Ўзбекистон: Болалар яна пахта даласига чиқяптилар

Ўзбекистон: Болалар яна пахта даласига чиқяптилар

Monday, 1 June, 2009
, пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти бу йил ҳам давом этади, дея тахмин қиладилар NBCA шарҳловчилари.



21 май куни “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги RFE/RL радиосининг ўзбек тили хизматига ишорат билан Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Хоразм вилоятидаги ўрта мактаб ўқувчилари қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш учун ҳар куни далаларга олиб чиқилаётгани ҳақида хабар берди.



Болалар ҳам мактаблардаги ҳамма дарслар бекор қилинганини ва ҳар куни эрталаб соат 8 дан 14 гача чигит экиш ва ягана билан шуғулланаётганлари ҳақида айтиб бердилар.



Бир неча кун ўтиб мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам мактаб ва колледж ўқувчилари пахта далаларида ишлаётганлари ҳақидаги хабарлар кела бошлади.



Шунингдек, мамлакат ичкарисидаги NBCA шарҳловчилари далаларда талабалар ва ўқувчилар ишлаётгани, аммо бу сафар балоғатга етмаган болаларни оммавий тарзда қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тўғрисида маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қатъий кўрсатмалар бўлгани кузатилмаганини маълум қилмоқдалар.



“Болаларни пахта далаларига мажбурий равишда олиб чиқиш ҳақида гап йўқ”, - дейди NBCA медиа-шарҳловчиларидан бири.



Ўзбекистон дунё бўйича энг йирик пахта толаси ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиларидан бири саналади. Мамлакат далаларида ҳар йили уч ярим миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси етиштирилади. Пахта тозалаш заводларида ишлаб чиқарилган толанинг деярли ярми чет мамлакатларга экспортга чиқарилади.



Ўзбекистон пахтасининг аксарият қисми қўлда терилади.



2008 йилгача мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти кенг қўлланиб келинган эди. Ўшанда пахта далаларидаги мажбурий ишларга ҳатто 8-9 ёшли балоғатга етмаган ёш болалар ҳам жалб қилинган. Шу сабабдан халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатига чек қўйишга кўп марта чақирган эди.



Ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистон расмийлари пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш тақиқлангани ҳақида билдирдилар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Болалар эксплуатациясининг энг ёмон кўринишларини йўқ қилиш тўғрисида” ва “Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилдилар.



Расмийларнинг ушбу чоралари АҚШ ва Буюк Британиядаги энг йирик кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари импортчилари во сотувчиларининг бойкоти кетидан амалга оширилди. Бу ширкатлар болаларни пахта терими мавсумида қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий равишда жалб этгани учун расмий Тошкентни қаттиқ танқид остига олиб норозиликнинг ифодаси сифатида Ўзбекистон пахта толасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олмасликни тавсия қилдилар.



Мамлакат ичидаги NBCA шарҳловчиларининг қайд этишича, 2009 йилда баҳорги мавсумий дала ишлари бошланиши билан маҳаллий ҳокимият вакиллари балоғатга етмаган болаларни далаларга жалб этиш учун бошқача тактика қўллашни бошладилар. Хусусан, улар болаларни молиявий жиҳатдан қизиқтиришга уринмоқдалар.



Мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи пахтакор деҳқоннинг айтишича, маҳаллий раҳбарлар деҳқонларга мактаб директорлари билан шарнома тузаётганларида пул ишлаб олишни хоҳловчилар пахта далаларига чиқишлари мумкин, дея қизиқтиришларини тавсия қиляптилар.



Меҳнат куни ниҳоясига етганида фермер ҳар бир болага 5-6 минг сўмдан тўлаши лозим (1 доллар 1462 сўмга тенг).



“Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам илгаригидек: юқоридан буйруқ бўлган, ҳамма яганага чиқсин, деб айтиб бўлмайди”, - дея давом этади пахтакор. – Болаларни кўндиришга уриниб кўриш керак. Ахир уларнинг сарф-харажатлари кўп, уйда эса ота-оналари пул беришмайди.



Қашқадарё вилоятидаги деҳқон хўжалиги раҳбарларидан бирининг айтишича, мактаб ўқувчиларининг аксарияти пул ишлаб олиш илинжида ҳақиқатдан ҳам деҳқонларга ўз хизматларини таклиф этишмоқда.



“Бизнинг даламизда кунига қирқтага яқин маҳаллий мактаб ўқувчилари пиёз экиб ўтоқ қилдилар, уларга меҳнат ҳақини нақд пулда тўланди”, - дейди у.



Айни пайтда “расмийлар пахта териш мавсумида болалар меҳнатидан воз кечишга начоғли тайёр бўладилар?” дея экспертларнинг боши қотиб ўтирибди.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев 2009 йилда пахта терими режаси яна балоғатге етмаган ёш болалар ёрдамида бажарилади дея ишончи комил.



“Пахта экиш учун ажратилган дала майдонлари ва пахта толасининг эспорт миқдори қисқарганига қарамай, етарли даражада кўп ҳосил йиғиштириб олиш режалаштирилган, шунинг учун болалар меҳнатисиз бу йил ҳам иш битмайди”, - дейди у.



Фарғона вилоятида ўқитувчилик қилаётган Шарофат исмли муаллима аёл ҳам ҳудди шунга ўхшаш фикр билдирмоқда. Унинг мактабидаги ўқувчи ёшлар ҳар йили пахта терим мавсумида иштирок этадилар. У биринчи сентябргача, яъни оммавий пахта терими бошлангунича кутишни маслаҳат бермоқда.



“Расмийлар [болалар меҳнатидан] воз кечмайдилар. Ахир бу деярли текин ишчи кучи-ку! Ёлланма ишчиларга эса яхши пул тўлаш керак”, - дея қайд этади у.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists