Европа Иттифоқи Ўзбекистонни ўз таъсир доираси остига қайтармоқчи

Европа Иттифоқи Ўзбекистонни ўз таъсир доираси остига қайтармоқчи

Tuesday, 31 October, 2006
NBCA кузатувчиларинг фикрича, Европа Иттифоқининг юқори даражадаги вакилларининг Тошкентга бўлган деярли махфий ташрифи Европа Иттифоқи Марказий Осиёда ўз таъсирини оширишни хоҳлаётгани ва бу ҳудудга ўз нуфузини ўтказиш учун бўлган курашда бошқа давлатлардан орқада қолмасликка интилаётганини кўрсатмоқда.



Марказий Осиё бўйича махсус вакил Пьер Морел бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистонга 24 октябр куни келиб, ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашди. Учрашув тафсилотлари махфийлигича қолди. Шу сабабли бу учрашув на ўзбек матбуотида ва на халқаро оммавий ахборот воситаларида ёритилди.



Европа Иттифоқи делегациясининг ушбу ташрифи сўнгги ойлардаги ташрифларнинг биринчиси эмас. Жорий йил август ойининг охирида Финландия ташқи ишлар вазирлиги вакили Анти Турунен Тошкентда бўлиб қайтди. Октябр ойининг бошида эса, Германия ташқи ишлар вазирлигининг делегацияси ташриф буюрган эди. Германия 2007 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқига раислик вазифасини ўтайди. Унинг ташқи сиёсатга доир дастуридаги муҳим жиҳат Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, бунга жавобан ўзбек делегацияси ҳам ноябр ойида Брюсселга ташриф буюриши мумкин.



2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари, яъни, ҳукумат ҳарбийлари намойишга чиққан юзлаб қуролсиз аҳолини ўққа тутгандан кейин Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни чеклаб, Тошкент юқори лавозимдаги амалдориларнинг Европа Иттифоқи давлатларига боришини ман қилди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида юқори даражадаги алоқа қилинмаганди.



Тошкентдаги кузатувчилардан бирининг фикрича, Европа Иттифоқи вакилларининг бундай ташрифлари Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан алоқани яна қайта жонлантиришни истаётганидан далолат қилади. Ўз навбатида бу истак асосини Европа Иттифоқининг геосиёсий манфаатлари ташкил қилади. Яна шу кузатувчига кўра, Европа Иттифоқи кейинги пайтларда Тошкент билан яқин муомалада бўлаётган Россия, Хитой ва Эрон каби давлатларнинг таъсир доирасида Ўзбекистоннинг қолишини истамайди.



“Ўзбекистонни изоляциялаш кутилган натижаларни бермади, аксинча уни Россия, Хитой ва Эрон каби давлатлар билан тобора яқинлашувига олиб келди, холос”, - дейди NBCAнинг эксперти.



Кейинги бир ярим йил ичида Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеини мустаҳкамлашга уринишларига танқидий назар билан қараётган Ўзбекистон ҳукумати эндиликда бу давлат билан ҳамда Хитой билан яқинлашаётгани сезилмоқда. Ўзбекистон бу яқинлашувга Москва нуфузи остидаги Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилотига аъзо бўлиш билан ҳамда Пекин ва Москва фаол етакчилик қилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси сифатида ўз фаолиятини жадаллаштириши натижасида эришган.



Бошқа бир таҳлилчининг фикрича, Европа Иттифоқи энди ўз фаолиятларини АҚШ билан уйғунлаштиришни истамайди ва АҚШдан фарқли ўлароқ Ўзбекистон билан муомалани йўлга қўйиши мумкин. Андижон воқеаларидан сўнг расмий Вашингтон президент Каримовнинг хатти-ҳаракатларини қаттиқ танқид остига олганди. Бунга жавобан Тошкент Хонобод шаҳрида жойлашган Америка ҳарбий базасини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.



Таҳлилчиларнинг ҳамоҳанг фикр билдиришларича, президент Каримовнинг расмий ваколати тугаётгани сабаб Ўзбекистон ҳозирда икки йўл бошида турибди: президент ё кейинги муддатга ўз номзодини кўрсатиб ҳокимиятни қўлда сақлаб қолади, ёки бирор валиаҳдни қолдириб кетади. Афтидан, Брюсселдагилар Ўзбекистондаги сиёсий йўналиш кескин равишда ўзгаришига умид пайдо бўлганда Тошкентда ҳозир бўлиш имкониятини қўлдан бой бермаслик керак, деб ҳисоблайдилар.



(NBCA ҳудуддаги сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists