Германия Андижон ва қийноқлар қурбонларини “сотди”

Германия Андижон ва қийноқлар қурбонларини “сотди”

Wednesday, 21 February, 2007
.



Феврал ойининг бошида Хьюман Райтс Вотч ташкилоти кўмагида қийноқлар ва Андижон воқеаларидан жабр тортганлар Ўзбекистон республикаси ички ишлари собиқ вазири устидан жиноий иш қўзғаш учун Германия федерал прокурорининг берган раддиясига жавоб тариқасида апелляция бердилар.



Жабр тортганлар собиқ вазир Зокир Алматовни инсониятга қарши жиноят содир қилишда, яъни ўзбек қамоқхоналаридаги қийноқларга нисбатан онгли равишда эътибор қилмаслик ҳамда 2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларида тинч аҳолини ўққа тутишда бошчилик қилганликда айбламоқдалар. Халқаро жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқини берувчи универсал юрисдикция тўғрисидаги немис қонунчилигига асосланган ҳолда 2005 йилнинг декабр ойида жабр тортганлар бу даъво билан мурожаат қилган эдилар.



Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг хабар қилишича, Андижон воқеаларидан бир неча ойдан сўнг Германия ҳукумати Алматовга даволаниб кетиши учун Германия визасини берган. Ҳолбуки, Европа Иттифоқи ўз ҳудудига келиб кетишни таъқиқловчи 12 ўзбек чиновнигидан иборат рўйхатга Алматовнинг ҳам номини киритилган эди.



Ўзбекистон миллий нажот қўмитасининг (70дан ортиқ ижтимоий гуруҳларни бирлаштирувчи нодавлат ташкилоти) сиёсий маслаҳатчилари гуруҳининг раҳбари Даврон Шариповнинг фикрига кўра, бу апелляция даъвоси Германия ҳукуматига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.



“Аминманки, Ўзбекистондаги сиёсий қатоғонлар муаммоси юзасидан иш олиб бораётган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар фаолиятига Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг бирортаси ҳам жиддий эътибор бермайди. Шундай экан, Германия ҳукумати ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларнинг норозиликларига, шу қаторда ушбу апелляцияга ҳам эътибор қаратмайди”, − дея фикр билдиради Шарипов.



Бошқа жиҳатдан, Шариповга кўра, Алматов устидан жиноий иш қўзғашга интилишга зарурат ҳам йўқ.



“Мен жаноб Алматовни Европа Иттифоқига киритилиши таъқиқланган 12 расмий шахслар ичида энг қонхўр раҳбар деб ҳисобламайман”, − дейди Шарипов.



Бу фикрга қарши ўлароқ, Нью-Йоркдаги инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи Акейша Шилдз ўз фикрини изҳор қилди. Унга кўра, жиноий иш қўзғаш учун барча ишончли асослар етарлидир.



Шилдзнинг фикр билдиришича: “Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан мунтазам равишда қийноқлар амалга оширилгани ҳақидаги барча даллилар мажуд. Шу қаторда Алматов ҳам ўша пайтдаги ички ишлар вазири сифатида Андижонда рўй берган даҳшат учун жавоб бериши лозим”.



Маслаҳатчининг сўзлашича, немис қонунчилигига кўра инсониятга қарши жиноят содир қилган ҳар қандай шахс, қайси давлатда жиноят содир қилганидан қатъи назар, ўз қилмиши учун жавобгарликка тортилиши керак. Шилдз бош прокурорнинг бу қонунчиликни қўлламаганидан афсусланиши ҳамда бу апелляция асносида прокурорнинг ўз қарорини қайта ўйлаб кўришига ва “хайрли иш”га қўл уришига амин эканлигини изҳор қилди.



Бироқ NBCAнинг Тошкентдаги шарҳловчисининг фикрича, Анжела Меркелнинг ҳукуматини бошқа мотивлар бошқармоқда ва апелляция ҳам кутилган натижаларни бермайди.



“Бу ердаги асосий сабаб − Германия учун ўта муҳим бўлган углеводород ашёларини қидириш, қазиб олиш ва келтириш масаласидир. Ўзбекистон бу соҳада Германия учун маълум манфаатлар келтирувчи давлатдир”, − дея ҳисоблайди Никитин.



(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists