Қўрқмас Каримов
Қўрқмас Каримов
Инфляциянинг ўсиши оммавий норозилик ҳаракатларини юзага келтирди. 3 сентябр куни Фарғона водийсидаги олтиариқликлар озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ортиб бораётганига қарши норозилик билдириб, кўчага чиқдилар. Хабарларга кўра, Андижон, Наманган ва Фарғонада ҳам катта миқёсдаги намойишлар бўлиб ўтган.
Август ойининг бошларида бир килограмм буғдой унининг нархи икки баробарга ортди. Айни пайтда мамлакатда навбатдаги нон танқислиги кузатиляпти.
«Ахборот-Uz» ахборот агентлиги август ойининг охирида сўров ўтказилгани ҳақида хабар қилади. Унга кўра, респондентларнинг 44 фоизи беқарор вазият мамлакатни давлат тўнтаришига олиб бориши мумкин, деб ҳисоблайдилар. 46 фоизи эса президент Ислом Каримовнинг ҳозирги режими бундай сценарийга йўл қўймайди, деб биладилар.
Сўров натижаларида унинг қаерда олиб борилгани ҳам, интервью берганларнинг умумий сони ҳам кўрсатилмаган.
NBCentralAsia кузатувчилари ҳам кўпчилик респондентларнинг Каримов улкан ҳарбий ҳукуматга эга экани ва бу нарса давлат тўнтариши ясаш имконини пучга чиқариши ҳақидаги фикрларига қўшилади.
2005 йилнинг 12 майида Андижондаги норозилик билдирувчилар ҳарбий гарнизон ва турмани ҳужум билан эгаллаб олдилар. Қуролларни олиб, маҳбусларни озод қилдилар. Шундан сўнг 23 нафар бизнесменнинг айбланишига қарши намойиш бўлди. Айбловда улар исломий экстремистлар қилиб кўрсатилгандилар. Эртаси куни эса ҳукумат ҳарбийлари шаҳар марказига йиғилган оммага қарши ўт очиб, юзлаб одамларни ўлдирдилар.
Кейинроқ Каримов, “агар буйруқ берилса, аскарлар ўйлаб ўтирмайдилар”, деб баёнот берди.
NBCA кузатувчиси Алишер Афзал, президент томонидан берилган бу баёнот ҳали одамлар хотирасида узоқ муддат қолиб кетади, деб таъкидлайди.
“Гарчи майда норозилик тўлқинлари бўлиши мумкин бўлса-да, катта ажиотаж ҳақида башорат қилиб бўлмайди”, - дейди у.
Мустақил жамиятшунос Раҳим Каримовга кўра, ўзбекистонликларнинг асосий озуқаси бўлган нон нархининг кўтарилиши ҳақиқатда халқ орасидаги тўлқинни сунъий тарзда кучайтириб юбориши мумкин, “лекин буни ҳеч қанақасига давлат тўнтариши деб бўлмайди, чунки озиқ-овқатга доир ҳолат енгиллатилиши билан бу кескинлик қайтади”.
Ҳозирда Ўзбекистон сиёсий мавҳумлик ичида қолган. Конституцияга кўра, президент сайловлари унинг етти йиллик муддати тугайдиган йилда ўтказилиши лозим. 1991 йилдан буён президент бўлиб келаётган Каримов эса охирги марта ўз постини 2000 йилда эгаллаган. Шундан келиб чиқадики, декабр ойида бўладиган сайловлар пайтида Каримовнинг президентлик муддати 8 йилни ташкил қилади.
Сайловлар яқинлашяпти. Бироқ Каримов бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ. Ўзбекистон конституциясига кўра, кетма-кет икки муддат ўтганидан кейин президент яна хизмат қилиши мумкин эмас.
Ўзбекистонлик бир мустақил журналист номини айтмаслик шарти билан ўз фикрини билдирди. Унга кўра, мамлакатнинг ҳозирги президенти ҳукумат алмашинишини амалда истисно қилиб бўлди ва у ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ҳамма имкониятларни ишга солади.
(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)