбекистон: коррупциядан ёзма равишда воз кечиш ҳозирча самарасиз бўлиб қолмоқда

Thursday, 4 March, 2010
, бироқ уларнинг ўзлари бу нарса коррупцияга қарши курашда натижа бера оладиган восита бўлишига ишонмаяптилар.



Февраль ойининг бошида Тошкент вилоятининг йигирма иккита ҳокимлигида пора олмаслик тўғрисида ваъда берган ходимлардан тилхат тўплаб олдилар.



“Ҳоким шундай иш тутишга мажбур бўлди, - дейди номи ошкор қилинмаслик шарти билан вилоят ҳокимлигининг ходими. – Яқинда маъмуриятнинг икки ходими пора таъма қилгани учун ҳибсга олингани унинг сабр косасини тўлдириб юборди. Уларни қамаб қўйдилар, ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари бошланган”.



Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олишга йўналтирилган бир қатор қонунлар амал қилаётганига ҳамда кучишлатар тузилмаларида коррупциячиларга қарши кураш бўйича махсус бўлинмалар тузилганига қарамай, бу чоралар ҳеч қандай самара келтирмаяпти.



Коррупцияга қарши кураш бўйича Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг 2009 йил учун дунё бўйлаб коррупция даражаси борасидаги тадқиқот рейтингида Ўзбекистон яна сўнгги ўринлардан бирини эгаллади.



Тилхатлар йиғиш бўйича кампания ўтган йилнинг ёзида кенг қўллана бошланган. Ўшанда республика Олий ва ўрта махсус таълим вазири Азимжон Парпиев мамлакатдаги барча олий таълим муассасалари ўқитувчиларига бундан кейин улар талабалардан пора олмасликлари тўғрисида тилхатлар ёзиб бериш мажбуриятини юклаган эди.



Шундан кейин бу каби тилхатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа кучишлатар тузилмалари ходимларидан олина бошланди. Боз устига, уларни ҳар уч ойда қайта-қайта бундай ваъда беришга мажбур қила бошладилар.



Маҳаллий шарҳловчиларнинг айтишича, коррупция Ўзбекистонда одатий ҳолга айланган. Мисол учун, бирор киши бирор-бир идорадан у ёки бу маълумотномани олиш учун албатта пора бериш керак бўлади.



“Мен энергия назорати компаниясидан электрдан фойдаланганим учун қарзим йўқлиги тўғрисида маълумотнома олишим керак эди, - дея ҳикоя қилади 65 ёшга кирган тошкентлик Шуҳрат Раҳимов. – Аввалига, бу маълумотномани олиш учун мен бир неча бор бу идорага боришим, навбатларда туришим керак бўлди. Бир танишим пора бермасангиз ишингиз битмайди демагунича. Айтганидек бўлиб чиқди: пулини бердим-у, керакли қоғозни олдим”.



Бошқа суҳбатдошимизнинг айтишича, солиқ инспекция идорасида ва касалхоналарда иш битириш учун у норасмий тўловлар ёрдамидан тез-тез фойдаланиб турган.



“Мен дўстларимдан мутасаддилар билан муносабатлари ҳақида бир неча бор сўраб келганман, аммо уларнинг орасида умрида бирор-бирта ҳам пора бермаган одам топилмади, - дея давом этади суҳбатдош. – Ҳатто ногиронлар ҳам ўзларининг чиндан ҳам ногиронликларини тасдиқловчи ҳужжатлар олиш учун ижтимоий идораларга пора беришга мажбур бўлмоқдалар”.



Бироқ ҳалол бўлишга ваъда бериб тилхат ёзаётган мутасаддиларнинг ўзлари ҳам бу йўл билан коррупцияни енгиш мумкинлигига унчалик ишонмаяптилар.



Бир милиция ходимига кўра, уларни ҳар ҳафта давомида пора олгани учун қўлга тушиб қолган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳибсга олинаётгани ҳақидаги хабарлар билан таништириб туришар экан. Кўпинча йўл ҳаракати қоидаларини бузган фуқаролар жарима тўламаслик учун йўл назорати ходимларига пора берадилар, ҳибсга олинган яқинларини ва қариндошларини ички ишлар идораларидан катта пул бериб, олиб чиқадилар.



“Тилхат ёздириб олиш йўли билан коррупцияни енгиб бўлади деб ўйлашликнинг ўзи кулгили, - дея кулади ўз номини ошкор этишни истамаган Тошкент вилоят Қибрай тумани ҳокимлигининг мутасаддиси. – Аксига олиб, улар [тилхатлар] пора миқдорининг кўтарилишига олиб келди. Ахир бунинг ортидан масъулият ҳам ортиб кетади-да”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists