Ўзбекистон: Банкларнинг қисман миллийлаштирилиши ёпиқ иқтисодиётни яхшиланишига олиб келиши гумон
Ўзбекистон: Банкларнинг қисман миллийлаштирилиши ёпиқ иқтисодиётни яхшиланишига олиб келиши гумон
Президент Ислом Каримовнинг “Корхоналарга кредит кўмаги ва иқтисодиётнинг реал секторида инвестициявий фаоллигини таъминлаш чоралари тўғрисида”ги қарори жорий йилнинг январь ойида кучга кирди.
Бу ҳужжат ўтган йили ноябрь ойида қабул қилинган ва Ўзбекистонга “барқарор ўсиш учун асос яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ва маҳсулот сотиш учун янги бозорларни ўзлаштиришга” ёрдам бериши учун жаҳон молиявий инқирознинг салбий оқибатларини енгиб ўтишга ёрдам беришга қаратилган Инқирозга қарши тадбирлар дастурининг давоми бўлиб қолди.
Шу мақсадда саноат корхоналарини ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациясини ўтказиш ва қайта жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Бу соҳага 500 минг АҚШ долларига тенг бўлган ва шу билан бирга Марказий банк белгилаб берган қайта молиялаш ставкасидан ошиб кетмайдиган, йилига 14 фоизли имтиёзли кредитлар йўналтирилиши режалаштирилмоқда.
Бундай кредит бериш ҳуқуқини фақат давлат кўмагини олган банкларгина қўлга кирита оладилар. Шунинг учун ҳам расмийлар тижорат банкларининг раёсатларида ўз таъсирларини кучайтириш, акционерлар доирасига кириш ёки мамлакатдаги энг йирик банкларнинг низомдаги капиталидан улуш сотиб олиш ниятларини яширмаяптилар.
Расмийлар 2009 йил давомида Асака-банк, Микрокредитбанк, Халқ банки, Пахта- банк, Ғалла-банк ва Ўзқурилишбанкга 400 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ётқизишни режалаштирмоқдалар, йўналтирилган маблағлар эса Марказий банкдаги тижорат банкларининг махсус ҳисоб рақамларида тўпланадиган бўлди.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2008 йилда Ўзбекистонда ўттизга яқин тижорат банклари ва етти ярим мингдан зиёд уларнинг шохобчалари фаолият юритган. Уларнинг умумий капитали 2008 йилнинг тўққиз ойлик натижасига кўра 1,26 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Бу йил уларнинг капитали салмоқли даражада кўпаяди.
Иқтисодиёт вазирлигида ишлаётган мутасаддиларнинг ишонтиришларича, давлат пуллари ҳисобига банкларнинг капиталлашувини кўтариш иқтисодиётнинг турли соҳаларини ҳамда хусусий секторни кредит билан таъминлаш ҳажмини кенгайтиришга имконият беради. Бу эса пировардида, иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш суратларининг тезланишига олиб келади.
Аммо ўзбекистонлик NBCA шарҳловчилари ўзларининг прогнозларида бу қадар оптимист эмаслар.
Улар давлат таъсирининг кучайиши ортидан банк соҳаси устидаги назоратнинг яна ҳам кучайиб кетишига олиб келишини ва оқибатда қатъий тарзда тартибга солинган Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишидан ташвишланмоқдалар. Имтиёзли кредитлар фақат ҳукумат мониторинг гуруҳи ва кредит қўмитасининг ижобий қарорини олишга муваффақ бўлган корхоналар ва тадбиркорларга берилади. Марказий банк томонидан фоиз ставкаларнинг қатъий тарзда назорат қилинаётгани важидан тижорат банклари бу кредитларни беришдан ҳеч вақо ишлай олмайдилар.
Тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиев бунинг қабатида иқтисодий пасайишни кутмоқда, холос. Унга кўра, давлатнинг банк соҳасига аралашуви ўзининг “самарасизлиги ва заифлигини” исботлаб бўлди.
Шарҳловчилар расмийлар банк ислоҳотини 2007 йилдаёқ бошлаганларини эслатмоқдалар. Ўшанда улар банк капиталини кўпайтириш ниятида молиявий институтларга фуқаролар жамғармаларининг ўсишига кўмак беришга буйруқ бердилар, аммо бу чора ортидан кутилган самарага эришилгани йўқ: аҳолининг банк тизимига ишончи йўқолгани туфайли одамлар ўз пулларини депозитларга қўйишга шошилмадилар.
2008 йил февраль ойида ўз тасарруфидаги эркин маблағларни низомдаги капитални кўпайтиришга йўналтирган ва аҳолига узоқ муддатли депозитлар бўйича ҳар йили 20 фоизли дивиденд беришни ваъда қилган Ўзбекистондаги тижорат банклари солиқлардан озод этилдилар.
Ўшанда NBCA таҳлилчилари Ўзбекистон молиявий тизими муҳофазаланмагани важидан расмийларнинг барқарорлаштириш тадбирларини ўтказишга маблағи йўқлиги туфайли тобора авж олаётган молиявий инқироз қабатида депозитларнинг қайтиб кетишини олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан кўрилган ушбу чорани мажбурий бўлган дея ҳисоблагандилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий банки тез-тез маъмурий чораларни қўллаб келади. Мамлакат ичкарисидаги NBCA шарҳловчиларининг қайд этишича, расмийлар ой сайин тижорат банкларига иш ҳақинининг берилишини тўхтатиб қўйиш ҳақида оғзаки кўрсатма бериш ва шу йўл билан маблағ тўплашни амалга ошириш амалиётини жорий қилганлар.
“Барча банклар ҳукумат кўрсатмаларига мувофиқ ишлашга мажбурлар, бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас”, - дея қайд этади Алиев.
NBCA томонидан сўралган бошқа экспертлар инқирозли вазиятда кўрилажак қатъий чоралар ижобий самаралар олиб келиши мумкин дея умид қилмоқдалар.
Ўзбекистон банк секторидаги вазиятни кузатиб келаётган қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Берентаев сабр қилишни ва Ўзбекистон банклари кредит беришни амалга оширишни бошлашларини ҳамда “реал самаралар”нинг пайдо бўлишини кутишга чақирмоқда.
У Ўзбекистон расмийларининг тижорат банкларини миллийлаштириш борасидаги истакларини Қозоғистондаги вазиятга “ўхшаш” деб атамоқда. Бу қўшни мамлакатда ҳам давлат банклардаги низом капиталининг бир қисмини сотиб олмоқчи ва реал секторни ўзи белгилаган ставкалари бўйича молиялаштирмоқчи.
“Бундай [иқтисодий] тактика дунёдаги кўплаб мамлакатларда фаол равишда ишлатилади, - дейди Берентаев. - Бугун бошқа нарса муҳимроқ – инқироз қабатида тик қолмоқ ва ундан энг кам йўқотишлар билан чиқмоқ”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)