БМТнинг Олий комиссари Ўзбекистонга ташриф қилмайди
БМТнинг Олий комиссари Ўзбекистонга ташриф қилмайди
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур 22 апрел ва 4 май оралиғида Марказий Осиёга қилган ўзининг илк маротаба бўлаётган танишув сафарида Ўзбекистондан ташқари бошқа барча мамлакатларда бўлиб қайтади.
Арбурнинг изоҳлашича, ўзбек ҳукумати комиссарнинг режалаштирган ташрифи ноқулай вақтга тўғри келиб қолгани сабаб қабул қила олмаслигини маълум қилган.
NBCA экспертларининг фикрича, Арбурнинг Ўзбекистонга келмаслигининг ҳақиқий сабаби қандай бўлишидан қатъи назар бу ҳол мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсига акс таъсирини кўрсатиши мумкин.
Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Олий комиссарни қабул қилишдан бош тортган бўлишса керак.
“БМТ комиссарининг Марказий Осиё давлатларига келиши ҳақидаги хат юборилганда, барча давлатлар ижобий жавоб йўллаган эди. Бироқ Ўзбекистонгина ижобий жавоб йўлламаган. Шу сабабли ҳам комиссар ўз сафари давомида Ўзбекистонни четлаб ўтади”, – дейди сиёсатшунос.
Йўлдошевнинг фикрича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари каби халқаро чиновниклар ташриф буюрганда, ҳукумат уларни маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли вакиллари, шунингдек, маҳбуслар билан учрашув ташкил қилишга тайёр бўлиши керак.
Таҳлилчи Бахтиёр Исабекнинг фикрига кўра, Андижон воқеаларидан сўнг эълон қилинган санкцияларни бекор қилиш ёки қилмаслик масаласи бўйича Европа Иттифоқи давлатларининг 14 майда бўладиган йиғилиши арафасида комиссарни қабул қилишга рад жавобини беришдан Ўзбекистон учун ҳеч қандай манфаат йўқ.
2005 йил Андижонда маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиб намойишга чиққан аҳолини ҳукумат аскарлари ўққа тутиб, бир неча юзлаб кишилар ҳалок бўлгандан сўнг Луиз Арбур тезкорлик билан халқаро текширув ўтказиш кераклиги ҳақида ҳисобот тайёрлаган эди.
Исабек ушбу ташриф теварагидаги вазиятни Олий комиссарнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида аҳвол қониқарсиз эканлиги ҳақидаги хабари сифатида баҳоламоқда.
Бу каби фикрни ўз номини ошкор қилишни истамаган NBCAнинг ҳудудий эксперти ҳам қўллайди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат Олий комиссарнинг келиш арафасида Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти директорининг аккредитация муддатини узайтириб бериш билан ижобий таассурот ҳосил қилишга уринган. Ҳолбуки, 13 апрелда ҳукумат бу ишни амалга оширишдан бош тортган эди.
“Расмий Тошкент Луиз Арбурни қабул қилишга қаршилик қилмаган бўларди. Бунинг устига 21 апрел куни ташқи ишлар вазири Владимир Норов шахсан ўзи Human Rights Watch ташкилотининг Тошкент бўлими директори Андреа Бергни қабул қилган ва унинг аккредитациясини уч ойга узайтирган”, – дейди эксперт.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)