Қуролланган исломий гуруҳнинг Марказий Осиёга қайтиш аломатлари
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз сафида янги лидер пайдо бўлгани ҳамда Марказий Осиёга ҳужум учун олдига янги мақсадлар қўйгани ҳақида билдирмоқда.
Қуролланган исломий гуруҳнинг Марказий Осиёга қайтиш аломатлари
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз сафида янги лидер пайдо бўлгани ҳамда Марказий Осиёга ҳужум учун олдига янги мақсадлар қўйгани ҳақида билдирмоқда.
Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ўз сафида янги лидер пайдо бўлгани ҳамда Тожикистонда ҳукуматнинг 25 аскари ўлдирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани борасидаги яқиндаги баёноти “бу гуруҳ Марказий Осиёга яна қайтишни режалаштираяптими?” деган саволни юзага чиқарди.
Бу исломий гуруҳ 1999 ва 2000 йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистонга қилинган бир неча юришлар билан таҳдид солган, 2001 йил охирида Афғонистонда Толибон ҳукумати қулаганидан кейин эса Покистондаги Қабилалар ҳудуди деб юритилмиш Жанубий Вазиристонда жойлашиб олганди.
Бироқ, хабарларга кўра, кейинги бир йил мобайнида ЎИҲнинг кўплаб аъзолари Афғонистоннинг Тожикистон билан қўшни бўлган шимоли-шарқий қисмига ўтиб олган. Бунга қисман Покистон армиясининг қуруқликдан қилган ҳужумлари ва америкалик ҳарбийларнинг радиобошқарув билан амалга ошириладиган ҳужумлари сабаб бўлган.
Уларнинг Афғонистонга кўчишини айрим таҳлилчилар НАТО кучларининг Марказий Осиё ҳудуди орқали амалга оширилаётган таъминотини барбод қилиш мақсадида Толибон томонидан амалга оширилаётган муҳтамал ўйин, деб ҳисоблайдилар. Айни пайтда Покистон орқали жанубий йўналиш бўйлаб жўнатилаётган юклар ҳам қуролли жангарилар ҳужумига учрамоқда.
Август ойи ўрталарида ЎИҲ веб-сайтида ташкилот ўзига янги лидер – Усмон Одилни сайлагани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Унда Усмон Одил, сайтнинг хабар қилишича, ўтган йили ҳалок бўлган Тоҳир Йўлдош ўрнига келгани қайд этилади. Тоҳир Йўлдошев 1990 йиллар бошларида Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида таниқли фаоллардан бўлган, у Наманган шаҳрида ташкил этилган исломий гуруҳга дохил эди. Бу гуруҳ аъзолари Тожикистонга ўтиб, 1992-97 йиллардаги фуқаролик уруши чоғида мухолифат тарафида уришган, кейин эса Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда амалдаги ҳукуматларни ағдаришни мақсад қилмиш Ўзбекистон Исломий ҳаракатини тузганлар. Шундан сўнг ҳаракат аввал Афғонистонга, кейин эса Покистонга кўчиб ўтди.
Аввалроқ Йўлдошев 2009 йилнинг август ойида Жанубий Вазиристонда АҚШнинг учувчисиз учоқлари томонидан амалга оширилмиш ракета ҳужуми чоғида яралангани ёки ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқаганди. Бироқ бу маълумот мазкур ҳодисани ЎИҲнинг ўзи тан олиб, лидерини тобутда ётган видеотасвирини кўрсатмагунича тўла тасдиқламаганди.
“Мусулмонларнинг кўнгли чўкмаслиги, кофирларнинг руҳияти кўтарилмаслиги учун бу мусибатни ўша вақтда эълон қилмасликни лозим тутдик”, - дея маълум қилди ЎИҲ Тоҳир Йўлдош ўлими тўғрисидаги маълумот нима сабабдан бу қадар узоқ вақт ошкор қилинмагани юзасидан изоҳ бераркан.
Ташкилотнинг янги лидери Усмон Одил ҳақида унинг Наманган шаҳридан эканию Тоҳир Йўлдошнинг катта қизига уйлангани маълум, холос.
23 сентябр куни «Озод Европа»/«Озодлик» радиоси тожик хизматига юборилган видеоёзувда ўзини ЎИҲ воизи Абдул Фаттоҳ Аҳмадий деб таништирган киши акс эттирилган. У ЎИҲ бундан тўрт кун аввал Тожикистон шарқида аскарлар гуруҳига қилинган ҳужум учун (мазкур ҳужум натижасида 26 ҳарбий ўлдирилганди) масъулиятни зиммасига олажагини билдирди. Бу аскарлар шу йил август ойида Душанбе ҳибсхонасидан қочган 25 нафар маҳбусни қидириш учун юборилгандилар.
Тожикистондаги фуқаролик уруши тугаганидан 13 йил ўтиб тожик расмийлари мамлакат шарқидаги тоғларда янгитдан қуролли гуруҳлар пайдо бўлганидан ташвишга тушиб қолдилар.
Уларни айниқса фуқаролик урушида бўлган мухолифат отрядлари билан жангларда тобланган, ҳозирда икки мамлакат ўртасидаги заиф чегаранинг Афғонистон томонида жойлашган ўзбек жангариларининг бирлашиб кетиш истиқболи чўчитади.
Аҳмадий мазкур ҳужум Тожикистон ҳукуматининг масжидларни ёпиш, мусулмонларни қамаш ва исломий либослар кийишни таъқиқлаш каби хатти-ҳаракати учун қасос амалиёти бўлганини айтди.
Бироқ у ЎИҲ Тожикистон расмийларининг Афғонистондаги халқаро ҳарбий кучлар билан ҳамкорлигига қарши эканини айтиб, ҳаракатнинг янада каттароқ геосиёсий иддаолари борлигига ҳам ишора қилди.
Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун ЎИҲдан келиши мумкин бўлган хавф кўлами ноаниқлигича қолмоқда, бироқ бу хавф мазкур уч мамлакатнинг ҳар бири учун характер жиҳатдан фарқли бўлиши мумкин.
Тожикистон билан Афғонистоннинг ён қўшни экани, шунингдек, ЎИҲ ғояларини қўллаган ёки улар билан алоқада бўлган жангари гуруҳларнинг қайтадан фаоллашиб қолгани хавотирларга сабаб бўлмоқда. 1999 ва 2000 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистонга қилинган юришлар Тожикистондаги ЎИҲ маҳаллий тарафдорлари бўлган тоғли ҳудудлардан туриб амалга оширилганди.
Қирғизистон жануби июн ойида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида бўлиб ўтган, 400 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган тартибсизликлардан кейин ҳалигача ўзига келолмаяпти.
Москвадаги Сиёсий технологиялар маркази директори Андрей Медведев Қирғизистон ва Тожикистондаги беқарорлик ЎИҲ учун барқарор мавқега эга бўлиб олиш имкониятини беришини таъкидлайди.
“Минтақадаги вазият ўта қалтис, турли террорчилик кўринишлари учун замин ҳозирланган, - деди у. – Мен бугунги кунда ЎИҲ мавқеи [ёмон томонга] ўзгармади, билъакс, фақат кучайди, деб ўйлайман”.
ЎИҲ нишонига айланиши мумкин бўлган уч мамлакат ичида Ўзбекистон исталган жанговар ҳаракатларни тўхтатиб қолиш мумкин бўлган ерда жойлашган.
Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов фикрича, ЎИҲ каби тажовузкорона кайфиятли экстремистик гуруҳлар фақат алоҳида олинган ҳудуд миқёсидагина хавф солиши мумкин, холос.
“Муайян ҳудудда қанақадир диверсион ҳаракатларни амалга ошириш нуқтаи назаридан улар ҳар доим хавфли бўлиб келган. Бироқ террорчиликка қарши курашнинг аввалги бутун тажрибаси қандайдир радикал гуруҳлар пайдо бўлган пайтда минтақа мамлакатлари ҳукуматлари уларга қарши кураша олишлари ва бас кела олишлари мумкинлигини кўрсатди”, - деди Толипов.
Унинг сўзларига кўра, исломий радикализмга минтақада у қадар қизиқиш йўқ ва бу ерда ЎИҲ каби гуруҳларнинг тарафдорлари кам. “Агар ЎИҲ ғоялари аҳоли ўртасида чиндан ҳам ёйилган бўлганида биз аллақачонлар кенг кўламли халқ ғалаёнларининг гувоҳи бўлган бўлардик”, - деб ҳисоблайди у.
Қирғизистон жануби узоқ вақтдан бери исломий кайфият ўчоғи бўлганига қарамасдан, бу ҳудуд зиддиятда жиддий рол ўйнаган эмас. Шунга қарамай, бир қатор экспертлар ЎИҲ бу ердаги норозиликдан фойдаланиб, мазкур ҳудудга ўрнашиб олиши ва маҳаллий ўзбекларни ўзи томон оғдириб олишга уриниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев ЎИҲнинг Қирғизистон жанубида ўз мақсадига эришиш хавфи бор, деб ҳисоблайди.
“У ерда барча нарсасидан – қариндошларидан, уй-жойидан, мол-мулкидан мосуво бўлган одамлар бор. Мен уларнинг ЎИҲга қўшилиб кетиши мумкинлигидан ва иш Қирғизистонда жанглар билан якунланишидан хавотирдаман”, - деди у.
Йўлдошевга кўра, ЎИҲнинг сўнгги баёнотлари ва таҳдидлари “жаҳонга ҳаракатнинг фаоллашганини кўрсатиб қўйиш” мақсадида амалга оширилган ҳаракатлардир.
Мазкур мақола IWPRнинг Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқий таълим” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича ахборот дастури” лойиҳалари доирасида тайёрланган.
IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қарашларини мутлақо акс эттирмайдиган мазкур мақола мазмуни учун масъулиятни тўлалигича ўз зиммасига олади.