Ўзбекистон: ЕвроОсИҲ ташкилотидан чиқиш мантиққа мос келмоқда

Ўзбекистон: ЕвроОсИҲ ташкилотидан чиқиш мантиққа мос келмоқда

Tuesday, 18 November, 2008
-Осиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕвроОсИҲ) ташкилотини тарк этар экан Тошкент ўзини ўзига тўқ давлат сифатида кўрсатиб минтақавий интеграция жараёнларида иштирок этишни хоҳламаслигини намойиш этмоқда, дея ҳисоблайдилар NBCA шарҳловчилари.



12 ноябрь куни оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонни ЕвроОсИҲ халқаро ташкилотидан чиқиб кетаётгани хақида хабар бердилар. Россиянинг REGNUM ахборот агентлиги ишончга лойиқ манбаларга таянган ҳолда «Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тахминан 16-17 октябрь кунлари ЕвроОсИҲ ташкилотининг Котибиятига расмий нота юборганини ҳамда 25 ноябргача Тошкентдагилар ташкилотнинг аъзоликни тўхтатиш жараёни борасидаги жавобини кутмоқда», деб ёзган эди.



ЕвроОсИҲ ташкилоти 1995 йилда углеводород қазилмаларига бой бўлган Қозоғистоннинг ташаббуси билан ташкил этилган эди. Шунинг учун минтақада етакчилик ролига яширин тарзда даъвогарлик қилаётгани Ўзбекистон раҳбарияти бу мамлакатга нисбатан ғаразли муносабатда бўлиб келган.



Иштирокчи мамлакатлар ҳудудида эркин савдо тартибини таъминлаш, Божхона иттифоқини шакллантириш ва Ягона иқтисодий ҳудудни барпо этиш ЕвроОсИҲ ташкилотининг асосий мақсади саналади.



Айни пайтда бу минтақавий тузилмага Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва 2006 йилдан бери Ўзбекистон аъзо бўлиб келмоқда. Арманистон, Украина ва Молдова бу ташкилотда кузатувчи мақомига эга.



NBCA экспертларининг кўрсатишича, ЕвроОсИҲ доирасидаги мавжуд келишувларга қарамай Ўзбекистон бошқа аъзо давлатларга нисбатан доим қатъий чегара тартибини қўллаб келган, эркин савдо учун божхона тўсиқларини бартараф этмаган, пул маблағлари, одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминламаган, иштирокчи давлатлар ўртасида тузилган кўплаб битим ва келишувларни ратификация қилишидан бош тортиб келган.



Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ЕвроОсИҲ ташкилотининг «ҳаётга мослашмагани» ҳақида кўп маротаба уқтириб келган ва бу ташкилотнинг саммитларига бормай, ўзининг эътиборидан ташқарида қолдирган.



Мисол учун, шу йилнинг сентябрь ойи ўртасида Ўзбекистондан ташқари ЕвроОсИҲ ташкилотига аъзо бўлган бирча мамлакатлар сув-энергетика ресурсларидан ўзаро манфаатли тарзда фойдаланиш ҳамда харажатларни тақсимлаш зарурати ҳақида оғзаки равишда келишиб олган эдилар. Аммо кўп йиллардан бери сув ресурсларининг транс­чегаравий характерга эга эканлиги ҳақида уқтириб кўп томонлама ҳужжатга имзо чекишдан бош тортиб келаётган расмий Тошкентнинг позицияси туфайли сўнгги битим қабул қилинмай қолди.



Бир ой ўтиб, 10 октябрь куни ташкилотнинг Бишкекда ўтган саммитида Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари бу масалани яна бир бор муҳокама қилдилар, аммо Ўзбекистон тайм-аутга чиқиб кетди ва ЕвроОсИҲ доирасидаги ушбу ҳужжат имзоланмай қолди.



Шарҳловчиларнинг айтишича, Ўзбекистон бир қатор сабабларга кўра давлатлараро мажбуриятларни бажара олмаслиги учун ЕвроОсИҲ ташкилотидан чиқиб кетмоқда.



Мамлакатда қатъий назорат ўрнатилган, бозорда рақобат муҳити йўқ, бизнесни ривожлантириш йўлида турли тўсиқлар мавжуд.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ташкилотнинг Бишкекда яқинда бўлиб ўтган саммитида иштирокчи давлатлар раҳбарлари ўртасида «жиддий гап бўлиб ўтгани» ҳақида эслатмоқда. Унда иштирокчи мамлакатлар президентлари Ислом Каримовдан ички чегараларни очиб қўйишни, сув-энергетика бўйича қўшма лойиҳаларида иштирок этишни, капиталнинг эркин оқиб келишини таъминлашни ҳамда ягона бож тўловлар ва солиқларни киритишни «қатъий тарзда» талаб қилганлар.



Аммо бундай шартларнинг қабул қилиниши мумкин эмас эди. Негаки, мамлакат иқтисодиёти давлат томонидан қатъий тартибга солингани учун ҳам минтақавий иттифоқнинг либерал талабларини кўтара олмайди.



«Шунинг учун ҳам Ўзбекистон изоляцияланишни афзал кўрди», - дейди ишонч ила сиёсатшунос.



NBCA нинг бошқа шарҳловчилари Ўзбекистоннинг ЕвроОсИҲ ташкилотини тарк этиши прагматик қадам дея ҳисобламоқдалар. Негаки, бу мамлакатнинг ушбу интеграцион тузилмадаги аъзолиги нобарқарор бўлиб келган. Расмий Тошкент минтақавий бирлашмаларга доим эҳтиёткор муносабатда бўлиб кўпроқ икки томонлама ҳамкорликни афзал кўриб келган.



NBCA нинг тошкентлик таҳлилчисига кўра, Европа иттифоқи 2005 йил Андижонда бўлиб ўтган қонли фожеа ортидан Ўзбекистонга нисбатан киритган санкцияларни яна бир бор енгиллатганидан кейин расмийлар «етарли даражада» кучайиб кетиб «ўз амбицияларига муносиб бўлган» қарорни қабул қилдилар.



«Сўнгги пайтда Каримов мамлакатдаги мавжуд энергия ресурслари тўғрисида эслата бошлади ва Ғарбнинг янги трубопроводлар қидируви билан боғлиқ муқобил лойиҳаларида иштирок этиш истагини билдирди», - дейди у.



Президент 6 ноябрь куни маҳаллий журналистларга Ўзбекистон экспорт қиладиган табиий газ ҳажми 17 миллиард куб метрдан 25 миллиардгача етказилиши ҳамда дунё ҳамжамиятида ушбу кўринишдаги ёқилғи экспорти нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг «келажаги порлоқ» деган қатъий ишонч борлигини маълум қилди.



Бу баёнот Болгария президенти Георги Парвановнинг Тошкентга давлат ташрифи қабатида янгради. Бу халқаро санкцияларни енгиллатиб расмий Тошкентнинг ЕвроОсИҲ ташкилотидан чиқишга ариза бериб бўлганидан сўнг Европадаги мамлакат раҳбарининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлди.



Бишкек шаҳрида жойлашган Марказий Осиёнинг “Сиёсат, дин, хавфсизлик” марказининг раҳбари Ўрўзбек Мўлдалиевнинг қайд этишича, Ўзбекистон прагматик равишда иш тутмоқда. Унга кўра, ЕвроОсИҲ ташкилоти кўпроқ учрашувлар ўтказиладиган сиёсий клубга ўхшаб қолган ва унда самарали ҳамкорлик кузатилмаяпти.



«Мисол учун, ҳозир молиявий бўҳрон яқинлашиб келаётганига қарамай, ЕвроОсИҲ ташкилоти доирасида ҳеч қандай амалий таклифлар берилмади ҳам қабул қилинмади ҳам», - дея аччиқланади эксперт. – «Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг [ЕвроОсИҲ ташкилотидан чиқиш бўйича] позицияси ҳаққоний».



Шарҳловчилар интеграциявий бирлашмалардаги аъзоликнинг самарасизлиги туфайли Ўзбекистон 1999 йилда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида (КХШТ) ўзининг иштирокини тўхтатиб қўйганини эслатмоқдалар. Бунга сабаб сифатида шартнома «мамлакатнинг ҳарбий-­сиёсий манфаатларига мос келмаётгани» дастак қилиб кўрсатилган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистон етти йил ўтганидан сўнг яна ушбу блокка қайтиб қўшилди.



Ўзбекистон 2005 йилда бошқа интеграциявий бирлашма - ГУЎОМ ташкилотини тарк этган эди. Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова бу ташкилотнинг бошқа аъзолари саналади.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists