Россия Ўзбекистон урани билан қизиқа бошлади
Россия Ўзбекистон урани билан қизиқа бошлади
Россия Федерацияси бош вазирининг биринчи муовини Сергей Иванов 4 июль куни Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон уранини Иркутск вилоятида жойлашган Ангарскдаги Уранни бойитиш халқаро марказида қайта ишлаш таклифини берган.
Ивановнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон учун бундан келадиган фойда хом ашё сотишдан келадиган фойдадан кўра кўпроқ бўлади”.
Марказ шу йилнинг май ойида Қозоғистон билан биргаликда ташкил этилган бўлиб, унинг ишига ҳозирда Украина ҳам қўшилган.
Ўзбекистон йилига 2000 тоннага яқин уран хом ашёсини қазиб олади ва уран заҳиралари бўйича жаҳонда еттинчи ўринни эгаллайди. Мамлакатда умумий ҳисобда 55,000 тонна уран заҳирасига эга бўлган 30 та кон фаолият кўрсатади.
“Қазатомпром” Қозоғистон миллий уран қазиб олиш ширкати маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ураннинг умумий заҳираси 180,000 тоннадан кўпроқни ташкил қилади.
NBCA экспертлари, агар бойитилган уран Ўзбекистон томонидан сотиладиган бўлса, Ўзбекистон учун янги лойиҳага қўшилиш фойдали бўлишини айтадилар.
NBCA иқтисодий эксперти Петр Своикка кўра, Россия таклифи Ўзбекистон уранининг рентабеллилигини ошириш имкониятинигина бериб қолмасдан, балки халқаро бозорлар учун ҳам қисман эшик очади.
“Экологик жиҳатдан хавфли бўлиши қарамасдан, Уран энергетикаси нафақат катта истиқболга, балки энергиянинг бошқа турларига қараганда афзалроқ истиқболга эгадир, - дея қайд этади Своик. – Агар Ўзбекистон бу халқаро кооперцияга кирса, у ҳолда бу жуда истиқболли бўлади”.
Ўзбекистон Жанубий Корея ва Японияга уран етказиб бериш бўйича бир неча битимлар тузган. Хусусан, 2007 йилдан бошлаб ҳар йили Японияга 300 тонна, 2010 йилдан бошлаб эса Жанубий Кореяга уран етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Россия Ўзбекистондаги Оқтов уран конини қазишда иштирок этмоқда, мазкур кон мамлакат шимолий-шарқидаги Қизилқумда жойлашган бўлиб, ундаги ураннинг умумий заҳираси 4400 тонна ўлароқ баҳоланади.
Шарҳловчилар лойиҳа бўйича шартномалар тузилган тақдирда Россиянинг Марказий Осий уран хом ашёси бозоридаги позицияси анча мустаҳкамланишини қайд этадилар.
“Россия Ўзбекистоннинг бутун хом уранини ўз қўлида жамлаб, уран сотиш бозорини назорат қила бошлайди”, - дейди сиёсатшунос ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев.
Бироқ Россияга бойитилган уранни юқорироқ нархларда сотилиши Россия олдидаги қарзлардан тезроқ қутулиш имконини беради, дея тахмин қилади эксперт.
Тошкентдаги Демократик ташаббуслар марказининг собиқ раҳбари Искандар Худойбергановга кўра, Ўзбекистон лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини пухталик билан таҳлил қилиб чиқиши лозим.
“Ўзбекистон уранини бойитишда Россия ўз манфаатини кўзлаяпти. Аммо бу ҳамкорлик нақадар тенгҳуқуқли ҳамкорлик бўлади? Сир эмаски, Россия Ўзбекистон табиий газини сотишдан [ортиғи билан даромад олади], уран сотишда ҳам буни истисно қилиб бўлмайди”, - дейди Худойберганов.
(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)