Ўзбек мухолифатини бирлашишга чақириқлар бўйича пессимистик кайфиятлар

Ўзбек мухолифатини бирлашишга чақириқлар бўйича пессимистик кайфиятлар

Monday, 29 June, 2009
, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Фарғона.Ру ахборот портали 9 июнь куни Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси ҳамда “Андижон –адолат ва тикланиш” ташкилоти етакчиларининг учрашуви ҳақида хабар берган эди. Хабарда айтилишича, учрашув давомида ўзбек мухолифатини бирлаштириш масалалари муҳокама қилинган.



Мухолифатчилар Ўзбекистонда адолат ва эркинлик учун биргаликда кураш олиб боришга қарор қилдилар ва “13 май иттифоқи” ташкилотини туздилар. Ушбу ташкилотнинг эшиклари уларнинг ғояларига қўшилувчи барча одамлар ва ташкилотлар учун очиқ.



Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси 1992 йилдан бери қувғинликда фаолият юритмоқда. Бу партиянинг етакчиси Муҳаммад Солиҳ 1991 йилда ўтган президент сайловларида амалдаги президент Ислом Каримовнинг ягона рақиби бўлган эди.



“Эрк” партияси томонидан 1992 йил февраль ойида уюштирилган намойиш ўққа тутилганидан сўнг бу партиянинг аъзолари яширинишга мажбур бўлдилар ва айни пайтда уларнинг аксарият қисми чет элга чиқиб кетдилар.



“Андижон – адолат ва тикланиш” ташкилоти 2009 йил май ойида тузилган, унинг кўп сонли бўлмаган сафига 2005 йил май ойидаги қонли Андижон фожеасидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган қочоқлар кирган. Ўшанда мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган вилоят марказида ҳукумат қўшинлари тинч намойишни ўққа тутган эдилар.



Айни пайтда Ўзбекистонда тўртта сиёсий партия расман фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси амалдаги ҳокимиятга тарафдор саналади ва Олий Мажлисда (мамлакат парламенти) ўз фракцияларига эга.



Ўзбекистонда мавжуд мухолифат партия ва ҳаракатлар – Бирлик, Бирдамлик, Озод деҳқонлар ва Қуёшли коалиция – яширин фаолият олиб бормоқдалар ва расмийлар томонидан таъқиб этилмоқдалар.



Шарҳловчилар чет элдаги мухолифатнинг амалдаги режимга қандайдир рақобат қила олиш cсалоҳияти борасида шубҳа қилмоқдалар.



Экспертлар ўз фикрларини изҳор этишда пессимистик кайфиятда қолмоқдалар ва янги “13 май Иттифоқи” ташкилотини бошқа мухолифатчилар қўллаши мумкинлиги ва бу ташкилот Ўзбекистондаги аҳволни ўзгартира олиши борасида шубҳа билдирмоқдалар.



Тошкентда жойлашган Бирдамлик ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Дилором Исҳақованинг таъкидлашича, мухолифатчилар томонидан “сўнгги йигирма йил давомида” тузилган сиёсий партия ва ҳаракатлар расмийларга оппонентлик қила олмадилар, шунинг учун ҳам янги бирлашмадан қандайдир зўр ҳаракатлар кутишдан маъно йўқ.



“Чет элдаги мухолифат мамлакат учун йўқ ҳисобида ва у вазиятга таъсир ўтказа олмайди, - дея ишонтиришга уринади Исҳақова. – Унинг Ўзбекистонда ҳеч қандай обрўси йўқ”.



Бирдамлик ҳаракати раҳбарининг айтишига қараганда, “мамлакат ичкарисида “доимий таъқиблар” шароитида партиявий ишларни қуриш қийин кечади, чет элга чиқиб кетган мухолифатдаги партиялар учун бу ишларни бажаришга эса умуман имконият йўқ.



“Улар қандай ҳаракат қилишларига ақлим бовар қилмайди”, - дейди у.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев чет элдаги мухолифатнинг бирлашувига нисбатан икки пессимистик омилни санаб ўтди.



Биринчидан, ҳаракатларнинг аниқ дастури йўқ; иккинчидан эса, мухолифат сафлари янги кадрлар билан тўлмаяпти.



“Бир неча йиллар давомида чет элдаги мухолифатда зиёлилар ва технократларни ўзига жалб эта оладиган ротациялар амалга оширилгани йўқ, - дейди Йўлдошев. – Бундан ташқари, истеъдодли ёшларни танлаш ва саралаш бўйича иш олиб борилмаяпти”.



“Бундай шароитда қандай бирлашув ва қандай тарафдорлар ҳақида гапириб бўлади”, - дея сўрайди сиёсатшунос.



Тошкентлик сиёсатшунос Комрон Алиев қувғиндаги мухолифатдан шошилинч фаол ҳаракатларни кутмасликни маслаҳат беряпти. Негаки, унга кўра, мухолифат ҳозирги пайтда “оғир кунларни” бошидан кечирмоқда.



“13 май Иттифоқи” ташкилоти реал куч сифатида шаклланиши учун анча кўп вақт кетади”



Ҳозир эса қувғиндаги ўзбек мухолифати мамлакатдаги ички вазиятга фақат воситачилар, яъни ғарб мамлакатларидаги халқаро ташкилотлар орқали таъсир ўтказа оладилар, холос.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists