Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлар

Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлар

Wednesday, 1 August, 2007
-Ўзбекистон иқтисодий стратегиясининг қабул қилиниши фаолроқ кооперацияга интилишни намоён этади, бироқ NBCA экспертлари икки мамлакатнинг кучли президентлик ҳокимиятига эга бўлган сиёсий тизимлари тўлақонли иқтисодий ҳамкорлик қилишни қийинлаштириб юбориши мумкинлигини айтадилар.



Қозоғистон бош вазири Карим Масимовнинг Тошкентга ташрифи чоғида 26 июль куни Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида 2007-2016 йиллар учун Иқтисодий ҳамкорлик стратегияси имзоланганди.



Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги мол айланмаси бир йил ичида қарийб икки баробар ошгани ва 2007 йил охирига келиб бир миллиард АҚШ долларидан ошиб кетиши мумкинлиги қайд этилганди.



NBCA таҳлилчилари узоқ муддатли стратегиянинг имзоланиши ўзаро савдо-сотиқ алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан жиддий сиёсий ниятларни намоён этишини, бироқ янада фаолроқ иқтисодий ҳамкорлик қилиш учун икки томонлама божхона ва солиқ тартибини сусайтириш йўли билан тўлақонли интеграциялашув ҳамда икки давлат сиёсий тизимларини либераллаштириш етишмаётганини айтадилар.



NBCA таҳлилчиси Петр Своик қабул қилинган стратегиянинг иқтисодий ҳужжатдан кўра кўпроқ сиёсий ҳужжат бўлганини айтади.



Своик иқтисодий интеграциядаги асосий тўсиқ икки давлатдаги сиёсий тузум бўлиб ҳисобланади, деган фикрда. “[Икки мамлакат ўртасида] давлатлараро институтлар, комиссиялар, ундан ҳам яхшироғи – парламент ҳамкорлиги бўлиши лозим. Бу эса йўқ ва сиёсий сабабларга кўра, иккала тизимнинг сиёсий тузилишига кўра ҳали-бери бўлмаса ҳам керак”, - дея изоҳ беради Своик.



Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг сиёсий тизими кучли президентлик ҳокимияти билан фарқ қилади, мамлакат лидерлари бўлган Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов ўз мамлакатларини 1991 йилда СССР тарқалгунича ҳам бошқариб келгандилар.



Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, Каримовнинг сўнгги муддати 2007 йил декабрида тугайди. Бироқ президент ҳали президентлик сайловлари юзасидан расмий баёнотлар берганича йўқ.



Шу йилнинг май ойида Назарбоев тўнғич президентга сайловларда чекланмаган миқдорда иштирок этиш имконини берувчи конституцион тузатишларни имзолаганди.



Своик Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик учун газ қазиб олиш, темирйўл ва автомобиль йўли транзити, сув хўжалиги, Қозоғистон ўғитларини Ўзбекистондаги пахтачилик соҳасига етказиб берилиши кабилар истиқболлироқ жабҳалар бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблайди.



Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг (ҚСТИ) иқтисодий тадқиқотлар бўлими мудираси Гулнур Рахматуллина ҳам қишлоқ хўжалик, ёқилғи-энергетика комплекси, енгил саноат, машинасозлик соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар борлигини қайд этади.



Ҳозирда икки мамлакат 2008 йилда қурилиши лозим бўлган, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали ўтиши керак бўлган Туркманистон-Хитой газ қувурини биргаликда қуриш ҳақида музокаралар юритиш босқичида турибдилар.



Янги стратегия имзоланиши икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ошиши учун ҳуқуқий асослар яратилишидан далолат беришига Рахматуллинанинг ишончи комил.



“[Имзоланган стратегия билан] ҳуқуқий асос ҳам яратилади, - дейди Рахматулина. – Бироқ Ўзбекистонда ҳали бозор ислоҳотлари тўла ривожланган эмас, тадбиркорлар эркин нафас ололмайдилар, банк амалиётлари борасида муаммолар пайдо бўлиб туради”.



Heritage Foundation ва Wall Street Journal тадқиқотларига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан эркин бўлмаган мамлакатлар қаторида бўлиб, рейтингда 132-ўринни эгаллаб турган бир пайтда, Қозоғистон иқтисодий эркинлик даражаси бўйича жаҳоннинг 161 мамлакати ичида 75 ўринни эгаллаб, Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчилик қилиб келмоқда.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги фикрларни эътиборингизга ҳавола этади)

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists