Ўзбекистон: хорижлик сармоядорлар аввалгидек яхши ҳимоя қилинмаган

Ўзбекистон: хорижлик сармоядорлар аввалгидек яхши ҳимоя қилинмаган

Ўзбекистондаги «Вкусний хлеб» номли немис нон ёпиш корхонасининг деярли икки ой давомида тўхтаб туриши билан боғлиқ можаро Германия ташқи ишлар вазирлигининг аралашувидан сўнггина ҳал бўлди.

Июль ойи охирида корхонада Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари томонидан ноқонуний текширув ўтказилган бўлиб, новвойхона хизматчиларининг сўзларига кўра, бу “жиҳозларни вайрон қилиш, ходимларни дўппослаш ва уларнинг уяли алоқа телефонлари каби мулкини тортиб олиш” билан амалга оширилган.

Кейин корхона муҳрлаб қўйилди, нон ёпиш тўхтатилди, бу компания маҳсулотларини сотадиган Тошкентдаги дўконлар эса ёпилди.

Маълум қилинишича, қуролланган ниқобли кишилар гуруҳи бир вақтнинг ўзида компаниянинг Тошкентдаги бош офисига келиб, содир бўлаётган ҳодисага аниқлик киритиш учун воқеа жойига етиб келган Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Вольфган Нойенни куч билан ушлаб турганлар.

Ўзбек махфий хизматларининг ташкилот ҳудудига бостириб киришларининг асл сабаблари аниқ эмас, расмий органлар бу вазият юзасидан изоҳ бермаганлар.

Чет эл корхонаси ўз ишини фақат 7 сентябрь куни, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасига кўп томонлама ва икки томонлама ҳужжатлар пакетига зид бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида вербал нотани юборганидан кейингина қайта тиклади.

Steinert Industries номли немис компаниясининг 100% сармояси асосида ишлайдиган «Вкусний хлеб» корхонаси 2007 йили Тошкент вилояти Янгийўл тумани Халқобод шаҳридаги маҳаллий нон ёпиш заводи базасида ташкил қилинганди. Новвойхонадан ташқари компания Ўзбекистонда шишани қайта ишлаш ва ғишт ишлаб чиқариш заводларига ҳам эга.

Исми ошкор қилинишини истаган Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси депутати куч ишлатар тизим ходимларининг корхона ҳудудига бостириб киришларини бошбошдоқлик, дея атади ва шу орқали МХХдан бўлган “босқинчи”лар немис сармоядорларга мулк исталган пайт “монополиялаштирилиши” мумкинлигини кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилган, деган тахминни билдирди.

“Хорижий бизнесга босим ўтказишнинг валютани нақд пулга айлантиришдан тортиб солиқ тўламаганликда айблашгача ёки бошқа шу каби турли усуллари ўйлаб топилмоқда”.

Шу йил баҳорида шунга ўхшаш йўсиндаги босим турк мулкига ҳам ўтказилганди. Ўшанда ниқобли одамлар Тошкентда “Туркуаз” бренди остида фаолият юритувчи йирик дўконларда рейд ўтказгандилар. Қатор рейд ва суд жараёнларидан сўнг маҳаллий матбуотда Ўзбекистонда фаолият юритаётган баъзи турк компаниялари таъқиқланган исломий ҳаракат учун паноҳгоҳ бўлгани ҳақида таъкидлар пайдо бўлди.

Яқинда ҳукумат ва Британия-Ўзбекистон қўшма корхонаси бўлмиш Amantaytay Goldfields (AGF) нинг 50% акциясига эга бўлган бошқа бир хорижий ширкат бўлмиш Oxus Gold ўртасида бўлиб ўтган суд маҳкамалари чоғида компания адвокати айбловлар “нотўғри ва хато” эканини ҳамда бу “олтин қазиш саноатидаги сўнгги чет эл активларини ўғирлаш учун асосларни қалбакилаштириш бўйича кампания”нинг бир қисми эканини билдирганди. (Бу ҳақда “Британия ширкати активлари юзасидан баҳслар Ўзбекистон обрўсини оширмаса керак” дея номланган мақолада ўқинг).

Тошкентлик юрист чет эллик сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик билан мустаҳкамланган кафолатлар ва чораларга қарамай, Ўзбекистонда хорижий бизнесга босим ўтказиш учун турли чоралар қўлланилаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилади. Бу ҳам рейдерлик мақсадида, ҳам тадбиркорлар “ўз ўрнини билишлари” учун уларни “қўрқитиш” мақсадида амалга оширилмоқда, деб ҳисоблайди у.

Ҳуқуқбонлик фаолияти давомида сармоядорларнинг турли сабабларга кўра Ўзбекистонда ўз активларидан маҳрум бўлганига бир неча бор дуч келган тошкентлик эксперт Абдураҳмон Ташанов чет эллик тадбиркорларга ўз бизнесларини ҳимоя қилиш учун сиёсий воситалардан фойдаланишни маслаҳат беради.

“Агар сармоядорларни ўз миллий ҳукуматлари қўллаб-қувватламаса, уларда ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай реал имконият қолмайди, - дейди Ташанов. - Агар ҳукумат худди немис ҳукумати ўз тадбиркорларини дадиллик билан ҳимоя қилгани каби йўл тутса, кўпинча ўзбек расмийлари таъқибни бас қиладилар. Немислар йўл тутдилар: ҳар қандай кучга бошқа бир кучни қарши қўймоқ зарур”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
    

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists