Камолиддин Раббимов: Тошкент ва Пекинни умумий ҳадик бирлаштириб турибди
Камолиддин Раббимов: Тошкент ва Пекинни умумий ҳадик бирлаштириб турибди
6-7 июнь кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида иштирок этиш учун Пекинга расмий ташриф билан борди. Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома ҳамда умумий қиймати беш миллиард АҚШ долларидан кўпроқ бўлган 40 дан зиёд савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий битим имзоланди.
Францияда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов NBCAга берган интервьюсида Ўзбекистон-Хитой муносабатларидаги бугунги тенденциялар ва ўзаро ишонч сабаблари ҳақида гапиради.
NBCA: Президент Каримов билан суҳбат чоғида Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао сиёсий ишончнинг янада теранлашуви, халқаро ва минтақавий ишлардаги ҳамжиҳатлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик каби Тошкент ва Пекин ўртасидаги алоқаларнинг янги бир неча йўналишини белгилаб ўтди.
Бу Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичга чиққанини англатадими?
Камолиддин Раббимов: Шу кунгача Марказий Осиё мамлакатлари “Хитойга ўз эшикларини очмаслик” каби ёзилмаган қоидага амал қилиб келгандилар. Аммо ўтган йигирма йил мобайнида Хитойнинг минтақадаги хатти-ҳаракати ўта эҳтиёткорона бўлди, минтақа мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар эса уларнинг Пекин олдида секин-аста “ўз эшикларини очишлари”га туртки берди.
Бугунги кунда Хитой йириклиги жиҳатдан Ўзбекистоннинг иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Хитой бу деярли бир ярим миллиард аҳолиси бўлган, дунёда энг тез суръатлар билан ўсиб бораётган иқтисодиётдир. Агар Пекиннинг бир кўзи хавфсизликка қараб турган бўлса, иккинчи кўзи Марказий Осиёдаги энергия заҳираларига тикилган.
Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши икки томон учун ҳам фойдали. Хитой учун бу ўзининг Ўзбекистонда кучайиб бораётган сиёсий-иқтисодий ҳозирлигини легитимлаштиришдир. Расмий Тошкент учун эса бу ўз хавфсизлиги учун қўшимча молиявий-иқтисодий имтиёзлар ва сиёсий кафолатларни қўлга киритиш имкониятидир.
Ахир Каримов Пекинга ташрифи чоғида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам иштирок этди ҳамда у ерда ташкилотга аъзо давлатлар томонидан “Минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи вазиятларга жавоб механизмлари ва сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар тўғрисидаги низом” янгиланди ва имзоланди-ку. Кузатувларга кўра, бу ном остида ШҲТга аъзо давлатлар расмийларининг халқ ғалаёнлари, рангли инқилоблар, ижтимоий исёнлардан умумий ҳадиги яшириниб ётибди.
Ўзбекистон 2005 йил майида Андижонда содир бўлган воқеаларнинг салбий оқибатларини ҳалигача ўз танасида ҳис қилиб турибди. Айнан шу важдан ШҲТ каби Хитой ҳам шу тобда Ўзбекистон учун жуда маъқул ҳамкор бўлиб ҳисобланади, уларни сиёсий тизимнинг бир-бирига ўхшашлиги, ички ва ташқи таҳдиддан умумий қўрқув бирлаштириб туради.
NBCA: Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ёпиқлиги, бу мамлакатда валюта конвертация қилинмаслиги ва хорижлик сармоядорлар муаммоларга дуч келаётгани тўғрисидаги танқидларга қарамасдан, хитойликлар йирик инвестицион лойиҳаларни имзолашдан чўчимаяптилар. Бундай ишонч уларда қаердан пайдо бўлди?
Раббимов: Пекин учун Ўзбекистонда топиладиган пул муҳим эмас, балки “тишларини кўрсатмаётган супергигант” топадиган обрў-эътибор муҳимроқ. Хитой Ўзбекистон учун энергетика, транспорт, ахборот технологиялари ва коммуникация соҳаларида кўплаб лойиҳаларни молиялаштираётган биринчи рақамли инвестор бўлиб ҳисобланади. Эътибор қилинг, айни пайтда хитойлик сармоядорлар Ўзбекистонда ҳеч қачон баҳс-мунозарага киришмайдилар, судлашмайдилар, улар ҳатто Ўзбекистондаги шарт-шароит юзасидан очиқчасига шикоят қилган бирор-бир ҳодисани эслай олмаймиз. Буларнинг ҳаммаси иқтисодиётда, сиёсатда хитойча тафаккур ва ўзни тутиш стили бўлиб ҳисобланади.
Расмий Тошкент учун ҳар икки давлат тилида “инсон ҳуқуқлари ва демократия баҳонасида сиёсатга аралашишга йўл қўймаслик” деб аталувчи Пекиннинг ташқи сиёсий тутуми жуда хуш келади. Ўзбекистон эса Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой каби глобал ўйинчилар ўртасидаги геосиёсий чорраҳада турганини яхши тушунади ҳамда зарурат туғилган пайтда бу вазиятдан ўринли фойдаланади. Айнан шу сабабли расмий Тошкент Хитойни икки бошқа томон: Ғарб ва Россияни мавзун ҳолга келтириб турувчи геосиёсий вектор ўлароқ кўради.
NBCA: Тошкент ўзига нисбатан бирор-бир хорижий ҳамкор таъсирининг кучайиб кетишига ҳар доим эҳтиёткорлик билан ёндошган. Аммо Хитой билан боғлиқ вазиятда у истиснога йўл қўяётгандек. Бу замонавий геосиёсатнинг қочиб қутилиб бўлмайдиган шарт-шароитларига боғлиқми ёки Ўзбекистон хазинасининг ночорлигигами?
Раббимов: ХХРнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан тобора кучайиб бораётган ўзаро алоқалари ҳақида гап кетганда, энг аввало, расмий Пекиннинг кўзга кўринавермайдиган ички эҳтиёжлари, хавотири ва ҳатто қўрқувини тушиниш зарур. Хитой минтақа мамлакатлари учун “об-ҳаво қанақа бўлишидан қатъий назар” бирга ишлайверадиган ҳамкори бўлиб ҳисобланади ва у Марказий Осиёда даромад келтирмаслиги аниқ бўлган лойиҳаларни кўриб чиқишга ҳам доим тайёр туради.
Бунинг сабаби шуки, хитойликлар биринчи ўринга хавфсизликни қўяди, бизнес эса иккинчи даражалидир. Шу важдан ҳам ўз мамлакати яхлитлигини таъминлаш мақсадида расмий Пекин “чегаранинг икки томонини назорат қилиш” стратегиясига риоя қилади. Марказий Осиёдаги иқтисодий ва сиёсий иштироки билан Пекин минтақа сиёсий элитаси ва жамиятлари онгига узлуксиз равишда таъсир кўрсатиб туришни истайди. Бу вазифани бажариш асносида ХХР уни манфаатпарастликда айбламасликлари учун имкон қадар эҳтиёткор бўлишга ҳаракат қилади.
Ҳозирча бу стратегия жуда яхши самара бермоқда: Пекин ўз молиявий-иқтисодий имкониятлари шарофати билан минтақа мамлакатлари иқтисодиётида биринчи рақамли инвесторга айланиб олишга улгурди. Аммо шуни тушуниш керакки, мазкур стратегия Марказий Осиёда “авторитар капитализм” иқтисодий моделининг барқарор ишлашигагина йўналтирилган. Бироқ, агар минтақада, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам чинакам демократик ўзгаришлар бошланадиган бўлса, Хитой хавотирлари воқеликка айланади.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.