Ўзбекистон: Ипотеканинг ривож топишига аҳолининг кам даромад олаётгани тўсқинлик қилмоқда

Ўзбекистон: Ипотеканинг ривож топишига аҳолининг кам даромад олаётгани тўсқинлик қилмоқда

Wednesday, 3 September, 2008
NBCA экспертларининг қайд этишларича, банклар капиталлашуви даражасининг пастлиги, кредит тизимининг такомиллашмагани ва аҳоли тўлов қобилиятининг заифлиги Ўзбекистонда ипотека тизимининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллардан саналади.



Ўзбекистонда жорий йил июль ойининг охирига келиб Марказий банкнинг ипотека кредитларини бериш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирди. Бу низом турар-жой сотиб олиш учун кредит олиш жараёнини тартибга солиши керак эди.



Низомга кўра, ипотека кредитининг миқдори турар-жой нархининг етмиш беш фоизидан ошмаслиги лозим. Кредитлар 3 йилдан 10 йилгача муддатга йиллик устама 12 фоиздан 17 фоизгача берилади.



Ўзбекистонда 2006 йилда ипотека тўғрисида қонунчилик қабул қилинганидан кейин ўша йилнинг ўзида тузилган Ипотека-банки мамлакатда ипотека кредитлари хизматини кўрсатиш бўйича етакчи банк бўлиб қолди. Бу банк олдин ҳам турар-жой қурилиши ва квартиралар сотиб олиш учун қарз бериш тажрибасига эга бўлган эди.



Ўзбекистонда 1996 йилдан бери мавжуд бўлган турар-жой кредитлаш амалиёти мамлакатда ипотеканинг ривожланишига туртки бўлиб қолди.



Расмийлар 2006 йилда классик ипотекани йўлга қўйиш мақсадида турар-жой қурилиши ва турар-жой бозорини ривожлантиришга қаратилган қарор қабул қилдилар. Бу қарорни қабул қабул қилишдан мақсад – тижорат банкларининг ипотекани ривожлантириш учун капиталлашув жараёнини рағбатлантириш бўлган.



Кредит муассасаларига бир қатор муваққат солиқ имтиёзлари берилди, инвестиция ва грантларни жалб этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди, гаровга қўйиш тартиби белгиланди ва кредит бўйича беш процентлик қуйи даражадаги ставкалар жорий этилди.



Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, муваққат префиренциялар банк соҳасидаги активлар капиталлашувининг ўсишига олиб келмади. Кредитлар учун паст даражадаги фоизларнинг белгиланиши банклар учун оз даромад келтиргани важидан улар бу ишга ортиқча рағбат қилмадилар. Шунинг учун ҳам кредитлаш фақат бюджет томонидан молиялаштириш эвазига амалга оширилди, холос. Қиммат баҳо қоғозлар бозори эса ривожланмай қолди.



“Ҳозирги кунларда ихтисослашган Ипотека-банкдан ташқари банк муассасаларидан бирортаси ҳам ипотека кредитлари учун активлар ушлаб турмаяпти. Негаки, бизнинг барқарор бўлмаган иқтисод ва юқори даражадаги инфляция шароитида қиммат баҳо қоғозлар ва гаров ҳужжатларини чиқариш самарасиз бўлиб қолмоқда”, - дейди кузатувчилардан бири.



Экспертлар мамлакатда кўчмас мулк бозорининг ривожланмай қолаётганини қайд этмоқдалар. Кредитлар турар-жой бинолари қурилишига ётқизилувчи классик ипотека схемаси амалда қўлланмаяпти, шунинг учун ҳам мамлакат аҳолиси кўпроқ иккилламчи бозорда уй ва квартиралар сотиб олмоқда.



Ҳукумат кредитлашнинг ипотека тамойилларини жорий қилиш бўйича навбатдаги чораларини NBCA шарҳловчилари ишончсизлик билан баҳоламоқдалар.



Улар тўлақонли ипотека учун зарур бўлган базанинг йўқлиги важидан бу услубнинг жорий қилиниши яна амалга ошмай қолишга маҳкумлигини кўрсатмоқдалар



Марказий Осиё бўйича мустақил шарҳловчи Олег Борисов маҳаллий фуқароларнинг аксарияти учун айни пайтда ипотека кредитидан фойдаланиш зиммасига оғир келувчи юк дея ҳисобламоқда.



Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 10 йил муддатга бериладиган йиллик устама фоизи ўн бешга тенг бўлган 20 минг АҚШ доллар миқдоридаги кредит олинадиган бўлса (бу пулга Тошкент четидан бир хонали квартира сотиб олса бўлади, холос), қарздор ҳар ойда 322 доллардан тўлаши лозим бўлади. Шу сабабдан ҳам бундай кредитни расмийлаштириш аҳолининг бугунги кундаги даромадлари учун амалга ошириб бўлмайдиган орзулигича қолмоқда.



“Ҳатто минимал ва жуда ҳам оптимистик молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириладиган бўлса ҳам, сўз уч кишидан иборат бўлган оила учун ҳар ойда 900-1000 доллар бўлган реал даромад ҳақида кетмоқда. Боз устига, бу даромад ой сайин кўпайиб бориши лозим”, - дейди Борисов. – “Фақат шундагина квартира сотиб олиш имкониятини амалга ошириш мумкин дея ҳисобласа бўлади”.



Айни пайтда Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 16 АҚШ долларини, ўртача иш ҳақи эса маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ойига 120-250 долларни ташкил этади.



Иқтисод соҳаси бўйича бошқа таҳлилчи ҳам ҳозирча кредитга турар-жой сотиб олишни истовчилар жуда ҳам оз, демоқда ва унинг фикрига қўшилмоқда.



У яқин орада ипотеканинг аҳоли орасида оммавий равишда кенг тус олишига ишонмайди. Бунга далил сифатида таҳлилчи қуйидаги маълумотларни келтирмоқда: Ипотека-банк тузилганидан бери бор йўғи икки минг тўрт юз нафар займ олувчини молиялаштирди, холос. Бу эса йигирма етти миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон учун арзимаган рақам.



“Кредитлар учун ҳақ тўлаш лозим, халқни эса тўлагани ҳеч вақоси йўқ”, - дейди у.



Экспертларнинг айтишича, ипотеканинг бир маромда фаолият юритиши учун расмийлар ипотекани суғурталаш тизимини яратишдан тортиб то банклардаги узоқ муддатли ресурсларни кўпайтиришгача бўлган бир қатор чораларни кўриши лозим. Солиқ ва банк тизимининг ҳозирги аҳволида эса бу нарсани амалга ошириш жуда қийин.



“Кредит тизимини таъминлаш учун фуқаролар ва фирмалардан депозитларни жалб қилиш учун банкларни кўмак беришга мажбур қилувчи президентнинг [2007 йилда қабул қилинган] фармони амал қилаётганига қарамай, ҳеч нарса қилиб бўлмаяпти”, - дейди Ўзбекистондани банк ходимларидан бири.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists