Газпром Ўзбекистоннинг бош ҳамкори бўлиб қолади

Газпром Ўзбекистоннинг бош ҳамкори бўлиб қолади

Monday, 23 June, 2008
, Ўзбекистон доим Россиянинг Газпром ширкатини нефть ва газ қазиб чиқаришда ва энергия ресурсларининг транзитида ўзининг асосий ҳамкори сифатида кўриб келади, дея ҳисоблайдилар шарҳловчилар.



Шу йилнинг май охирида Ўзбекистонга Газпром раёсатининг раиси Алексей Миллер бошчилигидаги олий мартабали делегацияси келиб Ўзбекистон ҳукумати билан бирга Ўзбекистон шимоли-ғарбида жойлашган Устюрт платоси ер ости газ конларининг геологик тадқиқотини давом этиш борасидаги музокараларини ўтказиб кетди.



Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари Россия давлат нефть ва газ ширкати билан музокаралар давомида эришилган келишувлар ҳақида ҳеч қандай хабар тарқатганлари йўқ.



Устюрт нефть ва газ ер ости конларига бой бўлган Ўзбекистондаги энг йирик ҳудуд саналади. Бу ерда ўн олтита нефть ва газ конлари кашф этилган. Улардан энг машҳури Шоҳпахта кони бўлиб, бу ерда ҳар йили 5 миллиард куб метргача бўлган ҳажмда табиий газ қазиб чиқариш мумкин ва айни пайтда бу кон россиялик инвесторлар ёрдамида ўзлаштирилмоқда.



Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг “Газпром” очиқ ҳиссадорлик жамияти билан 2006 йилда истиқболли ер ости конларини ҳамкорликда геологик тадқиқотини ўтказиш тўғрисидаги битимни имзолаган. Битимга кўра, Россия тенг томонли Маҳсулотни тақсимлаш битими (МТБ) шартларига мувофиқ Ўзбекистон газ транспорти инфратузилмаларини ривожлантириш соҳасида ва ўрта осиё газини транспорт қилишда иштирок этади.



Бундан ташқари, Маҳсулотни тақсимлаш битими шартларига кўра, “Газпром” ширкатига янги кашф этилган истиқболли газ конденсатли ер ости конларини ўзлаштириш соҳасида бир қатор имтиёзли ҳуқуқлар берилади.



Аммо 2007 йилда лойиҳаларни амалга ошириш ишларида тўхтаб қолди.



“Ҳамкорликнинг биринчи босқичи асосан инвестицияларнинг паст суратидан кўнгли тўлмаган Ўзбекистон томонининг норозиликларини ва зиддиятли фикрларини юзага чиқарди”, - дея қайд этади тошкентлик NBCA шарҳловчиларидан бири.



Газпром ширкати келишувда кўзда тутилганидан анча ортда қолаётган инвестициялар ётқизилишининг паст ҳажмини ўша пайтда геологик тадқиқотлар учун лицензиянинг кечикиб берилгани билан изоҳлаган эди.



“Ўзбекистон расмийлари [ресурс қазиб чиқарувчи соҳаларда] бирор томоннинг таъсири кучайиб кетишига йўл қўймасликка уринадилар ва ўз ҳамкорларининг ҳар бирини қўққисдан ҳамкорлик шартларини ўзгартиришга ёки битимларни денонсация қилишга таҳдид билан қўрқитадилар. Масалан, ҳудди шу каби ҳолат 2005 йилда америка ва британиянинг олтин қазиб чиқарувчи Ньюмонт ва Оксус ширкатларига нисбатан қўлланилганди”, - дея таъкидлади маҳаллий шарҳловчилардан бири.



Аммо вазият ҳозирги пайтда ўзгариб қолди.



Расмий Тошкент янги ер ости конларининг геологик тадқиқоти учун инвестицияларни жалб этиш истаги ва зарурлигини билдирмоқда. Ўзбекистон ҳукумати табиий газ экспорти ҳажмини кўпайтирмоқчи ва шу билан экспортдан тушадиган молиявий киримлар эвазига системали инқироздан жабрланаётган иқтисодиётни барқарорлаштиришга уринмоқда.



Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилгача углеводород ресурсларини қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун мамлакатга уч миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ зарур.



Шарҳловчиларга кўра, энергия ресурсларига эгалик қилишга имконият қидирилаётган умум дунё рақобати шароитида Газпром ширкати ўз навбатида ушбу ҳолатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги ўз позицияларини мустаҳкамлашга интилади.



Улар Ўзбекистон ҳукумати ва Газпром ширкати ўртасида нафақат ўзбек табиий газининг қазиб чиқарилиши, балки уни сотиб олиш бўйича узоқ муддатли шартномалари мавжудлигини эслатмоқдалар. Мазкур монополиячи давлат ширкати ҳар йил Ўзбекистондан 13 миллиард куб метр миқдорида табиий газ сотиб олади.



Ўзбекистон ҳукуматининг бозор шароитларини баҳона қилган ҳолда доимо табиий газ нархини кўтариш сиёсатига қарамай, Газпром бу мамлакатда катта ҳажмда табиий газ сотиб олишга тайёр.



Битимда углеводород ресурсларининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё - Марказ” ва “Бухоро - Урал” газ транспорти тизимларидан фойдаланган ҳолда транспорт қилиниши кўзда тутилган.



“Эски, ишлатиб келинган транспорт йўналишлари аввалгидек таваккалчилик борасида оптимал ҳамда сиёсий ва иқтисодий фойдали характерга эга, шунинг учун ҳам икки томон – Тошкент ва Москва нарх-наво борасидаги имкониятларини ҳисоблаб чиқиб, ер ости қазилмаларини ўзлаштириш ва уларни транзити соҳасидаги маълум бир келишувларга эришишга тайёр бўлиб бўлдилар”, - дея тахмин қилади энергетика соҳасидаги қозоғистонлик шарҳловчи Ярослав Разумов.



Экспертларнинг тахмин қилишича, Кремль янги табиий газ конларининг геологик тадқиқоти ва ўзлаштирилишига сармоя ётқизиб, келгусида ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда маълум бир шартларини диктат қилиши ва ҳатто нарх-наво сиёсатида мустақил қарорлар қабул қилиши ҳам мумкин.



Қоқзоғистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар институтининг иқтисодий тадқиқотлар бўлими мудираси Гулнур Рахматуллинанинг айтишича, Россия ҳамкорликда геологик тадқиқотлар ўтказишга жиддий тарзда қизиқиб қолган, негаки бу давлатнинг ер ости конлари айни пайтда “норентабль” бўлиб қолган ва кўплари “ишдан қолган”.



“Россия ўз маблағларини ётқизмоқда ва шу сабабдан ҳам манфаатларининг эътиборга олинишини истайди”, - дейди у.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).







Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists