Ўзбек қамоқхоналарида сил касаллиги эпидемияси

Расмийлар беморларни на даволай ва на изоляция қила олмаяптилар.

Ўзбек қамоқхоналарида сил касаллиги эпидемияси

Расмийлар беморларни на даволай ва на изоляция қила олмаяптилар.

Prison visit time in Uzbekistan. (Photo: IWPR)
Prison visit time in Uzbekistan. (Photo: IWPR)
Saturday, 1 March, 2014

Тошкентлик Мавлуда ўғирлик учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган ва жазо муддатининг тўрт йилини ўтаб бўлган 25 яшар ўғли Баҳром билан учрашишга рухсат олиш учун олти ой вақт кетказди. Аммо у охири пойтахт яқинидаги қамоқхонада ўғлини кўраганида, шок ҳолатига тушиб қолди.

“Ўғлим доимо қон билан тўлиб борган муштига йўталарди”, - дея айтиб берди у IWPRга.

Аввалига аёл ўғли совуқ қиш сабабли қаттиқ шамоллаб қолган, дея ўйлаган. Аммо қамоқхона шифокори унга Баҳром сил касаллигини юқтиргани, афтидан, бошқа маҳбусдан юқтирганини айтган.

“[Шифокор] менга ўғлимнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётганини айтди, - дея йиғлайди Мавлуда. – Баъзан унга иситмасини тушириш учун аспирин беришади, аммо унинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Ўғлимни ўғирлик содир этганлик учун қамашганида, у соғлом эди”.

Ўзбекистондаги маҳбусларнинг қариндошлари ва ҳуқуқ фаоллари профилактика бўйича самарали стратегиянинг йўқлиғи боис, мамлакатдаги қамоқхоналар сил касаллиги ўчоғига айланиб бўлгани ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Даволаниш муолажаларининг йўқлиги эса кўп маҳбусларни секин ва азобли ўлимга маҳкум қилмоқда.

Мавлоннинг укаси ўғирлик содир этганлик айблови билан Ўзбекистон жанубидаги Қарши колониясида беш йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

“Биз сил касаллигининг оғир кўриниши билан оғрийдиган укамиз озодликкача яшаб қолмаслигидан қўрқаяпмиз”, - дейди Мавлон IWPRга.

У Қарши шаҳридаги қамоқхона шароитларини тасвирлаб туриб, жумладан бундай дейди: “Даҳшатли шароитлар; ҳамма цемент полга солинган эскириб кетган матрасларда ётади. Ҳаттоки учрашув пайтида маҳбусларнинг қариндошларига ҳам полда ётишга тўғри келади. Ёзда жуда иссиқ бўлади, ҳаво ҳарорати 40 градусдан ҳам ошиб кетади”.

Мавлоннинг сўзларига кўра, қамоқхонада сил касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун шароит мавжуд эмас. Вентиляция қилинмайдиган қамоқхона камераларида ўнгача маҳбус сақланади, уларнинг барчаси умумий идиш-товоқдан овкатланади.

“Улар секин ва азобли ўлимга маҳкум қилинганлар, уларга ҳеч ким ёрдам бермайди”, - дейди у.

Аёлни зўрлаганлик айблови билан 15 йилга қамалган ва жазо муддатининг тўрт йилини ўтаб бўлган Сайфиддин Қурбонов ҳам ана шундай қийин аҳволда, дея айтиб берди IWPRга унинг онаси Сайёра Ҳокимова.

“Менинг ўғлим қаттиқ касал. У иккала ўпкасини ҳам шикастлаган агрессив сил касаллиги билан оғрийди. У қўли ва оёқларидаги оғриқлардан қийналади, иситмаси юқори бўлади, томоғидан қон кетади”, - дейди Ҳокимова.

Аввалига унинг мамлакат ғарбида жойлашган Навои шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ўғлини йўқлаб туриш илтимоси рад қилинди, аёлнинг илтимоси фақатгина унинг Ички ишлар вазирлиги тезкор тизимига қилган шикоятидан сўнг қониқтирилди.

“Қамоқхона шифокорлари ҳеч қандай чора кўрмайдилар ва ҳаммаси яхши, деб қўядилар, - деди аёл февраль ойи ўрталарида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг. – Афтидан, уларнинг ўзлари ҳам ҳеч нарса қилолмайдилар. Қамоқхона шифокори бу ерда керакли дори-дармонларнинг йўқлигини тан олди”. 

Ҳокимова Тошкентдаги шифокорларга кўрсатиш учун ўғлининг рентген суратларини олганди, аммо пойтахт шифокорлари унга ўғлининг бир ўпкаси ишламай қўйганини маълум қилишди. Шифокорлар унга сил касаллиги билан оғриган маҳбусларнинг яшашига саноқли кунлар қолганида қамоқхона маъмурияти кўпинча уларни қариндошларининг қарови остига қўйиб юборишини айтишган.

“Ўғлим билан учрашув пайтида мени маҳбуслар сони кўплиги ҳайратда қолдирди, - дейди у ўзининг яқиндаги қамоқхонага қилган зиёрати ҳақида. – Касал маҳбусларни ёмон овқатлантиришади, улар доимо оч юришади, уларнинг озиқланишида калориялар, ёғлар, сабзавотлар, мевалар, туз ва шакар етишмайди.

Баъзи маҳбусларнинг қариндошлари қамоқдаги ўз яқинларини танимай қолишади, чунки уларнинг ташқи кўриниши кескин равишда ўзгарган бўлади, улар жуда ҳам қариб кетган кишилардек кўринишади”.

Ҳокимованинг сўзларига кўра, овқат етишмаслиги, совуқ ва керакли тиббий муолажаларнинг йўқлигидан ташқари, сил касаллиги билан оғриган кишиларни меҳнатга мажбур қилишади, бу эса уларнинг ҳаётини жуда ҳам оғирлаштириб юборади. Унинг ўғли онасига маҳбусларнинг иситмаси баланд бўлган пайтда ҳам уларни совуқ сув билан ҳожатхона ва полларни ювишга мажбурлашларини айтиб берган.

Аёлга кўра, унинг ўғли сил билан касал бўлган кўпчилик маҳбуслар қамоқда ўлганларини айтиб берган.

“Мен оғриқдан азоб чекаётган ва даволанишга йўл қўймайдиган бундай нормал бўлмаган шароитда сақланаётган ўғлим ва барча бошқа маҳбусларнинг аҳволидан ташвишланаяпман”, - дейди Ҳакимова ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва қамоқхоналарни назорат қилувчи Тошкентдаги идора олдида норозилик намойиши ўтказмоқчилигини қўшимча қилади.

Исмини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилган 15 йил давомида қамоқхона шифохонасида ишлаган медицина ходими маҳбуслар қариндошларининг айтганларини тасдиқлади.

Унинг айтишича, қамоқхоналар маҳбуслар билан тўлиб кетгани ва бу ёпиқ муассасаларнинг вентиляция қилинмаслиги Ўзбекистондаги пенитенциар тизимларининг энг катта муаммоси ҳисобланади, бу эса касалликнинг тез суръатлар билан тарқалишига олиб келмоқда.

Бундан ташқари, сил касаллигини даволаш бўйича адекват стратегиянинг йўқлиги касалларнинг шифо топишига кам умид қолдирмаяпти.

“У ерда уларни даволайдиган одам йўқ... [Тошкентдаги асосий] қамоқхона шифохонасига келтириладиган дори-дармонлар комплектига фақат ич кетиш ва бош оғриғини қолдирадиган ҳамда иситмани туширадиган дорилар киради”, - дейди у.

У энг даҳшатлиси, бу сил касаллигининг шиддат билан тарқаладиган мультирезистент (МРТ) формаси эканлигини қўшимча қилди.

“Нормал дори-дармонларнинг йўқлиги учун ҳам сил касаллиги тўғри даволанмаяпти, шунинг учун янги штаммлар пайдо бўлаяпти, уларни даволаш эса анча қийин бўлади”, - дейди у.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сил билан касалланганлар орасида МРТ – сўнгги йиллар ичида собиқ совет республикалари орасида энг юқори кўрсаткичга эга. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, 2012 йилда сил билан касалланган 14132 та ҳолат қайд қилинган.

Сурат Икромов раҳбарлигидаги Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида мамлакатдаги пенитенциар тизимлардаги муаммоларни кузатиб бормоқда. IWPRга берган интервьюсида у 2013 йилнинг октябридан бошлаб унинг ёнига сил билан касалланган ва ёрдамга ўта муҳтож бўлган ўнта маҳбуснинг қариндоши келганини айтиб берди.

Икромов ўзбек қамоқхоналаридаги сил билан касалланган маҳбуслар қийноқ ёки бошқа ноинсоний муносабатга дучор қилинаётган маҳбуслар билан бир ҳил азоб-уқубатларни бошдан кечираётганларини айтади.

У маҳбуслари орасида сил касаллиги тарқалиши бўйича энг юқори кўрсаткичга эга бўлган Ўзбекистон шимоли-ғарбида жойлашган Қорақалпоғистондаги таниқли “Жаслиқ” қамоқхонасида содир бўлган воқеани мисол тариқасида келтирди. Икромовнинг сўзларига кўра, бу касаллик билан оғриган маҳбусларнинг жазо муддати тугагунча яшаб қолишлари эҳтимоли жуда кам.

Икромов “Жаслиқ” қамоқхонасидаги маҳбусларнинг қариндошлари айтиб берган кўплаб ҳолатларга асосланган ҳолда, ушбу қамоқхонада сил каллигининг сўнгги босқичи кузатилган маҳбуслар цемент заводида ишлашга мажбур қилинганлари, бу эса улар учун ўлим билан баравар эканини айтади.

“У ерда цемент зарралари бор, улар уни ютишади, у билан нафас олишади, ҳар куни кечаси эса уларда нафас қисилиши хуружлари, бўғилиш ва қон қусиш кузатилади”, - дейди у.

Ўзбекистонда сил касаллигидан ўлаётганлар статистикаси йўқ, чунки расмийлардан бундай маълумотни олиб бўлмайди, дейди Икромов, аммо маҳбусларнинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида касаллик ва ёмон муносабатдан жон бериш ҳоллари йилига 225-250 та ҳолатни ташкил қилади. 

Манба сифатида давлат статистикасидан фойдаланган Лондондаги қамоқхоналарни ўрганиш халқаро марказининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги кишилар сони 2012 йилда 42 мингни ташкил қилган.

Халқаро ташкилотларнинг ўзбек қамоқхоналарини текшириш уринишлари ўзбек расмийларининг улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани туфайли амалга ошмай келаяпти. Ўтган йилнинг апрель ойида Халқаро Қизил хоч ташкилоти “маҳаллий расмийларнинг илгари сураётган шартлари ва уларнинг ноконструктив муносабати туфайли” Ўзбекистондаги қамоқхоналарни бориб кўришини бекор қилганини маълум қилди.

Ташкилот вакилларига кўра, улар маҳбусларнинг аҳволи, сақланаётган шароити ва даволанишига баҳо бериш учун улар билан юзма-юз учраша олмаганлар.

Қамоқхона шифохонасининг собиқ ходими пенитенциар тизимдаги сил касаллигини даволайдиган ягона шифохона Тошкент яқинидаги Чирчиқ шаҳрида жойлашгани, аммо у ерга ҳамма касалларни сиғдириб бўлмаслигини айтади.

У сил билан касалланган маҳбусларни бошқа маҳбуслардан ажратмай туриб, инфекция тарқалиши олдини олиш қийин бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

“Мен агар расмийлар аввалгидай минглаб кишиларни қамоққа тиқишни давом эттирсалар, у ҳолда улар сил касаллигининг пенитенциар тизимда тарқалишини олдини олиш учун дарҳол сил касаллиги бўйича махсус бир нечта зона қуришлари керак, деб ҳисоблайман”, - дейди у.   

Uzbekistan
Health
Frontline Updates
Support local journalists