Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари соҳасида илгари силжишлар кам сезилаяпти

Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари соҳасида илгари силжишлар кам сезилаяпти

Monday, 12 October, 2009
.



Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) директори Янез Линарчич ўзининг 8 сентябрь куни Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя соҳасида юзага келган вазиятни ижобий баҳолаган эди.



“Биз Ўзбекистон сўнгги пайтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат сифатида бир қатор мажбуриятларни, шу жумладан, қамоқда сақлаш шарт-шароитларини яхшилаш, баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларини озодликка чиқариш, шунингдек, ўлим жазосини бекор қилиш каби ҳаракатларни амалга оширишда эришган ютуқларини қониқиш ҳисси ила қайд этмоқдамиз”, - дейилади Ленарчичдан иқтибос келтирилган ЕХҲТ ёйинлаган матбуот варақчасида.



Ленарчичга кўра, музокаралар давомида ЕХҲТ ва Ўзбекистон “ҳуқуқ ҳимоя соҳасида ҳамкорликни кучайтириш” истагини намойиш этдилар.



2008 йил бошида, амалдаги президент Ислом Каримовни учинчи муддатга сайланганидан сўнг Ўзбекистон расмийлари инсон ҳуқуқлари соҳасида сезилар-сезилмас ижобий қадамларни қўя бошладилар.



2008 йил январь ойида мамлакатда ўлим жазосини бекор қилдилар, бир оз вақт ўтиб ҳибсга олиш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиб беришни кўзда тутувчи “хабеас корпус” институти процедураси қонун билан мастаҳкамлаб қўйилди.



Европа Иттифоқи 2008 йил октябрь ойида Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни юмшатди. Ушбу санкциялар 2005 йил 13 май қонли фожеаси - мамлакат жануби-шарқида жойлашган Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари тинч намойишни ўққа тутганлари ва оқибатда юзлаб одамлар ўлдирилганидан сўнг жорий этилган эди.



Бироқ, кўзга ташланадиган либерализация қабатида Ўзбекистон расмийлари ўзгача фикрловчиларни таъқиб этишда, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни турмаларга қамашда, мустақил оммавий ахборот воситаларига ва нодавлат ташкилотларнинг ишлашига рухсат бермасликда давом этмоқдалар, дея қайд этмоқдалар шарҳловчилар.



Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, айни пайтда Ўзбекистон турмаларида турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган ўттизга яқин сиёсий маҳбуслар қамоқ жазосини ўтамоқдалар.



Бундан ташқари, Ўзбекистон пенитенциар тизимидаги мавжуд муаммолар сақланиб қолмоқда, мамлакат турмаларида қийноқлар қўллаш амалиёти кенг тарқалган.



Мамлакат ичкарисида қолаётган ва чет элдаги ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишига қараганда, улар Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя соҳасида ҳеч қандай прогрессни ҳис этаётганлари йўқ.



Францияда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассациациясининг раиси Надежда Атаева Ўзбекистонда жазони ўташ муассасаларида инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати йўқлигига ишора қилмоқда. Шунинг учун ҳам турмаларда содир бўлаётган аҳволнинг ҳақиқий манзарасини тасаввур қилиб бўлмайди.



“Фуқаролик жамиятининг фаоллари Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида Ғарбдаги ҳамкасбларини хабардор қилиш имкониятидан маҳрумлар, - дейди у. – Биз учун бу каби авторитар давлатлар позициясининг тафсилотларини эшитиб туриш ва муҳокама қилиш муҳим, аммо афсуски, бундай бўлмаяпти.”



Тошкентдаги Виждон тутқунларини озод этиш қўмитасининг раҳбари Баҳодир Номозов мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоя соҳасидаги аҳволни яхши бўлиб қолди дейишга ҳали анча борлигига ўзининг далилларини келтирмоқда.



Унга кўра, расмийларнинг ҳуқуқ ҳимоячиларига муносабати ўзгаргани йўқ. Ҳукумат илгаригидек “уларни тан олмай келмоқда”. Шунингдек, уларга қарши сиёсий сабабдан сохталаштирилган айбловлар қўйилмоқда, ҳуқуқ-тартибот идоралари инсон ҳуқуқларини поймол этмоқдалар ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан қонунга хилоф тарзда қўлга олиш амалиётини қўлламоқдалар.



“Эски ҳаммом – эски тос, деган гап борку, бизда ўшанақа”, -дея қайд этади Номозов.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists