Эскирган газ қувурлари экспортнинг ривожланишини тўсмоқда
Эскирган газ қувурлари экспортнинг ривожланишини тўсмоқда
Яқиндагина Россиянинг “Газпром” компанияси ўзбек газини сотиб олиш кўламини оширишини, яъни 2006 йилги сотиб олинган 9 миллиард кубометр миқдорни бу йил 13 миллиард кубометрга етказишини эълон қилди. Ўзбекистон билан газ соҳасидаги Россия алоқалари “Газпром” ва “Лукойл” компаниялари иштирокида амалга оширилади. Бу компаниялар мамлакатда ўз шахсий геологик қидирув ишлари ҳисобига углеводород қазиб олиш ишларини ривожлантиришни режалаштирмоқдалар.
Ўзбекистонда йилига конлардан 60 миллиард кубометр газ олинади. Бу миқдорнинг асосий қисми ички истеъмол учун сарфланади.
NBCAнинг энергетика соҳасидаги экспертларининг сўзларига кўра, Россияга газ экспортини ошириш натижасида аранг ўз имконияти чегарасида ишлаётган мавжуд газ узатиш тармоқларига деярли икки баробар миқдорда ортиқча юк тушади. Ўзбекистон газининг Россияга етказиб берилишини “Газпром” назорат қилади ва у “Бухоро-Урал ” газ магистрали орқали узатилади.
“Ўзбекнефтгаз” миллий акционерлик холдинги бўлинмаларидан бирида хизмат қилувчи номини ошкор қилишни истамаган экспертнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон мустақил равишда конлардан газ олиш кўламини ошира олиш ва ҳозирда мавжуд газ қувурларини замонавийлаштириш имконига эга эмас”.
“Асосий газ магистралларининг таъминоти учун керакли маблағларнинг етишмаслиги газ узатиш қувурларининг эскириши ва ёмон ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлди. Ўзбек газ қувурларининг энергетик салоҳияти Ғарбий аналогларнинг кўрсаткичларидан 60-70 фоизга ортиқ. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳисобда кўзланган миқдорга нисбатан оз ҳажмда газ узатишга мажбур”, − дейди NBCAнинг эксперти.
“Ўрта Осиё-Марказ” (Средняя Азия-Центр) газ қувурларининг эксплуатацион инфратузилмалари устидан масъул шахс, “Ургенчтрансгаз” компаниясининг мутахассиси ҳам яқин кунларда газ узатиш кўламини оширишнинг имкони йўқлиги ҳақида сўзлади. Мутахассиснинг фикрича, бунга асосан техник сабабларгина эмас балки административ сабаблар ҳам тўсқинлик қилмоқда.
“Бу муаммоларнинг келиб чиқишида аввалги раҳбарга қарши жиноий иш юзасидан тегов олиб бораётган прокуратуранинг тинимсиз текшир-текширлари сабаб бўлган. Бунинг натижасида газ узатиш тармоқларида белгиланган суратда қилиниши керак бўлган таъмирлаш ишларининг барча тартиблари бузилган. Шунинг учун ҳам яқин келажакда газ узатиш кўламини орттиришнинг имкони йўқ деб ҳисоблайман”, − дейди “Ургенчтрансгаз” компаниясининг вакили.
Бироқ келажакда газ узатиш магистралларидаги Россия ва Хитой сармоялари аҳволни яхшилаши мумкин. Бу сармоялар миқдори 2007 йилда умумий ҳисобда тахминан икки миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
NBCAнинг Тошкентдаги шарҳловчиларининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ўз газ ишлаб чиқариш корхоналарини ва магистрал газ узатиш тармоқларини таъмирлашдаги оқсоқ ҳаракатлари мамлакатнинг сармоядор давлатларга тобе бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)