Ўзбекистон: инсулин етишмаслиги
Ўзбекистон: инсулин етишмаслиги
Тошкентлик 17 ёшли Денис интиқ бўлиб кутган дори-дармонни сотиб олиш учун рецепт бўйича инсулин олишга навбати етмаётганидан ҳалак. Бу йигит қандли диабет дардига чалинган бўлиб, ҳаётда қолиши учун унга ҳафтасига бир неча марта инсулин эмланиши керак. Унинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бормоқда.
«Ҳар ой инсулинли препарат сотиб олиш учун оилам $ 250 сарфлашига тўғри келади, - дейди Денис. - Ота-онам бу пулни базўр топаяпти».
Денис яқинда ўзи даволанган эндикринологик марказдаги хаста билан содир бўлган воқеа ўз бошига тушишидан қўрқмоқда. «Танишим инсулин етишмаслигидан жон таслим қилди», - дейди йигит хомушлик билан.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, диспансер рўйхатида қандли диабет дардига чалинган 125 минг киши, шу жумладан, 1000 дан зиёд бола ва ўсмир туради. Амалдаги меъёрларга мувофиқ, улар бепул даволанишлари керак, ҳар йили давлат бу каби хасталарга бериш учун бир неча минг қадоқ инсулин сотиб олади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бу борада аниқ рақам келтирмадилар.
Бироқ Эндокринология институтида ишловчи шифокор инсулинли препаратларни сотиб олиш учун давлат томонидан ажратилаётган маблағ етарли эмас, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда бепул инсулинни фақат хасталарнинг учдан биригина олаяпти, қолганлар эса бир неча ҳафталаб дори учун навбат кутишга ёки препаратни бозор нархида сотиб олишга мажбур.
Ўзбекистон Эндокринологлар ассоциациясининг исми ошкор қилинишини истамаган вакили сўзларига кўра, дори-дармон етишмаётгани туфайли даволаш схемаси бузилаяпти ва хасталар тез-тез комадан олдинги ҳолатга тушиб қолаяпти.
Инсулинли препарат етишмаслиги билан боғлиқ муаммо расмийлар бир неча йил аввал Автралиянинг «Ҳаёт учун инсулин» ташкилотига бепул дори-дармон етказиб беришни таъқиқлаб қўйганидан кейин кучайди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари инсулин етказиб беришга оид ҳозирги схема ва мамлакатга олиб кирилаётган инсулинли препаратлар миқдори ҳақида маълумот беришдан бош тортишди, шунингдек, вазирликдагилар дори-дармон етишмаётгани тўғрисидаги маълумотни ҳам рад этишди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров диабетга қарши кураш бўйича «комплекс чора-тадбирлар» ишлаб чиқилгани, хасталик сифатли диагностикадан ўтказилаётгани ва хасталарнинг барчаси рецептларда кўрсатилган муддатда препаратлар билан таъминланаётганини қайд этди.
Аммо шифокорлар ва хасталар бозорда инсулинли препаратлар танқис экани, уларни мамлакатга олиб кириш эса чекланганини билдирмоқдалар.
Ўзбекистонда диабет дардига чалинганларга асосан «Тиогамма» ва «Метфогамма» каби препаратлар берилади, чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги айнан шу дориларни етказиб бериш бўйича шартнома тузган. Айни пайтда айрим тоифадаги хасталар учун зарур бўлган «Габагамма» ёки «Цинкит» дорини топиш маҳол, бу дориларни буюртма билан Қозоғистондан олиб келишга тўғри келаяпти, масалан, жуда самарали бўлган «Магнерот» препаратини эса кўпчилик Қирғизистондан олиб келмоқда.
47 ёшли тошкентлик ўқитувчи Ғамзат олти йилдан буён диабет дардини тортади ва инсулин етишмаслиги туфайли бир неча бор ўлим билан рўбарў келган.
«Дорини рецепт билан олиш ўта мушкул, навбатга туриш керак, препаратлар ҳаммага ҳам етмайди, кўп хасталар навбат кутганча ўлиб кетаяпти», - дейди ўқитувчи.
Айрим хасталар инсулинни қўшни мамлакатлардан, кўпинча Қирғизистондан буюртма билан олдириб келадилар, уни етказиб бериш учун ҳам пул тўлайдилар, бу эса дори қийматининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлмоқда.
«Лантус СолоСтар» деб номланган инсулиннинг бир қутиси 60 доллар туради, аммо йўл харажати билан дори нархи 90 долларга чиқиб кетаяпти. «Диабетга чалинган хасталарда дорини ўз ёнидан олиш учун бунақа пул йўқ, аммо амалдорлар ҳаммасига пул ажратилаяпти, дейиш билан қутилишаяпти», - дейди Ғамзат.
Хасталар давлатнинг қондаги шакар миқдорини аниқлайдиган махсус тест-тасмалар беришни ҳам қисқартирганидан нолимоқдалар. Маҳаллий ўлчовларга кўра тест-тасманинг нархи қиммат бўлгани сабабли эса уни кўпчилик харид қилолмайди. Унинг 10 кунга етадиган бир қутиси 15 доллар туради.
«Менинг нафақам 180 минг сўмни [тақрибан 70 доллар] ташкил қилади, тасмага эса ойига 120 мингдан кўп кетар экан, - дейди диабетга чалинган 63 ёшли пенсионер Малоҳат опа. – Хўш, мен энди нима қилишим керак?»
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.