Ўзбекистон: Қишлоқ аҳолиси ҳаётларининг яхшиланишига умид қилмаяптилар
Ўзбекистон: Қишлоқ аҳолиси ҳаётларининг яхшиланишига умид қилмаяптилар
«ЎзА» давлат ахборот агентлиги 5 декабрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Конституциянинг 16 йиллигига бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқини чоп этди. Унда Ўзбекистон раҳбари келгуси 2009-чи йилни «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» деб эълон қилди.
Каримов қишлоқ жойларини ривожланишига ва ободонлаштиришга қаратилган давлат дастурини ишлаб чиқаришга ваъда қилди. Унда [дастурда] «қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган ислоҳотларга, фермер ҳаракатини қўллашга ва ўрта синф манфаатларини ҳимоя қилишга» алоҳида эътибор берилиши кўзда тутилмоқда.
Президентнинг ишонтиришича, бу чора-тадбирлар «турмуш фаравонлигининг ошишига ва мамлакатнинг гуллаб-яшнашига» олиб келиши керак.
Ўзбекистон расмийлари анъанавий равишда ҳар бир кириб келаётган янги йилга бағишлаб қандайдир шиор ўйлаб чиқарадилар, уларни қўллашга қаратилган турли давлат дастурларини яратадилар ҳамда ҳаётнинг у ёки бу соҳасини яхшилаш борасида ваъдаларини аямай берадилар.
Мисол учун, 2005 йил «Саломатлик йили», 2006 йил – «Ҳомийлар ва тиббий ходимлар йили», 2007 йил – «Ижтимоий ҳимоя йили», 2008 йил эса – «Ёшлар йили» деб эълон қилинган эди.
Аммо Ўзбекистондаги кузатувчиларнинг қайд этишларича, расмийларнинг бу каби баёнотлари шу чоққача декларатив характерга эга бўлган ва Ўзбекистон халқининг ҳаётига ижобий ўзгаришлар киритмаган.
Шарҳловчилар мисол тариқасида ўтаётган 2008 йилга ишора қилмоқдалар. Бу йил «Ёшлар йили» деб эълон қилиниб ёш авлодни қўллаш, уларни таълим олиши ва ишга жойлаштиришга ёрдам бериш бўйича улкан режалар эълон қилинган эди. Аммо бу ишлар амалга ошмай қоғозда қолиб кетаверди ва илгаригидек 450 минг нафар битирувчи ёшлардан фақат ўн фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кара олаяптилар, қолганларнинг аксарияти эса ўзбекистонлик ишсизлар армиясининг сафига келиб қўшилмоқда.
Ўзбекистонлик муҳожирларни Қозоғистонга олиб бориб ишга жойлайдиган тадбиркорлардан бири номини ошкор этмаслик шарти билан айтишича, Ўзбекистондаги одамларнинг кўпи «болаларини чет элга ишлагани олиб чиқиб кетишни илтимос қиладилар». Ҳолбуки, улар «у ерда жуда қийин шароитларда ишлашга тўғри келишини жуда яхши биладилар». Тадбиркорга кўра, бу ёшларнинг аҳволи ёмонлашиб бораётганига яққол далил бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ичкарисидаги шарҳловчилар Ўзбекистон расмийларининг бу сафарги шиорлари декларатив характерда қолмаслигини истар эдилар. Негаки, Ўзбекистон қишлоқлари айни пайтда давлатнинг алоҳида ғамхўрлигига муҳтож бўлиб қолмоқда. Қишлоқ туманларининг аксариятида ҳанузгача нормал ишлайдиган инфратузилмалар ва сув таъминоти тизимлари йўқ, шу сабабдан ҳам одамларнинг ариқ ёки булоқ сувини истеъмол қилишларига тўғри келмоқда.
«Ичимлик сувини уйимиздан бир километр нарида жойлашган булоқдан ташиб келтирамиз», - дейди мамлакат марказидаги Жиззах вилоятида истиқомат қиладиган аёл.
Ҳудди шундай вазиятни Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Бухоро вилоятида ҳам кузатиш мумкин. Бу вилоят қишлоқ аҳолисининг норозилиги ичимлик суви йўқлиги важидан кундан-кунга ортиб бормоқда.
«Бизда кўп йиллардан бери сувни тракторларда [цистерналарда] олиб келишади», - дейди маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири. – «Мен сифатли ичимлик суви [сув таъминоти қувурларини олиб келиб] беришларига ишонмай қўйдим».
Ўзбекистон ҳар йили 60 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқаришига қарамай, «зангори олов» таъминотидаги узилишлар Ўзбекистон аҳолисининг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда.
Бу нарса айниқса энергия воситаларининг сарфи кўтариладиган қиш мавсумида ҳис этилади.
«Газ йўқлигидан биз овқатни ўчоқда пиширамиз, қишда эса уйимизни ўтин ёқиб печка билан иситамиз», - дейди деҳқонлардан бири.
Ўзбекистон қишлоқларида электр энергияси таъминотидаги аҳвол ҳам бундан яхши эмас.
«Мана 10 йил бўлибдики қишда бизда доим электрни узиб қўядилар», - дейди мамлакат шарқида жойлашган Андижон вилоятидаги қишлоқда яшайдиган одам.
«Балки, бу йил қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йилида бирор нарса ўзгарар, аммо негадир бунга ишонгим келмаяпти», - дея қўшиб қўйди у.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).