Андрей Грозин: Ўзбекистоннинг КХШТдан такроран чиқиши кутилган эди

Андрей Грозин: Ўзбекистоннинг КХШТдан такроран чиқиши кутилган эди

Andrei Grozin, a Central Asia expert in Moscow. (Photo: Institute of Countries of the Commonwealth of Independent States)
Andrei Grozin, a Central Asia expert in Moscow. (Photo: Institute of Countries of the Commonwealth of Independent States)

28 июнь куни Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) бу ташкилот фаолиятида ўз иштирокини тўхтатиши ҳақида нота жўнатди, дея хабар қилади Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги.

1999 йилда “самара йўқлиги” туфайли Ўзбекистон КХШТдаги иштирокини бир марта тўхтатган ва буни шартнома “мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий манфаатларига мос келмаётгани” билан изоҳлаганди, бироқ орадан етти йил ўтгач, у мазкур блокка қайтганди. Ўзбекистон КХШТдан чиққанидан кейин ташкилотда олти мамлакат – Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон қолди.

NBCentralAsia МДҲ мамлакатлари институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари Андрей Грозиндан Ўзбекистоннинг ҳаракат сиёсати ва Тошкентнинг Москва билан бундан буёнги ҳамкорлик истиқболлари хусусида гапириб беришни сўради.

NBCA: Андрей Валентинович, Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши Тошкентнинг тобора кучайиб бораётган Россия таъсиридан ўзини иҳоталаш истаги бўлиб ҳисобланади, десак бўладими?

Андрей Грозин: Тошкентда, юмшоқроқ қилиб айтганда, бунақа эҳтиёткорлик ҳисси доим кузатилган, бироқ ҳозирги вазиятда бу асосий нарса эмас. Ахир Андижондан кейиноқ Россия билан стратегик ҳамкорлик ҳақида битим имзолаган пайтда Тошкентни бунақа мулоҳазалар тараддудга туширган эмасди-ку. Шундай экан, мен бу ерда масала фақат Россия омилида эмас, бунақа вазият Ўзбекистон учун стандарт вазият эканида, деб ўйлайман.

Бу мамлакатнинг ташқи сиёсати ҳар икки-уч йилда ўзгариб туради, бунинг устига, анча кескин ўзгаради. Шунинг учун ҳам [Президент Ислом] Каримов Андижон воқеаларидан кейин Москвада Россия билан абадий дўстлик ҳақида онт ичган пайтдаёқ бунинг ҳаммаси вақтинча экани аён бўлганди.

Худди шу каби у ГУУАМ [Тошкент 2005 йилда чиқиб кетгунича Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Молдова аъзо бўлган минтақавий ташкилот] аъзоси бўлган мамлакатларга ҳам ўзининг демократия қурилиши ва Ғарбга йўналиш олишга содиқ эканини айтганди.

Буларнинг ҳаммаси Тошкент оралиқ фойда чиқариб олиш учун қўядиган вазиятга оид қадамлардир. Бу ташқи сиёсий илонизи йўлларнинг ҳаммасини жўнгина тушунтириш мумкин – мамлакатда ҳамма нарса, шу жумладан, ташқи сиёсат ҳам ягона одам иродасига, унинг кайфиятига, унинг соғлиғи қандайлигига, унинг у ёки бу нарсаларга қандай қарашига боғлиқ.

Бу жиҳатдан Ўзбекистон фақат Туркманистонгагина ўхшайди. Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатларида ҳам демократик бўлмаган режимлар ҳукм сурмоқда, аммо ташқи сиёсатнинг битта одам қарамлик даражаси Қозоғистонда ҳам, Тожикистонда ҳам ва айниқса Қирғизистонда бунда кўра пастроқ.

NBCA: Мустақил манбаларнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасини очиш имконияти фаол муҳокама қилинмоқда ва айрим экспертлар таъкидича, Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқишига сабаблардан яна бири Афғонистонга боғлиқ масалалар бўлган, бу ҳақда сиз нима дея оласиз?

Грозин: Ўзбекистон геосиёсий ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда бу йил, кейинги йил ва 2014 йилда амалга ошириладиган Афғонистондан юк олиб чиқиш (қайтувчи транзит) ишида асосий бўғинга айланишга умид қилмоқда. Қайтувчи транзит Ғарб коалицияси мамлакатлари ўз контингенти, техникаси ва уларга боғлиқ тузилмаларни олиб чиқишда сарфловчи улкан маблағлар демакдир. Ўзбекистон ҳар қандай хорижий объектлар жойлаштирилиши бўйича КХШТга аъзолик халақит берадиган чекловлардан қутулиб олишга уринмоқда, бу объектларнинг қандай аталиши эса – у ҳарбий база бўладими ёки логистик нуқтами – муҳим эмас.

Бундай қарор қабул қилиш билан Тошкент Марказий Осиёнинг қолган давлатларидан кўра яхшироқ мавқега эга бўлиб олди, у КХШТга аъзо бўлиш-бўлмасликдан қатъий назар, доимгидек Россия билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришда давом этиши, айни пайтда ўзи учун зарур ва қизиқ деб ҳисоблаган транспорт нуқталари ёки базалар барпо этишда ўзини чекламаслиги мумкин. Бундан Ўзбекистон моддий манфаат топади, сиёсий режим эса Вашингтон ва Брюсселнинг сиёсий қўлловига эга бўлади.

Андижондан кейин Россия томон ошиққан маятник ҳозирда Ғарб томон ҳаракатлана бошлади.

Бирор тактик ўзгариш содир бўлган тақдирда, масалан, ғарб контингенти Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин вазият ёмонлашгудек бўлса, Каримов яна “навбатдаги бурилишни амалга ошириш лозим” деган қарорга келиши мумкин, 2014 йилдан кейин Ғарб билан ҳамкорликдан тегишли фойдани ундириб бўлганидан сўнг хавфсизликка оид таҳдидларга дуч келган Каримов яна КХШТга кирадиган бўлса, мен бундан ажабланмайман.

NBCA: Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши кутилганмиди?

Грозин: Тошкент ўтган йили Евросиё иқтисодий иттифоқидаги аъзолигини тўхтатганидан сўнг унинг кейинги қадами КХШТдан чиқиш бўлиши ҳақида гап-сўзлар кўп бўлган, яъни ҳамма шундай бўлишини кутганди. Бу борада Москва пинагини бузмай тургани ҳам, менимча, шунга боғлиқ.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсатдаги ўзининг барча илонизи йўллари ва бурилишлари билан бирга суверен давлат экани тушунарли, у қачон ва қайси ташкилотда бўлиш масаласини ўзи ҳал қила олади. Ғарб коалициясидан пул ундириб олишга уринаётган Ўзбекистонга таъна-маломат қилиш Россия расмийлари учун ўнғай эмас. Нафсиламрини айтганда, Россиянинг ўзи ҳам шунга ўхшаш иш қилишга уриниб ётибди.

Интервьюни NBCAнинг Бишкекдаги муҳаррири Юлия Горяйнова олди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

 

Diplomacy
Frontline Updates
Support local journalists