Туркманистон ва Ўзбекистон: ҳақиқий дин эркинлиги кузатилмаяпти
Туркманистон ва Ўзбекистон: ҳақиқий дин эркинлиги кузатилмаяпти
АҚШ президенти Жорж Буш 14 июль куни Вашингтонда Дин эркинлигини қўллашга қаратилган халқаро актининг қабул қилинганига 10 йил тўлиши муносабати билан сўзга чиқа туриб дин эркинлиги инсон ҳуқуқлари орасида энг муҳим ўрин тутишини эслатиб ўтди.
Буш мамлакат собиқ бош муфтийси Насруллоҳ ибн Ибодуллоҳнинг қамоқдан озод этилишини кўзда тутган ҳолда Туркманистон расмийларининг ижобий ҳаракатларини қайд этиб ўтди. Мамлакат президети Қурбанқули Бердимухаммедов ўзининг фармони билан 2007 йилда 2004 йил март ойидан бери 22 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган собиқ муфтийни авф этди ва уни қатъий тартибдаги колониядан озодликка чиқардилар.
Диндорларнинг ҳуқуқлари чекланиши ҳақида гапира туриб Америка Қўшма Штатлари президенти бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистонни ҳам кўрсатиб ўтди.
“Биз ўтмишда диний озчиликка тегишли уюшмаларнинг аъзоларини калтаклаб қамоққа ўтқазилган Ўзбекистонда дин эркинлигига эришиш йўлида курашаётганларни унутмаяпмиз”, - дея қайд этиб ўтди у.
Туркманистон ва Ўзбекистон қонунчилиги эътиқод эркинлигини кафолатлагани билан ушбу мамлакатларда дин эркинлигига тўсқинлик қилувчи бир қатор чекловчи меъёрлар мавжуд.
Туркманистон ва Ўзбекистонда Ислом расмий дин саналади, Рус православ черкови бошқа йирик конфессия вакили сифатида шаклланган.
Туркманистонда бахоистлар жамияти ҳам рўйхатдан ўтган бўлиб, улар 1997 йилдан бери таъқиб остига олингани учун эҳтиёткорлик билан, амалда деярли яширин ҳолда фаолият юритишга мажбур бўлмоқда. Диндорларнинг ибодатлар уйида мунтазам равишда тинтувлар ўтказилади. Туркманистон расмийлари диний эътиқоди важидан мажбурий ҳарбий хизматдан бўйин товлаётган насронийларнинг Ёҳуво шоҳидлари жамоати аъзоларига нисбатан қамоққа олиш амалиётларини ҳам қўлламоқдалар.
Туркманистондаги барча диний жамоатлар рўйхатдан ўтишда бир қатор қийинчиликлага дуч келишмоқда. Мавжуд тартибга кўра, бир жойдаги шундай гуруҳ таркибида камида беш юз кишидан кам бўлмаслиги лозим, дейди ашхободлик шарҳловчи.
“Рўйхатдан ўтмаган гуруҳларга одамлар билан учрашувлар ўтказиш тақиқланган, турли конфессиялар аъзолари доимий репрессиялар таҳдиди остида ўта кучли руҳий изтиробларни бошларидан кечирадилар”, - дея давом этади у.
Туркманистонда 2006 йилда диний ташкилотларга нисбатан қоидалар кучайтирилди. Эндиликда уларнинг рўйхатдан ўтиши учун нафақат республика адлия вазирлигининг рухсати, балки маҳаллий расмийларнинг (кенгашларнинг) хулосаси ҳам керак бўлмоқда. Мусулмон бўлмаган жамоатлар рўйхатдан ўтган тақдирда даромадларининг бешдан бир қисмини кенгашлар ва Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси фойдасига ўтказиб беришлари лозим.
Шарҳловчилар айтишича, Ўзбекистонда расмийлар асосан мусулмон диндорларини таъқиб остига олганлар. Одатда мусулмонларни диний экстремизмда ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айблаб турли муддатларга қамоқ жазосига маҳкум қиладилар ва уларга нисбатан қийноқ қўллайдилар. Диний адабиётларни сақлаш, тарқатиш ва импорт қилиш учун жазо чоралари кучайтирилган. Бундайларга нисбатан жарима ва уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон турмаларида диний эътиқоди учун саккиз мингга яқин одам сақланмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида расмийларга кўра, ноқонуний диний фаолияти учун Сирдарё вилоятида Еттинчи кун адвентистлари диний гуруҳининг аъзолари маъмурий жазо ўташга маҳкум этилдилар. Бир йил аввал эса протестантларнинг пастори Дмитрий Шестаков тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди.
“Диний озчилик Ўзбекистонда ўзини бехавотир ҳис эта олмайди”, - дейди инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича эксперт.
“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти” ахборот бюллетени маълумотига кўра, 2005 йилдан бошлаб мамлакатда бир қатор чет эл нодавлат жамоатчилик ташкилотларининг фаолияти тўхтатиб қўйилди. Уларни “бошқа динга эътиқод қилувчи шахсларни ўз динларига киритишга уринишликда” айбладилар.
Бу ташкилотлар орасида учта америка, иккита кореялик нодавлат ташкилотлари ва евангелистларнинг “Благодать” хайрия жамғармаси бор. Шунингдек, протестантларнинг “Эммануил” Тўлиқ Инжил черкови ёпиб қўйилди.
Ўтган йил давомида американинг Partnership in Academics and Development нодавлат ташкилоти ваколатхонасининг ўн тўртта ходими миссионерлик фаолиятда айбланганликлари муносабати билан аккредитацияларини чўзиб бериш борасидаги илтимослари қондирилмади ва уларни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқардилар.
Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев айни пайтда уламоларга тазйиқ ўтказиш тенденцияси шаклланаётганини айтмоқда.
У келтирган маълумотга кўра, сўнгги саккиз ой давомида Ўзбекистондаги масжидларнинг ўттизга яқин имомлари сохталаштирилган айбловлар билан турли муддатга қамалдилар.
“Ҳукуматга кўра, барча диний мавъизалар – расмийларни танқид қилишнинг яширин шакли саналади. Шунинг учун ҳам анъанавий аҳлоқ меъёрларини сақланиб қолиши учун чиқаётганларнинг бари пировардида қамалиб кетмоқда”, - дейди Йўлдошев.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).