ШҲТ саммити хавфсизлик ва энергетик ҳамкорлик масалаларига урғу бермоқда
ШҲТ саммити хавфсизлик ва энергетик ҳамкорлик масалаларига урғу бермоқда
16 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг еттинчи саммити бўлиб ўтиб, унда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномаси ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Бишкек декларацияси каби асосий ҳужжатлар имзоланди. Мазкур ҳужжатларнинг асосий моддалари ҳарбий хавфсизлик, банг моддалари ва киши трафигига қарши кураш сингари анъанавий масалалар билан бир қаторда, ШҲТга аъзо мамлакатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг энергетик хавфсизлигини ривожлантириш бўлиб ҳисобланади.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишининг якунлари бўйича қабул қилинган қўшма коммюникеда, хусусан, иқтисодий ҳамкорлик мамлакатларнинг энергетик жиҳат устида ишлаб, ШҲТ Корчалонлик кенгаши ва Банклараро бирлашмасининг биргаликдаги ишига диққат-эътибор қаратган ҳолда, амалий жиҳатдан турмушга татбиқ этиш босқичига ўтиши кераклиги айтилади.
ШҲТ 2001 йили Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан таркиб топган Шанхай бешлиги базасида тузилган бўлиб, кейинчалик унга Ўзбекистон ҳам қўшилган.
ШҲТда Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Мўғулистон кузатувчи мақомига эгалар. Афғонистон ҳам худди шундай мақом олишга интилаяпти.
Бишкек саммитида ташкилотга аъзо давлатларнинг раҳбарлари ҳамда кузатувчи мамлакатлар вакиллари билан бир қаторда, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва Афғонистон президенти Ҳомид Қарзай ҳамда БМТ бош котиби ўринбосари Линн Паско сингари фахрий меҳмонлар ҳам иштирок этдилар.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз нутқида ШҲТнинг энергетик ҳамкорлик масалаларида кузатувчи мамлакатлар учун очиқ эканини таъкидлаб ўтди.
Июнь ойидаёқ Қозоғистон томонидан Осиё энергетик стратегияси таклиф қилинган бўлиб, мазкур стратегияни ишлаб чиқувчилар ШҲТ доирасида ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ва истеъмолчи мамлакатлар ўртасида барқарор энергетик мувозанатга эришиш мумкинлигини, чунки талаб тасарруфдаги заҳираларга мувофиқ келишини, иккала тоифадаги мамлакатлар ўртасида ташкилотга аъзо бўлмаган транзит давлатлар йўқлигини таъкидлагандилар.
NBCA таҳлилчилари ШҲТнинг Бишкек саммити минтақавий хавфсизлик масалаларини биринчи ўринга қўйган ҳолда, энергетик хавфсизликка ва катта иқтисодий кооперацияга урғуни кучайтирганини намойиш қилганини айтадилар.
Тожикистондаги Стратегик тадқиқотлар маркази мутахассиси Сайфулло Сафаров ШҲТ ўзини ҳарбий-сиёсий тузилма сифатида эмас, балки кўпроқ сиёсий-иқтисодий тузилма ўлароқ кўрсатаётганини таъкидлайди.
“Саммитдан кейин иқтисодий жиҳат асосий нарсага айланиши керак, - дейди Сафаров. – Аммо, албатта, иқтисодиёт ҳар қандай дастурнинг энг оғир қисми бўлиб ҳисобланади, шу сабабли ҳам ҳарбий қисм доим фаолроққа ўхшаб кўринади”.
Бишкекдаги саммит арафасида кўпчилик сиёсатшунослар ШҲТнинг НАТОга қарши мувозанат ўлароқ сезиларли даража ҳарбийлашиш эҳтимоли борлиги ҳамда аксиламерикавий урғуларнинг кучайиши мумкинлиги тўғрисида гапиргандилар.
Бироқ “Перспектива” Таҳлилий Консорциуми эксперти Сергей Слепченко бу хавфсирашлар ва тахминлар ўзини оқламаганини айтади.
“Жуда кўпчилик ШҲТни ҳарбийлашган тузилма сифатида кўришни истагандилар, бироқ ҳозир ШҲТга аъзо мамлакатлар олдида турган асосий вазифа ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдир”, - дейди Слепченко.
Шунга қарамай, NBCA бир қатор сиёсатшуносларининг ҳарбий жиҳат устиворлик қилишига ва тобора кучайиб боришига ишончлари комил.
“Мен ҳарбий жиҳат устиворлик қилади, деб ўйлайман, - деб ҳисоблайди қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев. – ШҲТ доирасида бир неча иқтисодий лойиҳалар иши кўзда тутилганини эсдан чиқармаслик лозим, аммо бунга алоҳида эътибор қаратилмаса керак”.
Тожикистонлик таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов ҳам унинг фикрига қўшилади. У ШҲТ минтақавий тузилма сифатида катта куч йиғаяпти, бу эса бошқа ҳарбий-сиёсий тузилмалар хавотирига сабаб бўлмай қолмайди, деб ҳисоблайди.
“Мазкур минтақавий ташкилот ичидаги ҳар қандай кучайиш НАТО, Европа Иттифоқи каби ғарбнинг йирик ташкилотлари билан зиддиятни юзага келтиради, - деди Мамадазимов. – Шунинг учун ҳам бу зиддият йилдан-йилга кучайиб бораверади”.
Бишкекдаги саммит билан бир вақтда Россиянинг Челябинск вилоятида ШҲТнинг “Тинчлик миссияси-2007” ҳарбий машқлари бўлиб ўтмоқда, унинг актив босқичини ШҲТ давлат раҳбарлари 17 август куни кузатадилар.
(NBCA бутун минтақадан шарҳловчиларнинг кенг доирадаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этади)