Ўзбекистон: Каримов ноқулай мавзулардан баҳс этди

Ўзбекистон: Каримов ноқулай мавзулардан баҳс этди

Uzbek migrant workers get little support from their government if they run into trouble abroad. (Photo: Andrey Kudryashov/IWPR archive)
Uzbek migrant workers get little support from their government if they run into trouble abroad. (Photo: Andrey Kudryashov/IWPR archive)

Йил якунига бағишланган ҳукуматнинг йиллик мажлиси чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов кутилмаганда Россиядаги меҳнат муҳожирлари ва ишсизлик мавжудлигини эслаб қолди. 

Бу 18 январь куни ўтказилган Вазирлар маҳкамасининг йиллик мажлисида содир бўлди. Ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизга ўсгани ва инфляция даражасининг пастлиги борасида Каримов томонидан келтирилган статистикага қарамай, президент дафъатан меҳнат муҳожирлари ва Ўзбекистондаги ишсизлик ҳақида ёзғира бошлади.

Вазирлар маҳкамаси аъзолари олдида чиқиш қилган Каримов йиғилганлар эътиборини Россиянинг НТВ телевидениеси орқали кўрсатилган Москвада ўзбекистонлик фаррошнинг ўлдириб кетилгани тўғрисидаги лавҳага қаратди.

“Нега у у ерга борди? – овозини баландлатиб сўради Каримов. – Нима, ўша одам Москвада фаррош бўлиб ишлаб топган пулини ўз уйида тополмасмиди? Агар бизнинг одамларимиз фақат фаррошлик қилаётган бўлса, бу халқимиз учун шармандали бир ҳол”.

Президент ўлган фуқаро учун жавобгарликни Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклади.

Оммавий ахборот воситалари Россияда ўзбек гастарбайтерларининг ўлдирилиши ҳақида тез-тез хабар қилиб туради, аммо расмий Тошкент ҳеч қачон бундай хабарларга эътибор қаратмаган, чунки расмийлар меҳнат миграцияси мавжудлигини расман тан олишмайди. Меҳнат миграцияси муаммолари билан шуғулланувчи Хоразм вилоятидаги “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 28 миллион аҳолиси бор Ўзбекистоннинг уч миллиондан беш миллионгача бўлган фуқароси иш излаб, хорижга чиқиб кетган.

Аввал ҳеч қачон ошкор айтилмаган бошқа масалалар орасида ёшлар ўртасида ишсизлик кенг қулоч ёйгани масаласи ҳам бор. Августдаёқ Статистика ва аҳоли бандлиги бўйича давлат қўмитаси ишсизлик даражаси пасайгани ва иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолининг 4,8 фоизини ташкил этганини маълум қилганди. Аммо Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ишсизликнинг ҳақиқий даражаси ҳудудига қараб 20 фоиздан 30 фоизгачани ташкил қилиши мумкин.

Каримов йигит ва қизларнинг аксар қисми иш билан таъминланмаганлиги Ўзбекистон Бош прокурори зиммасида эканини таъкидлади.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг либерал-демократик блокидан бўлган депутат президентнинг танқиди адолатли ва манзилли бўлганини ҳамда, эҳтимолки, бундан буён расмийлар президент айтган фактлар учун шахсан жавобгар бўлишларини айтди.

“Афтидан, президентга кўп одамлар пул топиш учун хорижга кетаётгани, ёшлар эса ишсиз ўтиргани ҳақидаги маълумот етиб кела бошлаган, - дейди парламент аъзоси. – Ва у бу каби барча фактларга қатъий равишда барҳам беришга, одамларга ҳаммасидан хабардор экани ва халқ билан бирга эканини етказишга қарор қилган”.

Тошкентлик эксперт Баҳодир Сафоев президентнинг баёнотини мантиқсиз, дея атади.

“Аввалига у иқтисодиёт, экспорт, импортнинг мисли кўрилмаган ўсиш суръати, мамлакатдаги сармоядорлик муҳитининг яхшиланаётгани ҳақида гапиради, сўнг эса меҳнат муҳожирлари ва кенг кўламли ишсизликдан нолийди, - дея қайд этади Сафоев. – Иқтисодиёт кўрсаткичи бу қадар юқори бўлган бир пайтда қандай қилиб шунча нуқсон бўлиши мумкин?”

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Баҳром Абдуллаев ҳам уни қўллаб-қувватлади. У расмийлар айтганларини ҳеч қандай конструктив ҳаракатларга олиб келмайдиган қуруқ баёнотлар, деб ҳисоблайди.

“Меҳнат муҳожирларининг умумий пул жўнатмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 25 фоиздан 35 фоизгачасини ташкил қилади, - дейди Абдуллаев. – Расмийларга гастарбайтерларнинг бўлгани яхши, улар жонли пулларни олиб келаяптилар, ижтимоий жараёндан узилганлари, ишсизлик бўйича нафақа ва пенсияга даъво қилолмаганлари учун ҳам улар ижтимоий тангликни камайтираяптилар”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

 

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists