Марказий Осиё: Ягона энергетика тизими тарқалмоқда
Марказий Осиё: Ягона энергетика тизими тарқалмоқда
Новости-Казахстан ахборот агентлиги 8 октябрь куни Қозоғистон Энергетик тармоқларни бошқарув бўйича “KEGOC” Акционерлик жамияти Миллий компаниянинг президенти Қанат Бўзумбаевга таянган ҳолда Ўзбекистон ягона энергия доирасини тарк этишга қарор қилгани ҳақида хабар берди.
“Биз Ўзбекистон 15 октябрдан бошлаб параллель иш тизимидан чиқиб кетишга бошлаши тўғрисида хабарнома олдик”, - деди Бўзумбаев ҳукумат мажлисида сўзга чиқиб.
Минтақавий энергетик тизими ўтган асрнинг ниҳоясида шакллантирилган. Ўшанда Марказий Осиёнинг бешта республикаси – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган эдилар.
Тизим таркибига битта параллель тармоққа бирлашган юқори кучланишли электр узатиш линиялик 83 та электр станциялари кирган. Уларнинг иши Марказий Осиё давлатлари энергия тизимлари ўртасида электр энергиясининг шартномавий ва келишилган перетоклари асосида амалга оширилади.
Бирлашган энергетика тизими шундай тузилмага эгаки, агар бирорта энергия тугуни ўчириладиган бўлса, бошқа жойларда электр энергияси узатишда узилишлар содир бўлади.
Ўзбекистоннинг ягона энергетика тизимидан чиқиши ортидан қўшни мамлакатлар электр энергетикасига оғирлик келиши кўтарилади, дея хавотирланадилар NBCA шарҳловчилари.
“Қирғизистон учун оқибатлар айниқса жуда оғир кечади, - дейди Қирғизистон ҳукумати бош вазирининг собиқ муовини. – Биз доира бўйича келаётган ўша электр энергиясини доим ушлаб қола олавермаймиз, биз сувни бетўхтов тўплай олмаймиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам уни оқизиб туришимиз керак ва биз бу ҳолатда электр энергиясини беҳудага сарфлашимизга тўғри келади”.
Вазиятни тартибга солиш учун Қирғизистон қўшимча электр станцияси қуриши лозим бўлади, бунга эса кам деганда бир миллиард доллар пул керак.
Бошқа NBCA экспертлари Ўзбекистон мамлакатда табиий газда ишловчи ва мамлакатнинг электр энергиясидаги баъзи эҳтиёжини қоплай оладиган Янги Ангрен электр станцияси ишга туширилгани важидан ягона энергия тармоғини тарк этаяпти дея тахмин қилаяптилар.
Энди Қирғзстоннинг Тўхтағул ГЭС каскадларидан Тошкентга қараб кетган юқори кучланишли линиядан иборат энергетик доира узилади ва у ерга Янги Ангрен ГЭС ишлаб чиқараётган электр энергяси узатилади. Марказий Осиё энергетик доираси узилиши ортидан Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон ва Жамбул вилоятлари бу доирадан автоматик тарзда узилиб қоладилар.
Бироқ таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам кўраётган ушбу чоралари ёрдамида муаммолардан қутилиб қолмайди.
Қирғизистон пойтахти Бишкекда истиқомат қилувчи энергетика бўйича эксперт Раимбек Маъмировнинг тушунтиришича, Ўзбекистон электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилади. Бу эса чўққи қувватлар дея аталувчи қувватларни тартибга солишга имконият бермайди.
“Энергетик доиранинг афзаллиги энергия истеъмоли энг юқори даражага чиққанида етмаган жойларга ортиқча жойлар ҳисобидан қоплаб келганида бўлиб, бундай вазиятларда энергия Тошкентдан Фарғонага узатилган. Бундай тартибни қўллаш иқтисодий жиҳатдан манфаатли ҳам, - дейди Мамиров. – Энди Тошкент қувват чўққиларини ўзи қоплашига ва энергия манбалари оз бўлган Фарғона водийсига элекр энергияси узатиш бўйича харажатлари ўзи кўтаришига тўғри келади”.
Минтақа мамлакатларида энергия ресурслари нотекис тақсимланган: баланд тоғли Қирғизистон ва Тожикистонда сув ресурсларининг деярли 80 фоиз шаклланади, дарёларнинг қуйи ўзанида жойлашган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон эса нефть ва газ захираларига бой.
Қиш мавсумида Қирғизистон ва Тожикистон республикалари ўз ҳудудларида барпо этилган сув омборларида сув захираларини тўплайдилар ва бу сувнинг бир қисми электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилади, бошқа қисми эса минтақанинг бошқа барча давлатлари томонидан вегетация даврида қишлоқ хўжалиги плантацияларини суғориш учун сарфланади.
Ўзбекистон табиий гази Қозоғистонга, Қирғизистонга ва Тожикистонга етказиб берилади, Қирғизистон ва Туркманистон электр энергияси Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит йўли билан Тожикистонга оқизилади.
Бироқ минтақа давлатлари ўзларининг мустақил энергетик сиёсатни ўтказишни ва ҳатто ўз шартларини қўшниларига диктат қилишни ихтиёр қиладилар, бу эса ўз навбатида кўпинча энергия воситалари етказиб беришда узилишлар йўл қўйилишига олиб келади.
Суғориш мавсумида Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўткир сув танқислигини бошидан кечирадилар, бу мамлакатларнинг иқтисодиёти суғоришга муҳтож бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – пахта толаси экспортига қарам бўлиб қолган. Куз ва қиш мавсумида эса Тошкент қарзи кўпайиб кетган қўшниларга кетаётган газ вентилларини бураб, зангори олов ёқилғиси етказиб беришни ёки техник аварияларни баҳона қилиб Туркманистон электр энергияси транзитини тўхтатиб қўяди.
Тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонин мамлакат расмийларининг ягона энергия тизимидан чиқиш тўғрисидаги қароридан ўзининг ҳайрон қолганини яширмади. Аммо у бундай қарор қабул қилинишининг сабаби қўшни мамлакатлар томонидан “иқтисодий эксплуатация” ва “қониқарсиз” тўлов механизми бўлиб қолган бўлса керак дея тахмин қилмоқда.
Ўзбекистон бир неча бор Тожикистон ва Қирғизистоннинг янги қудратли элект станцияларини қуриш тўғрисидаги режалари борасида ўзининг норозилигини билдириб келган эди. Ўзбекистонга кўра, ушбу режаларнинг амалга оширилиши сув тақчиллиги муаммосини яна ҳам кучайтириб юборади.
Бундан ташқари, сентябрь ойининг охирида Ўзбекистон 19 миллион долларга тенг қарз тўпланиб қолгани учун Қирғизистон жанубига табиий газ етказиб беришни бутунлай тўхтатиб қўйди ва мамлакат шимолига етказиб берилаётган газ ҳажмини 30 фоизга қисқартирди. Расмийларнинг айтишига қараганда, қарз тўла қопланганидан кейин ёқилғи етказиб бериш бошланар экан.
Аммо Қирғзистон ҳукуматининг вакилларига кўра, қарзлар Ўзбекистон табиий газ нархини кўтариб қўйгани учун кўпаймоқда. Бишкек айни пайтда ҳар минг куб метр ўзбек гази учун 240 АҚШ долларидан тўлаяпти. Ҳолбуки, қўшни Қозоғистон ўзбек газини 80 доллардан, Россия эса 170 доллардан сотиб олаяпти.
“Мир Евраазии” (“Евросиё дунёси”) журналининг бош муҳаррири Эдуард Полетаевга кўра, минтақада етакчилик ролини эгаллашга даъвогарлик қилаётган Ўзбекистоннинг ягона энергия тизимидан чиқишини сиёсий сабаблар ҳамда расмий Тошкентнинг амбициялари билан изоҳлаш мумкин.
Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг доценти, сиёсат фанлари номзоди Фарҳод Толиповнинг тахмин қилишича, умумий энергия тизимида иштирок этишдан бош тортиш минтақавий интеграцияга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. “Бундан на Ўзбекистон, на Қозоғистон, на Қирғизистон ва на Тожикистон ютадилар”, - дея қайд этади сиёсатшунос.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)