Ракеталар ҳақидаги келишим Россия билан ҳамкорликни кучайтиради
Ракеталар ҳақидаги келишим Россия билан ҳамкорликни кучайтиради
18-май куни Москвада Россия ва Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқариладиган “Игла” и “Стрела” кўчма зенит ракета комплексларидан фойдаланиш ҳақида ахборот алмашиш тўғрисидаги келишимга имзо чекдилар.
Мазкур кўчма ракеталар жангари гуруҳларнинг қўлида жиддий бир қуролга айланиши мумкинлиги таҳмин қилинади. Охирги пайтларда ҳарбий тўқнашувларда кузатилишича, жангарилар вертолётларни уриб тушириш учун ушбу аслаҳадан самарали фойдаланиб келяптилар.
Ушбу кўчма ракеталар борасидаги келишимнинг имзоланиши уларнинг харид қилиниши, жойлаштирилиши ва икки давлатнинг армия ва махсус бўлимларга тарқатилиши устидан назоратнинг кучайишини англатади. Томонлар ўз зиммаларига “Игла” ва “Стрела” русумидаги ракеталарни тарқатмаслик мажбуриятини оладилар ва шунингдек, бу қуролни аслаҳа савдоси билан шуғулланадиган учинчи давлатлар ва ташкилотларга сотмасликка мажбурдирлар.
Кузатувчиларнинг баҳо беришларича, мазкур келишим АҚШ билан алоқаларнинг совиб кетишига тўғри келган сўнг охирги икки йил давомида кучайган [Россия билан] икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкорликнинг ривожланганининг бир исботидир.
2005-йилнинг май ойида Андижонда юз берган воқеаларга нисбатан АҚШнинг қарашларидан аччиқланган Ўзбекистон ўша йилнинг июл ойида Америка қўшинларини мамлакатнинг жанубий-ғарбида жойлашган Қарши-Хонобод базасидан олиб чиқиб кетишни талаб қилган.
Ҳарбий таҳлилчилар Америка қўшинларидан сўнг ушбу базага рус ҳарбийларининг киритилиши эҳтимоли ҳақида гапирган эдилар. Бу таҳминлар амалга ошмади, лекин 2005-йилнинг кузида Россия ва Ўзбекистон иттифоқчилик келишимини имзолашган. Бу келишимнинг айрим моддаларига кўра, томонлар бир-бирларининг ҳарбий объектларидан фойдаланишлари мумкин ва бирон-бир томонга қарши уюштирилган ҳар қандай ҳарбий ҳужум иккала давлатга қарши ҳужум ҳисобланади.
2006-йилнинг августида 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон мақсадлари ва вазифалари бўйича НАТОга қиёсланган Коллектив хавфсизлик келишими ташкилотида аъзолигини тиклади. Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Армения ва Белоруссия КХКТнинг аъзоларидир.
Сиёсий таҳлилчи Алишер Афзалнинг фикрича, Россия билан ҳарбий соҳадаги алоқаларнинг илиқлашиши Тошкентга Европа Иттифоқи 2005-йилнинг кузида киритган ҳарбий-техник эмбарго оқибатларини осонроқ енгишга ёрдам беради.
Бундай келишимлар Ўзбекистон учун рус махсус хизматлари тайёрлаган оператив ва разведка ахборотларига ва замонавий қурол-аслаҳага йўл очади, дея қўшимча қилади NBCAнинг Тошкентдаги таҳлилчиси.
Ўзбек ҳукумати ташқи хавфлардан ҳавотирда ва шунинг учун ҳар қандай ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик келишимларига ўзгача эътибор қаратади, дейди сиёсатшунос Исмоил Иброҳимов.
«Гап шундаки, куч ишлатиш йўли билан ҳукумат алмашиниши хавфи ҳақидаги фикрлар амалдаги ҳукуматни чулғаб олган», - дейди Иброҳимов.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)