Ўзбекистон: Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар объективми?

Ўзбекистон: Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар объективми?

Tuesday, 8 September, 2009
NBCA шарҳловчилари ўртасида мунозаораларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Уларнинг баъзиларига кўра, эълон қилинган муваффақиятлар сезиларли эмас, бошқалари эса очиқ-ойдин прогресс намоён бўлмоқда, дея ҳисобламоқдалар.



Ўзбекистоннинг ЎзА Миллий ахборот агентлиги 3 август куни “Ўзбeкистон Рeспубликасини 2009 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари” ҳисоботини чоп этди. Ҳужжатга кўра, иқтисодий ўсишнинг “жадал суратлари”га эришилган, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 8,2 фоизни ташкил этган, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ўсган.



2008 йилда расмийлар ҳудди шу давр якунлари натижасига кўра, 9,3 фоиз ўсиш ҳақида маълум қилган эдилар.



Ўзбекистоннинг ёпиқ иқтисодиёти асосан табиий газ қазиб чиқариш ва жаҳон бозорига сотиш ҳамда пахта толасининг экспорти эвазига жонлантириб турилади. Аммо ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий кризисидан ташвишланиб қолган расмийлар энергия воситалари ва пахта толасига нарх-навонинг тушиб кетиши ортидан иқтисодиёт стагнацияга тушиб қолмаслиги учун бир қатор чораларни кўришга мажбур бўлдилар.



Мисол учун, саноат корхоналарининг бир қисми ташқи бозорларда маҳсулот сотиш кўламини сақлаб қолган ҳолда, ўз фаолиятини ички бозор талабларини ҳам қондиришга қарата бошладилар. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи-экспортчилар кредит кўринишида молиявий кўмак олдилар. Уларга шунингдек, маҳсулотнинг бир қисмини ўзининг таннархи бўйича ёки ундан ҳам паст нархда сотишга рухсат берилди.



Мамлакат ичидаги NBCA экспертлари ўртасида сўров ўтказилганида, уларнинг баъзилари иқтисодий ўсишнинг рекорд кўрсаткичларида ҳайрон қоладиган ҳеч нарса йўқлигини ва ҳудди шунга ўхшаш ютуқлар кутилганини айтдилар.



“Ўзбекистон ўз вақтида мамлакатдаги корхоналарни қайта мослашга, хом ашё ҳамда дастлабки қайта ишлаш маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш билан бирга товар импортини чеклашга эришди”, - дея қайд этади тошкентлик иқтисодчи Дилмурод Холматов.



Тошкентдаги Avesta Investment Group LLC таҳлилий компаниясининг таҳлилчиси Карен Срапионовга кўра, мамлакат кимё саноати маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиргани ҳамда мамлакат жанубидаги Шўртан газ-кимё мажмуаси ишлаб чиқараётган маҳсулотга жаҳон бозорида қулай конъюктура юзага келиб сотиш ҳажми кўпайгани важидан иқтисодий ўсиш амалга ошган.



Таҳлилчига кўра, Россия, Қозоғистон ва Афғонистонга энергия воситаларини етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномаларнинг тузилиши ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишиги таъсир этган.



Тошкентлик мустақил иқтисодчи Виктор Ивонин қўшни Қозоғистон ва Россиядан фарқли ўлароқ Ўзбекистон қўллаган экспортни рағбатлантириш бўйича дотация схемасини тўғри қўйилган қадам дея баҳолаган. Россия ва Қозоғистон эса молиявий кризис даврида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курсини сунъий тарзда пасайтириш йўлидан борганлар.



“[Биз] валюта курсини [ўзбек сўмини АҚШ долларига нисбатан] маҳкамлаб қўйдик ва нарх-наво важидан экспортдаги йўқотишларимизни бюджет ҳисобига қоплаяпмиз”, - дея қайд этади Ивонин.



Аммо иқтисодиётдаги катта ўсиши бўйича оптимистик кайфиятлар бошқа NBCA шарҳловчиларини қониқтирмаяпти. Улар Ўзбекистонда бундай бўлиши мумкинлиги борасида шубҳа билдиряптилар.



Кузатувчилардан бири “кўп ҳолларда киши ейишга бир парча нон топа олмайдиган” қишлоқ жойларидаги одамларнинг “қашшоқона кўриниши” уни ташвишга солаётганини айтмоқда. Шунинг учун ҳам унга кўра, иқтисодий ўсишнинг “бу каби юқори” кўрсаткичлари ҳақида эшитиш кулгили.



Муҳожирликга юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам унинг фикрига қўшилмоқда.



“Ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳатто 2-3 фоизга ўсган тақдирда ҳам, мамлакат аҳолисининг ҳар бири албатта ҳаёт даражаси яхши бўлаётганини сезган бўлар эди, аммо одамлар кундан-кунга ёмон яшаяптилар”, - дея суҳбатга қўшилади сиёсатшунос.



У ишсизлар сони кўпайиши, валютани эркин конвертация қилиб бўлмаслик, нақд пулни сунъий равишда чеклаш, барча тўловларни мажбурий равишда пластик карточкаларга ўтказиш, мамлакат иқтисодиёти рақобатга бардош бера олмаслиги важидан республика ҳукуматининг интеграциявий жараёнларда иштирок этишдан бош тортиши каби негатив омилларга ишора қилмоқда.



Аҳоли даромадларининг камлиги кишини ташвишга солмоқда. Негадир иқтисодий ўсиш ҳозирча унинг фаравонлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатгани йўқ.



Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда минимал иш ҳақи $22, пенсия эса 44 АҚШ долларни ташкил этади.



“Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариши аслида керагидан камроқ, - дея ишонтиради Йўлдошев. – Ўзбекистон очиқ-ойдин рецессия ҳолатида бўлиб, ҳеч қандай [иқтисодий] ўсиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists