Халқаро трейдерларни Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишга чақирдилар

Ҳукуматнинг ишонтиришларига қарамай, ўтган кузда ва бу йил баҳорда пахта далаларида яна болалар пайдо бўлдилар.

Халқаро трейдерларни Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишга чақирдилар

Ҳукуматнинг ишонтиришларига қарамай, ўтган кузда ва бу йил баҳорда пахта далаларида яна болалар пайдо бўлдилар.

Tuesday, 7 July, 2009
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари дунё ҳамжамиятини Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишга чақирмоқдалар.

Сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммосига эътибор қаратиш бўйича муваффақият ила олиб борилган кампания туфайли тўқимачилик саноатининг етакчи ассоциациялари ҳамда Вол-Март (Wal-Mart), Теско (Tesco) ва Маркс энд Спенсер (Marks & Spencer) каби чакана савдо бирлашмалари бу мамлакатдан пахта толасини сотиб олишдан воз кечдилар.

Ўзбекистоннинг 47 нафар ҳуқуқ ҳимоячилари ва мажбурий болалар меҳнатидан ташвишланган фуқаролари Европа иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ ҳукуматига мактуб йўлладилар ва Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олишдан бош тортишга ҳамда тижоратчиларни Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олмасликка чақирдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг мактуби 12 июнь куни нишонланадиган Халқаро болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан ёзилган.

Ўзбекистонда ҳар йили экин экиш ва ҳосил йиғиштириб оладиган пайтда 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган 1,6 дан 2,4 миллионгача болалар пахта далаларида ишлайдилар. Мамлакатдаги барча мактаблар икки ой давомида ёпилади ва ўқувчиларни ҳафтасига етти кун, дам олишсиз пахта тергани жўнатадилар.

“Мактаб ўқувчиларини сентябрь ойидан бошлаб ноябрь охиригача пахта далаларида ишлашга мажбур қиладилар, - дейди Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи ҳуқуқ ҳимоячи аёл. – Ахир бу мактаблардаги таълим сифатига таъсир этмайдими?”

Ўзбекистон ҳукумати шу чоққача мамлакатда болалар меҳнати мавжудлигини инкор этиб келган, аммо пахта саноати маҳсулототларини бойкот қилиш тобора кучайиб бориши натижасида уларнинг позицияси заифлашиб қолди.

Шунинг учун ҳам 2008 йил сентябрь ойининг бошида республика ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи икки халқаро конвенцияни мамлакатда расман жорий қилди. Бу конвенциялар олдинроқ, шу йилнинг ўзида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси меҳнат қилиш лаёқатининг минимал ёши бўйича ҳукумат қарорига риоя қилишга мажбур қилувчи ҳаракатларнинг миллий режасини маъқуллади. Янги қоидага мувофиқ 15 ёшдан паст бўлган балоғатга етмаган болаларни ишга, шу жумладан, пахта теримига ҳам қабул қилиш мумкин эмас.

Шундан кейин расмийлар болалар энди пахта даласида ишламаяптилар дея таъкидлашда давом этдилар. Аммо бир неча ҳафта ўтиб ушбу баёнотлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини ошкор этувчи фактлар пайдо бўла бошлади. Бу ҳақда Лондондаги Экологик адолат фондининг (Environmental Justice Forum, EJF) яқинда эълон қилинган “Болалар ҳанузгача далада” (Still in the feilds) дея аталувчи ҳисоботида маълум қилинган.

“Бу республикада давлатнинг кўмаги билан мажбурий болалар меҳнати тизими кенг кўламда қўллангани важидан EJF фонди Ўзбекистонни ноёб мамлакатлар қаторидан ўрин олган деб ҳисобламоқда, - дейилади ҳисоботда. – Бу ҳолат кўламининг авж олиш борасида ҳамда халқаро босимнинг кучайишига қарамай, болалар меҳнатидан фойдаланишнинг сабаби бўлган омилларни йўқ қилишга истамаслик ҳамда бундай омилларнинг борлигини тан олмаслик бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларни анча ортда қолдирган”.

Жойларда ўтказилган тадқиқотлар асосида тузилган ҳисоботда айтилишича, болалар оғир шароитларда арзимаган пулга ишлаяптилар. Улар ўз саломатликларини хавф остига қўймоқда. Ҳисоботда ўтган йили пахта далаларидаги ишлар билан боғлиқ камида 5 та ўқувчи боланинг вафот этгани қайд этилган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар ушбу ҳисоботнинг чоп этилишига жавобан билдиришича, республикада болалар меҳнатининг мавжудлиги борасидаги барча гувоҳликларга қарамай, “расмийлар Ўзбекистонда болаларнинг оммавий равишда эксплуатация қилиниши ҳолатини ҳамда бу ишда ўзлари иштирок этиб келаётганларини инкор этиб келмоқдалар”.

Ўтган йили куз мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишга киритилган тақиқни тасдиқлаганидан кейин республика ҳукумати ушбу муаммо (илгари умуман бўлган бўлса ҳам) ўтмишда қолиб кетди дея таъкидлай бошлади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, агар 2008 йил пахта терим мавсумида қандайдир болаларнинг пахта далаларида ишлаётгани кўрилган бўлса ҳам, улар ота-оналарига ёрдам бераётгани учун назарга тушиб қолганлар, ҳукумат эса оилаларнинг ўз далаларида ишни қай тарзда ташкил этаётганларини назорат қилишга имконияти йўқ.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг директори Акмал Саидов ўтган йили декабрь ойида БМТдаги учрашувда “қонунга кўра, [хусусий] фермалар мустақил объект саналади. Шунинг учун ҳам агар болалар фермерларнинг пахта даларида ишлётган бўлсалар, давлат бунинг учун жавобгар бўла олмайди” - деб айтди.

Аммо “Болалар ҳанузгача далада” дея аталувчи ҳисоботда айтилишича, “EJF учратган болаларнинг таъкидлашича, 2008 йил пахта терим мавсуми олдинги йиллардаги каби бўлиб ўтган. Ҳукуматнинг баёнотлари эса болаларнинг ҳаётига ўзгартиш киритгани йўқ” деб айтилган.

Ҳисоботда айтилишича, Тошкент бўлаётган барча воқеалардан хабардор: “2008 йилда нима ўзгарган бўлса ҳам, бу ўзгариш - пахта далаларида хавфсизлик идораларининг вакиллари пайдо бўлиб қолгани важидан вазиятнинг мустақил мониторингини олиб боришга имкониятнинг камайиб кетгани бўлиб қолди қолди. Ҳолбуки, ҳукуматнинг таъкидлашича, ўша одамларнинг ўзлари қонуннинг ҳар бир нуқтасига риоя қилишлари ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари керак эди”.

Ҳуқуқ ҳимоячи аёл Гавҳар Орипова расмий баёнотлар ва амалда содир бўлаётган воқеалар орасида фарқ мавжудлигини тасдиқлади.

У фермер хўжаликларида болаларни сўроққа тутаётган пайтда унинг олдига маҳаллий мактаб директори келиб: “бу болалар ота-оналарига ёрдам бераяптилар, холос”, деб айтган.

“Аммо мен у ерда бирорта ҳам ота-онани кўрганим йўқ, - дейди Гавҳар. – У ерда фақат пайпоқсиз оёқларига калиш кийган болалар ишлаб, пахта тераётган эдилар. Бу ноябрь ойида бўлган воқеа”.

Пахта толаси Ўзбекистоннинг асосий экпорт маҳсулоти саналади. Ўтган йили бу мамлакат пахта толаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади. Мамлакатда ярми давлатга тегишли бўлган иккита агентлик пахта экспорти билан шуғулланади. Аммо экспорт ортидан мамлакатга келиб тушаётган салмоқли валюта оқимлари ўша пахтани етиштираётган одамларнинг даромадини ошираётгани йўқ.

Ўзбекистондаги фермерлар хусусий тадбиркор саналадилар, аммо улар давлат олдида доим қарздор бўлиб қолмоқдалар. Негаки, улар ўз ерларини узоқ муддатга ижарага олганлар. Фермерлар ҳозиргача пахта хом ашёсини етиштириш бўйича давлат буюртмасини бажаришга, етиштирилган ҳосилни эса бозор нархидан анча паст бўлган монополия нархи бўйича давлатга топширишга мажбурлар. Пахтани хусусий тартибда сотиш қонунга хилоф саналади.

Шундай қилиб, назарий жиҳатдан хусусий саналувчи пахта саноати улкан давлат корхонаси томонидан бошқарилади, маҳаллий даражадаги мутасаддиларга эса “режани бажариш” бўйича топшириқ берилган ва улар бунинг учун керак бўлса зўравонлик қилишлари ва болалар меҳнатидан фойдаланишлари мумкин.

“Ўзбекистон билан яхши таниш бўлмаган одамлар учун қизиқ туюлиши мумкин, аммо мамлакатимизда пахта саноати соҳасини бошқариш амалда бош прокуратурага топширилган, - дейди айни пайтда чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев. – Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик ишлари милиция ходимларининг тўла назорати остида ўтади”.

Фермерлар барча сарф-харажатларни ўз зиммаларига оладилар, аммо шу билан бирга, улар етиштирган маҳсулотларини давлат белгилаб берган нархда топширишга мажбурлар. Шунинг учун ҳам пахта етиштириш катта даромад келтирмаслигидан ҳайрон бўлмаса ҳам бўлаверади.

“Фермерлар нафақат даромад олмайдилар, балки, кўпинча зиёнда қолиб кетадилар”, - дейди Йўлдошев.

Мамлакат марказида жойлашган Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи кимса ижарага ер олиб пахта етиштираётган одамлар қандай тирикчилик қилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Фермерларга унчалик катта бўлмаган ер участкаларида мева ва сабзавот экишга рухсат берилган, кейин эса улар етиштирилган ҳосилни бозорга олиб чиқиб сотадилар.

Майда фермер хўжаликлар гуруҳини битта хўжаликка бирлаштириш бўйича мажбурий консолидация ортидан кўплаб собиқ ижарачилар ерсиз ва ишсиз қолдилар. Аммо улар ҳеч қандай товон пули олганлари йўқ.

Ҳатто йирик ижарачилар ҳам ёлланма ишчиларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлашга қодир эмаслар, иш қидирувчиларнинг кўпчилиги даромади каттароқ бўлган ишларни ўз мамлакатида ёки чет элда топмоқдалар.

Пахта ишлаб чиқариш соҳасига ҳеч қандай ўзгартишлар киритилмагани туфайли 2009 йилда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланишга тўғри келади, дея ҳисобламоқдалар шарҳловчилар.

Ўтган ойда IWPR томонидан сўралган одамлар уларнинг болалари чигит экиш ишларига ҳамда ғўза яганасига жалб этилганини айтиб бердилар.

Шарҳловчиларга кўра, маҳаллий ҳокимият очиқчасига мажбурлов қўллагани йўқ. Бунинг ўрнига у моддий рағбатлантиришни қўллади ва фермерлардан ҳар бир ишчи болага бир кунга беш-олти минг сўмдан тўлашни талаб қилди. Бу 4 ёки 5 долларга тенг.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларининг очиқ хатида “агар ҳукумат кенг кўламдаги ислоҳотларни бошласа ва нима экишни ҳамда етиштирилган маҳсулотни кимга қандай нархда сотишни ҳал қилишни фермерларнинг ўзларига ҳавола қилса, фақат ўшанда болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини ҳал қилиш мумкин, - дея билдирмоқдалар. - Шу чоққача бу нарсанинг амалга ошишига далил бўлувчи аломатлар кўрингани йўқ”.
Frontline Updates
Support local journalists