Ўзбекистон: газ тақчиллиги ижтимоий портлаш хавфини туғдирмоқда

Ўзбекистон: газ тақчиллиги ижтимоий портлаш хавфини туғдирмоқда

Ноябрь ойининг дастлабки кунларидан бошлаб Ўзбекистондаги кўплаб шаҳар ва қишлоқлари аҳоли газ танқислиги ҳис қила бошлади. Уйларга табиий газ беришнинг чекланиши ва қаттиқ ёғилғи нархининг ошиб кетиши ижтимоий таранглик кучайишига олиб келади.

“Ёқилғи ҳатто мактаб ва болалар уйларига ҳам берилаётгани йўқ, - дея ҳикоя қилади одамлардан ҳар куни юзлаб шикоятлар олаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи раҳбари Суръат Икромов. – Фаолларимиз аҳоли тиғиз яшайдиган Фарғона водийси тўлалигича газ таъминотидан узиб қўйилгани ҳақида хабар қилмоқдалар. Олтиариқ, Риштон, Бувайда, Бағдод туманларида мактаблар ўтин ёрдамида иситилаяпти, касалхоналар тумовга чалинган болаларга тўлиб кетган”.

Мониторинг ҳамма жойда газ ва электр энергиясининг ўчирилаётгани оқибатида ижтимоий таранглик кучаяётганини кўрсатаяпти, дея қўшимча қилади Икромов.

Ўзбекистон жанубидаги Қашқадарё вилоятидан бўлган фаол Жўра Муродов Қарши шаҳрида ҳам оралиқ ўчиришлар кузатилаётганини айтади. “Маҳаллий телевидениеда ҳокимият вакиллари чиқиб, худди фуқаролар устидан кулгандай, қишда совуқ бўлади, сабр ва ўтин ғамланглар, демоқдалар”, - дейди Муродов.

Сирдарё вилоятида яшовчи ўнлаб киши вилоят ҳокимидан газ беришни талаб қилиб, маҳаллий ҳокимият биносини ишғол қилишга уринди, бироқ уларни милиция тарқатиб юборди.

“Уйимизда ҳарорат минусга тушиб кетди, аммо ҳалигача иссиқлик беришмаяпти, электрни эса кунига тўрт соатгина беришаяпти, - дея шикоят қилади амалга ошмай қолган акция иштирокчиси, 36 ёшли Хосият Қурбонова. – Биз ҳеч бўлмаса озгина исиниб олиш учун дарҳол электр печкаларни ёқаяпмиз”.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида арзон нон ёпадиган чоғроқ нонвойхона эгаси Дилшод Ҳамроев Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қандайдир “яширин буйруғи”га ишора қилган ҳолда унинг ишхонасида газни ўчириб кетишганини айтади. Дилшодга кўра, мазкур буйруққа мувофиқ газ танқислиги боис хусусий тадбиркорларнинг ҳаммасини кўмир ва ўтинга ўтказишга мажбурламоқдалар.

Қувурларда газ бор, дейди Ҳамроев, аммо ўзбошимчалик билан уланиб олмоқчи бўлганларни 7,5 миллиондан 25 миллион сўмгача (3 минг доллардан 10 минг долларгача) катта миқдорда жарима солиш билан огоҳлантирганлар.

Газ таъминоти учун масъул бўлган Ўзтрансгаз ширкати матбуот хизмати вакили Эркин Ҳайдоров жойларда газ ўчирилаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

“Газ режаланган ҳажмда белгиланган тартибда берилаяпти, - деди у. - Газ ва иситиш тизимларидаги носозликларни тузатиш бўйича иш олиб борилаяпти, шунақа пайтларда ёғилғи қисқа муддатга ўчирилиши мумкин”.

Бошқа бир маҳаллий амалдор ўзаро суҳбатда мамлакатда газ етишмаётгани учун “юқори” идоралар тавсияси бажарилаётганини, шунинг учун ҳам одамлар “иссиқликсиз қоладиган қаҳратон қишга” тайёр бўлиб туришлари лозимлигини айтди.

Айни пайтда қаттиқ ёғилғи нархи осмонга ўрлай бошлади. Уйни тақрибан 20-25 кун иситиш учун етадиган бир тонна кўмирни бугунги кунда 400 минг сўмга ($150) олиш мумкин, бу эса мамлакатнинг кўплаб ҳудудларидаги ўртача ойлик миқдорига тенгдир.

Тошкентдан ўттиз километр нарида жойлашган Чирчиқ шаҳридан бўлган Мансур Ибрагимов газ ўчирилиши ҳар қиш содир бўладиган ҳолат эканини, бироқ бу йил бу ҳолат жуда эрта содир бўлганини қайд этди.

“Авваллари газни январь ойининг дастлабки кунларида ўчиришарди ва у март ойигача бўлмасди, бу йил эса октябрданоқ ўчириб қўйишди, - дейди Мансур. – Афтидан, ишлар жуда чатоқ бўлса керак”.

Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 60 миллиард куб метр газ ва 7 миллион тонна суюқ углеводородлар қазиб олинади. Мутахассислар фикрича, бу заҳиралар мамлакатнинг 28 миллионли аҳолисини таъминлаш учун бемалол етиши керак.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Economy
Frontline Updates
Support local journalists