Ўзбекистон: қишлоқлардаги худкушлик

Ўзбекистон: қишлоқлардаги худкушлик

Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани юзасидан хавотир билдирмоқдалар, уларнинг сўзларига кўра, бунга одамларни моддий қийинчилик ва ишсизлик мажбур қилмоқда. 

Май ойи мобайнида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи вакиллари қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли ўртасидаги худкушлик ҳолатлари ҳақида маълум қила бошладилар.

Фаоллари ой сайин худкушлик ҳолатларини мониторинг қилиб борадиган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари мамлакатнинг ишсизлик даражаси юқори бўлган, ер, сув, энерготашувчилар ва озиқ-овқат етишмайдиган, аҳоли кўп яшайдиган ҳудудларида айниқса кўп кузатилаётганини айтди. Бу, ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, кўпроқ мамлакат ғарбида жойлашган Қашқадарё вилояти, жанубдаги Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийсига дохилдир.

Икромов Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида яшаган, учта вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлишига қарамай, апрель ойи охирида ўз жонига қасд қилган Баҳодир Олдинаев билан содир бўлган воқеани келтиради.

Ўзини Нурали дея таништирган нишонлик бу ерларда ўз жонига қасд қилиш жуда кенг тарқалган ҳолат эканини тасдиқлайди. “Нишон туманидаги Оқ олтин қишлоғининг жўғрофиясини ўзини осиб қўйган одамлар яшаган уйлар бўйича ўрганиш мумкин”, - деди у.

Мониторинг ўтказишда иштирок этган қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари Жўра Муродов ва Норпўлат Ражабовлар 2011 йилнинг апрель ойидан май ойига қадар Нишон туманида ўндан зиёд киши худкушлик содир этгани, улар орасида ўзини ёқиб юборган аёллар ҳам бўлганини қайд этадилар.

“Одамларнинг ейдиган ҳеч нарсаси йўқ, кўп оилаларда ҳатто энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам йўқ”, - дейди худкушликнинг эҳтимолий сабабларига изоҳ берган Ражабов.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, ишга жойлашиш имконидан маҳрум бўлган ёшлар ҳам кўпинча хатар гуруҳига кириб қоладилар. “Қишлоқ жойлардан бўлган ўсмир йигитлар иш йўқлигидан Тошкентга [Ўзбекистон пойтахтига] мардикорлик қилиш учун кетишга мажбурлар, улар у ерда оғир жисмоний меҳнатлари учун кунига икки ярим минг сўм [1 доллар атрофида] иш ҳақи оладилар”.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишсизлик тақрибан 0,2-0,3 фоизни ташкил қилади. Аммо кузатувчилар бу рақамлар анча камайтирилган, дея ҳисоблайдилар. Масалан, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 28 миллиондан зиёд аҳолисининг деярли йигирма фоизини ишсизлар ташкил қилади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари маълумотларига мувофиқ, ўзбекистонликларнинг беш миллиони тирикчилик учун хорижга чиқиб кетган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари пировардида худкушликка олиб келиши мумкин бўлган аҳоли орасидаги ижтимоий тушкунликнинг кучайишига туртки бўлган бошқа сабаблар орасида одамларнинг расмийлар босими олдидаги ҳақсизлигини кўрсатиб ўтадилар. Булар буғдой ва пахта ўстириш бўйича давлат режасини бажармаганлиги учун деҳқонлардан ижара ерларининг тортиб олиниши ва оқибатда уларнинг кун кечириш учун зарур бўлган даромаддан айрилиши кабилардир.

Ўзбекистонда худкушлик ҳолатлари бўйича расмий статистика очиқланмайди. Сўнгги бор мамлакат бундай маълумотларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботи учун 2005 йили эълон қилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон ҳар юз минг аҳолига ўндан йигирматагача ўз жонига қасд қилиш ҳолати тўғри келадиган худкушлик даражаси паст бўлган давлатлар қаторига киритилган.

Аммо, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишловчи амалдор сўзларига кўра, бундай тасниф ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди. “Бизда худкушлик энг таъқиқланган мавзулардан бири ҳисобланади, чунки бу ҳукуматни ноқулай йўсинда кўрсатади”, - деди исми ошкор қилинмаслиги сўраган, ҳуқуқ ҳимоячилари ўтказган мониторинг натижаларига ишонувчи амалдор. – Аслини олганда, мамлакатнинг қишлоқ жойларидаги очарчилик сабабли биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги умумий статистикасида худкушлик бўйича ўлим ҳолатлари тақрибан 17,4 фоизга ошганини қайд этганмиз.

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Алишер Шарофиддинов ҳуқуқ фаолларининг худкушлик ҳолатлари сони ошгани ҳақидаги маълумотларини рад қилди. У прокуратурада вояга етмаганлар ва қишлоқ аҳли орасидаги худкушлик бўйича хизмат маълумотномаси “бор”лигини, аммо у эълон қилинмаслигини айтди.

“Инсон жавобсиз муҳаббат, ички зиддиятлар туфайли бундай ишга қўл уриши бўйича алоҳида ҳолатлар бор, - дейди Шарофиддинов. – Мамлакатда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган инсонларга ёрдам кўрсатиш учун максимал қулай шароит яратилган, муҳтожларга ёрдам кўрсатилиб, психологик реабилитация ўтказиладиган консультация марказлари ишлаяпти”.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи фаоллари амалдорнинг айтганларига шубҳа билан қараяптилар ва худкушлик ҳолатларини психологик маслаҳатлар бериш орқали эмас, балки превентив чоралар кўриш, яъни одамларни худкушликка мажбур қилаётган мавжуд ижтимоий сабабларни бартараф қилиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини айтмоқдалар.

“Расмийлар мамлакатнинг қишлоқ жойларида яшовчи одамларнинг фақирона турмушига эътибор қаратмас эканлар, оммавий худкушлик ҳолатлари давом этаверади ва бу ҳудудлар катта бир қабристонга айланиб қолади”, - дея хулосалайди Суръат Икромов.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists