Интернет ҳамон расмийлар кузатуви остида

Интернет ҳамон расмийлар кузатуви остида

Tuesday, 29 April, 2008
NBCA шарҳловчиларининг башорат қилишларича, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари сўнгги пайтларда очиқлик сиёсатини эълон қилганлари билан бундан буёғига ҳам Интернет устидан назорат сиёсатини давом эттирадилар.



“Чегарасиз репортёрлар” Халқаро ташкилоти март ойининг охирида Интернетнинг душманлари бўлган 15 та мамлакатнинг рўйхатини нашр этди. Бу рўйхатда Туркманистон ва Ўзбекистон охиридан ўн учинчи ва ўн тўртинчи ўринларни эгалламоқда.



“Чегарасиз репортёрлар”нинг қайд этишича, қора рўйхатга киритилган давлатларнинг раҳбарлари ўзлари бошқараётган мамлакат аҳолиси учун Интернет тармоғига оз бўлсада йўл очилишидан даҳшатга тушмоқдалар.



Туркманистон ва Ўзбекистон сўнгги йиллар давомида ҳар йили “Интернет душманлари” қора рўйхатидан ўрин олмоқдалар. Негаки бу мамлакатларда Жаҳон тармоғига йўлни тўсиб қўйиш амалиёти одатий ҳолга айланган.



Мисол учун, Туркманистонда биринчи Интернет-кафе 2007 йилнинг февраль ойида, ҳокимият устига келган президент Қурбанқули Бердимухаммедов эл орасида интернетга йўлни кенг очиб беришга ваъда қилганидан сўнг очилган.



Шунга қарамай, бугунги кунда кузатувчиларнинг гувоҳлик беришича мамлакатда бор-йўғи ўнтага яқин Интернет-кафе ишламоқда, холос. “Туркментелеком” давлат ширкати мамлакатдаги ягона провайдер бўлиб, сайтларнинг аксарияти ҳанузгача очилмайдиган қилиб қўйилган. Интернет фойдаланувчилар учун мухолифат ва хорижий сайтларининг аксарияти очилмайди. Марказий Осиёда кенг оммавийлашган Fergana.ru, Centrasia.ru, Eurasianet.org ва бошқа тармоқлар блокировка қилиб қўйилган.



Шунингдек, мамлакатда Интернет-кафе фойдаланувчилари устидан паспорт назорати сақланиб қолмоқда. Ҳар бир интернет фойдаланувчи компьютерга ўтиришдан аввал махсус журналга ўзининг паспорти тўғрисидаги маълумотларни ёздириб қўйиши лозим.



“Расмийлар ҳар доимгидек одамларнинг ортиқча ахборот ўқимасликлари ва жўнатмасликлари борасида жуда қаттиқ қайғурмоқдалар”, - дейди маҳаллий журналистлардан бири.



NBCA янгиликлар хизмати медиа-шарҳловчиларининг айтишларича, Интернет-кафе маъмурияти чет эл ташкилотлари ходимлари учун енгилликлар яратмоқдалар ва уларнинг илтимосларига мувофиқ тақиқланган сайтларни очиб бермоқдалар. Бундан ташқари, чет эллик туристлар учун қимматбаҳо меҳмонхоналарда ҳам интернет тармоғига йўл очиқ.



Аммо мамлакат аҳолисининг аксарияти учун уйдан туриб интернетга кириш имконияти ҳанузгача деярли амалга ошмайдиган орзу бўлиб қолмоқда.



“Икки йил аввал “Туркментелеком”га интернет учун алоҳида тармоқ тортиб беришларини сўраб ариза бергандим ва ҳар сафар менга... сабр қилишни маслаҳат беришади”, - дейди ашхободлик фуқарлардан бири.



Кўпсонли бўлмаган индивидуал абонентлар эса доимо расмийларнинг кузатуви остида эканликларини тушунадилар ва уларнинг таъқиблардан хавотирланиб Тармоқдан эҳтиёткорлик билан, тақиқланган ҳудудларни айланиб ўтиб фойдаланадилар.



“Кўпчилик ота-оналар уйларидан чиқиб кета туриб болалари Интернетга кириб тақиқланган сайтларни очмасликлари учун компьютерларини паролга қўйиб кетадилар”, - дейди NBCA суҳбатдоши қўшимча қилиб.



Интернет сайтларига йўл тўсиб қўйиш каби ҳудди шунга ўхшаш вазият Ўзбекистонда ҳам сақланиб қолмоқда. Аммо бу ерда алоҳида тармоққа уланиш имконияти яхшироқ, негаки мамлакатда ўн бештадан зиёд Интернет хизмати кўрсатувчи ширкатлар фаолият юритмоқдалар. Аммо улар Жаҳон тармоғи йўлини огоҳлантиришсиз тўсиб қўйишлари мумкин.



“Провайдерлар мижозлар билан махсус шартнома тузадилар. Бу шартномага кўра, агар томондаги ташкилотлар (ИИВ, миллий хавфсизлик) мижознинг ҳаракатларида миллий хавфсизликка таҳдид аломатларини кўриб қолсалар, уларнинг хизмати бир томонлама тартибда, келтирилган зарарни қопламаслик шарти билан тўхтатиб қўйилиши мумкин”, - дейди тошкентлик шарҳловчи.



Бундай амалиёт президент сайловларидан аввал, 2007 йил декабрида кенг қўлланган бўлиб, провайдерлар “муддатсиз кабель таъмири” дея баҳона билан чет эл нашрлари билан ҳамкорлик қилаётган мустақил журналистларнинг тармоқларини узиб қўйгандилар.



Медиа-экспертларга кўра, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари очиқлик сиёсатини намойиш этганлари билан бундан буёғига ҳам Интернет фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини турли “қонунолди” йўллар билан чеклашни давом эттирадилар.



Ўзбекистондаги Интернет-кафеларда матнлардан нусха олишга чеклашлар ҳамда дискет ва флешкалардан фойдаланишга имконият бермаслик амалиётини қўллаш шундай чоралар жумласидандир. Бунга баҳона сифатида эса, “мижозларнинг беҳосдан ёки билмай компьютерларни бузиб қўйишликни олдини олишлик” иборалари қўлланади.



“Расмийлар назорати остида фаолият юритаётган матбуотда объектив ахборот мутлақо йўқ бўлган бир шароитда Интернет сўнгги инстанциядаги ҳақиқат манбаи сифатида қабул қилинади. Шунинг учун ҳам расмийлар интернет аксилҳукумат кайфиятларининг қудратли генераторига ва ҳаттоки, ҳукуматга қарши қўзғолон кўтарувчи кучга айланишидан қўрқадилар”, - дея хулоса қилади экспертлардан бири.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists