Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича дастурни қабул қилмоқда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича дастурни қабул қилмоқда
Ўзбекистон расмийлари қатор концептуал моддаларни қамраб олган инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича миллий дастур лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар, аммо инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилаётганини қайд этаётган ҳуқуқ фаоллари улар ниятининг самимийлигига ишонишмаяпти.
Август ойи охирида ишлаб чиқилган дастур Ўзбекистон 2012 йил баҳорида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг навбатдаги мажлисида тақдим этадиган асосий ҳужжат бўлади.
48 варақдан иборат бўлган миллий дастур лойиҳасида мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари баён этилади, “Митинглар, йиғилишлар, намойишлар ва пикетлар ўтказиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон республикасидаги жамоат назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар каби ўн бешга яқин янги қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниш зарурияти талқин қилинади.
Олий Мажлис Сенати қонунчилик ва суд-ҳуқуқий масалалари бўйича қўмитасининг раисаси Светлана Ортиқова тақдим этилаётган дастурни Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “энг инқилобий лойиҳаси”, дея атади.
“Ўзбекистон ўзи учун суд-ҳуқуқий тизимини ҳам, турмушнинг барча жабҳаларини ҳам янада либераллаштириш йўлини танлади, бу эса кейинги, янада теранроқ демократик ўзгаришлар учун тамалга айланади”, - дея қайд этди сенатор.
Бир қарашда маҳаллий қонунчилик базаси такомиллашмоқда, Конституция ва қонунларда демократик меъёр ва моддалар бор. Сўнгги йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 га яқин халқаро шартномани ратификация қилди, жиноий қонунчилик гуманизацияси ва суд тизими ислоҳ қилиш бўйича меъёрларни жорий қилди, фуқаролик жамиятининг фаолият юритиши учун ҳуқуқий замин яратди.
Бироқ инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро рейтингларда мамлакат аввалгидек энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда. 2011 йилнинг июнь ойида Freedom House каби нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти яна Ўзбекистонни одамлар фуқаролик ҳуқуқларининг жиддий ва мунтазам равишда бузилишидан “энг кўп азият чекадиган репрессив жамиятлар” рўйхатига киритди. Мамлакатда қийноқлар кенг қўлланилади, сиёсий маҳбуслар бор, ўзгача фикрлилик бостирилади, сўз эркинлиги йўқ.
Бир неча йилдан буён судланган диндорларга нисбатан қийноқ қўллаш, уларни асоссиз қўлга олиш бўйича ҳолатларни мониторинг қилиш билан шуғулланиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов миллий дастур лойиҳасининг жиноий ишларни қалбакилаштириш давом этиши қабатида муҳокама қилинаётганидан норози.
Ўтган ой, муборак Рамазон кунлари у раҳбар бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи диндорларни оммавий равишда қўлга олиш ва тергов органларининг гувоҳлик кўрсатмаларини олиш мақсадида уларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатлари кўпайгани ҳақида маълум қилганди.
“Милиция ўзбошимчалик қилаётган, унга инсон ҳуқуқларини ҳеч бир тўсиқсиз бузиш учун йўл очиб берилган бир пайтда инсон ҳуқуқлари ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?” - дея урғулайди Икромов.
Рўйхатга олинмаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоллари ҳам миллий дастур қабул қилингач, вазият яхшиланишига унча ишонишмайди.
“Ўнлаб чиройли қонунларни ёзиб ташлаш мумкин, аммо расмийлар муаммоларни муҳокама қилишга нисбатан қизиқиш билдирмасалар, бунинг самараси жуда оз бўлади”, - дейди альянс раҳбари Елена Урлаева. – Ҳозирча Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича реал механизм фақат кам сонли мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳлари бўлиб қолмоқда”.
Ўзбекистон ҳудудида расман фақат биттагина “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти рўйхатдан ўтган, қолганлар эса ноқонуний равишда ишлаб, ўз фаолиятлари учун расмийлар томонидан таъқиб қилиб келинадилар.
Ҳуқуқ ва жамоатчилик манфаатларнинг ўзаро таъсири масалаларини таҳлил қилиб борувчи Тошкентдаги Экспертлик ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов миллий дастур расмийлар унинг амалга оширилишига фуқаролик жамияти мустақил институтларини жалб қилган тақдирдагина самара бериши мумкин, дея ҳисоблайди.
“Ҳозирча бу давлат органлари, улар томонидан яратилган ва назорат қилинадиган институтларнинг имтиёзи бўлиб қолмоқда, бу институтлар эса қўрқуви ва қарамлиги туфайли эркин, демакки, самарали фаолият юрита олмайди”, - деб ҳисоблайди эксперт.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.