“Украиналик ўзбеклар” экстрадиция хавфи остида
“Украиналик ўзбеклар” экстрадиция хавфи остида
Украина ўзбекистонлик қочоқлар учун яшашга хавфли бўлиб қолаяпти, дея қайд этадилар ҳуқуқ ҳимоячилари.
Украинанинг “Социальное действие” (“Ижтимоий ҳаракат”) маркази “Без границ” (“Чегара билмас”) лойиҳасининг ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбекистонлик бошпана изловчилари Умид Ҳамроев ва Қосим Дадахановнинг ҳибсга олингани ҳақида маълум қилмоқдалар. Уларни Киев области маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари 2010 йил июнь ойида ҳибсга олдилар.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Қосим Дадаханов 2010 йил 29 июнь куни “Ўзбекистон Республикасида қидирувга эълон қилингани” муносабати билан ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер тақдим этилмаган ҳолатда қўлга олинганини маълум қилдилар. Айни пайтда Дадаханов тергов ҳибсхонасида суд қарорини кутиб ўтирибди. Суд унинг бундан кейин ҳам қамоқда сақлаш ёки уни экстрадиция қилиш масаласини ҳал қилиши лозим.
Бошқа бошпана изловчи Ҳамроев бундан икки ҳафта илгари, ўша-ўша, ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер тақдим этилмаган ҳолатда ва ҳудди шу сабабларга кўра ҳибсга олинган эди. Ирпен шаҳар суди 24 июнь куни Ҳамроевнинг ҳибсда сақлаш муддати қирқ кун бўлади деган қарор чиқарган эди. Украина расмийлари Ҳамроев қўлга олиниши арафасида унинг ватанида таъқиб этилишидан хавфсираши учун асос йўқ деган баҳона билан қочоқлик мақомини беришдан бош тортган эдилар.
“Чегара билмас” лойиҳасининг Киевдаги координатори Максим Буткевич NBCA билан суҳбат давомида ҳибсга олинганлар Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотларда иштирок этишида, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи адабиёт тарқатишда ҳамда конституциявий тузумни ағдаришга интилишда гумонланаётганларини айтиб берди.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилса, турмада жами 10-15 йил ўтириш мумкин.
Ҳамроев ва Дадахановлар ҳибсга олинганидан сўнг Шодилбек Соибжанов ҳам ватанига депортация қилиниши мумкинлиги борасида огоҳлантирилган. У Украинада 2009 йилдан бери бошпана сўраб яшаб келмоқда.
“Бошпана изловчиларни ўз ватанларига қайтаришга уриниш жиноят саналади, негаки Украинанинг бир қатор қонунларини ҳамда халқаро конвенцияларининг бузилишига олиб келади, - дейилади украиналик ҳуқуқ ҳимоячиларининг “Чегара билмас” сайтида жойлаштирилган пресс-релизида. – Қўлга олинганларни бўшатиб юбориш зарур. Шунингдек, ватанидаги репрессиялардан қочиб қутилишга эриша олганларни таъқиб этишга уринишларни тўхтатиш керак”.
Ўзбекистонлик бошпана изловчиларни Украинадан илк бора 2008 йил декабрь ойида экстрадиция қилишга урингандилар. Ўшанда расмийлар депортация ниқоби остида Абдумалик Бакаевни мамлакатдан чиқариб юбормоқчи бўлган эдилар. Бироқ халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг ҳаракати туфайли Бакаевни ҳимоя қилиб олишга эришилди.
Олдинроқ, 2006 йил февраль ойида бир гуруҳ сиёсий қочоқлар Украинадан Ўзбекистонга қайтариб юборилган эди. Улар Украинага Каримов режимининг репрессияларидан турли вақтларда қочиб келгандилар. Ўзбекистон суди уларнинг ҳаммасини турли муддатларга озодликдан маҳрум этди.
Экстрадиция процедураси халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келишига, Украина ратификация қилган БМТнинг Қочоқлар тўғрисидаги Конвенциянинг ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва қийноқларни олдини олиш бўйича Конвенциясининг бузилиши бўлиб қолишига қарамай, шу ишлар бўлиб ўтган эди.
Бу сафарги экстрадиция хавфини таҳлил қила туриб, украиналик ҳуқуқ ҳимоячи Максим Буткевич хавотирга тушиб қолди. “Бу ишлар тенденция бўлиб қолди, - дейди у. – Сўнгги уч ҳафта давомида бундай ишларнинг учтаси бўлиб ўтди”.
Шу чоққача Украина ўзбекистонлик қочоқлар учун сўнгги бошпана бўлиб қолган эди. Улар бу ерда ўйлаган нарсаларини бемалол гапириш, масжидларга бориб номоз ўқиш имкониятига эга эдилар.
“Украинада уларга бу имкониятлар берилган эди, - дейди Буткевич. – Уларнинг кўпчилиги учун легал ҳолатда бошпана сўрай оладиган ҳамда таъқиблардан хавфисрамай бемалол юра оладиган ягона мамлакат Украина бўлиб қолган эди”.
У Россия ва Қозоғистон ўзбекистонлик қочоқларни мажбуран ватанларига қайтариш каби қайғули тажрибага эга бўлиб келганини эслатди.
“Бироқ, [Украинада] воқеаларнинг ҳозирги ривожланиши ўзбекистонлик қочоқларнинг кўпчилиги учун критик муаммо бўлиб қолмоқда”, - дейди у.
Ўзбекистон пенитенциар тизимида қийноқлар қўлланишини кўп йиллардан бери мониторинг қилиб келаётган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) етакчиси Сурат Икрамов ўзбек бошпана изловчилари мамлакатдан чиқариб юбориладиган бўлса, уларни ватанларида турма ва шавқатсиз муомала кутаётганидан хавфсирамоқда.
“[Расмийлар] уларни диний ва сиёсив мотивлар бўйича қидирмоқдалар, уларни ватанларида қийноқлар кутаётганига шубҳа йўқ, Ўзбекистонда уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, - дея ҳаяжонланади Икрамов. – Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни экстрадиция қилиш мумкин эмас”.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштирилаётган Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институти “Марказий Осиёда янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.