Суднинг қочоқни экстрадиция қилишдан бош тортиши бўйича илк ҳодиса бундан кейин оддий меъёрга айланиши керак

Суднинг қочоқни экстрадиция қилишдан бош тортиши бўйича илк ҳодиса бундан кейин оддий меъёрга айланиши керак

Thursday, 27 August, 2009
.



Россия оммавий ахборот воситалари 19 август куни жиноят ишлари бўйича Санкт-Петербург шаҳар суди ҳайъати Ўзбекистон фуқароси Ўринбой Эргашевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилгани ҳақида хабар бердилар.



Россия Бош прокуратураси икки ой илгари сиёсий бошпана сўраган қочоқни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.



Жиноят ишлари бўйича ҳайъат қарорида суд Эргашевни Ўзбекистон расмийларига топшириш тўғрисидаги қарор “Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси учинчи моддасининг талабига зид келаётгани, негаки, Эргашевга нисбатан ватанида қийноқлар қўлланиши эҳтимоли борлигини” кўрсатиб ўтди.



“Сиёсий ва диний сабабларга кўра Россияда бошпана изловчилар учун бу яхши ўрнак бўлди, - деди айни пайтда Германияда истиқомат қилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт Умида Ниязова. – Россия шу чоққача ўз қонунларини ва ўзи имзолаган Қочоқлар тўғрисидаги конвенцияни бузиб, Ўзбекистон фуқароларини ватанига қайтариб келган. Ҳолбуки, уларни Ўзбекистонда очиқ-ойдин қийноқлар кутаётган эди”.



Қочоқлар ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияга мувофиқ, ушбу ҳужжатни ратификация қилган ва ўз ҳудудида қочоқларни қабул қилаётган давлатга “қочоқларни мажбурий равишда уларнинг ирқи, дини, фуқаролиги, белгиланган ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий кўз қараши важидан ҳаётига хавф таҳдид қилувчи мамлакатлар чегарасига қайтариш” тақиқланади”.



Ўз ватанида диний сабабларга таъқиб этилгани учун Ўринбой Эргашев 2007 йилда Россияга қочиб келган эди. У Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидаги аҳоли пунктларидан бирида қишлоқ масжидида имомлик қилар эди.



Ўзбекистонда расмийлар кўплаб диндорларни таъқиб этиб келадилар, уларни радикал кайфиятда дея гумонланиб ҳибсга оладилар.



Бундай амалиёт 2005 йил май ойидан бошлаб янада шавқатсиз тус ола бошлади. Ўшанда ҳукуматга қарашли ҳарбий бўлималар мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган Андижон шаҳрида тинч намойишни ўққа тутган ва оқибатда 180 киши ўлган ва юзлаб кишилар яраланган эдилар.



Ўринбой Эргашев Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг Россияда вақтинчалик рўйхатдан ўтди ва ҳайдовчи бўлиб ишлай бошлади. Аммо унга нисбатан ватанида жиноий иш қўзғадилар ҳамда Ўзбекистон Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз, жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш, тақиқланган экстремистик ташкилотларда иштирок этишни кўзда тутувчи моддалари билан айблов эълон қилдилар.



Ўзбекистон прокуратурасининг талаби билан Ўринбой Эргашевни 2008 йил 1 сентябрь куни Санкт-Петербургда ҳибсга олдидар ва тергов ҳибсхонасига жойладилар.



Россия Федерал муҳожирлик хизмати Санкт-Петербург ва Ленинград области бўйича бошқармаси Эргашевга вақтинчалик бошпана бериш тўғрисидаги аризани қондирмади.



Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўринбой Эргашев Россия турмаларида маҳаллий қонунчилик ва халқаро меъёрларга зид равишда жами тўққиз ой ўтириб чиқди.



Олдинроқ 2007 йилда, ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари Россиянинг Иваново областида истиқомат қилаётган ўн икки нафар ўзбекистонлик қочоқлардан иборат гуруҳни ватанига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори учун, Тюмень областидан Байрамали Юсупов ва Абдуғани Турсуновни, Новосибирскдан ака-ука Асқаровларни, Свердловск областидан Абдулазиз Бойматовни экстрадиция қилишга таҳдид қилгани учун расмий Москвани танқид қилган эдилар.



Ўзбекистонлик қочоқлар доимий таъқиб ва экстрадиция таҳдиди остида яшаётган қўшни Қозоғистон ва Украина, шунингдек Қирғизистон ҳам танқид остига олинган эди.



Москвада жойлашган “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя маркази маълумотига кўра, Қирғизистон 2006 йилда Тошкентга беш нафар андижонлик қочоқни бериб юборган, 2008 йилда яна бир бошпана изловчи экстрадиция қилинган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари шунингдек, Бишкекда йўқолиб қолган, кейин эса Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида сақланган Ислом дини бўйича дарс бериб келган Ҳаётжон Жўрабоевни ҳам махсус хизмат идораларига яширин равишда топширилгани борасида шубҳа қилмоқдалар.



Ҳуқуқшунослар Ўринбой Эргашевни экстрадиция қилишдан бош тортиш тўғрисидаги суд қарори собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида бошпана изловчига нисбатан ижобий ҳал қилинган масаланинг биринчиси бўлиб қолганини қайд этмоқдалар.



Бу ҳамкорликда олиб борилган меҳнатнинг ҳамда барча халқаро ҳуқуқий меъёрларга риоя қилишнинг натижаси бўлиб қолди ва кишида умид учқунларини уйғотмоқда.



“Ҳозирча бундай суд қарорлари одатий ҳолга кўра истисно бўлиб қолмоқда, - дея қайд этади Францияда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг президенти Надежда Атаева. – Шунга қарамай, биз ҳуқуқ ҳимоячилари бажарган ишларининг кўркам намунасини кўрмоқдамиз. Улар қонунбузарликлар бузилишларни, шикоятчилар ҳуқуқларини ва ҳуқуқий ҳимоянинг шошилинч чораларидан фойдаланишни пухталик билан ҳужжатлаштириш қандай бўлишини намойиш этмоқдалар.”



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)







Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists