Алексей Малашенко: Ўзбекистон АҚШ ҳарбий ҳозирлиги учун жонбозлик кўрсатмоқда

Central Asian state shifts between Moscow and Washington depending on circumstances, leading expert says.

Алексей Малашенко: Ўзбекистон АҚШ ҳарбий ҳозирлиги учун жонбозлик кўрсатмоқда

Central Asian state shifts between Moscow and Washington depending on circumstances, leading expert says.

Alexei Malashenko of the Carnegie Centre in Moscow. (Photo courtesy A. Malashenko)
Alexei Malashenko of the Carnegie Centre in Moscow. (Photo courtesy A. Malashenko)

13 январь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қуролли кучлар ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида Марказий Осиё минтақасида “хавф-хатар ортиши” ва беқарорликнинг кучайиши борасидаги ўз хавотирларини яна бир карра эслатди.

Каримов буни 2014 йилда қўшни Афғонистондан аксилтеррорчилик коалицияси қўшинларининг олиб чиқилиши билан боғлади. Аввалроқ, декабрь ойи охирида Каримов Кремль томонидан бошқариладиган ҳарбий-сиёсий блок бўлмиш Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти саммитида бўлган, у ерда КХШТ давлатлари ҳудудида хорижий ҳарбий базалар жойлаштириш тартиб-қоидалари муҳокама қилинганди.

Кўпинча бундай учрашувларни эътиборсиз қолдирадиган расмий Тошкентнинг саммитга қизиқиши, таҳлилчилар фикрича, фаоллик билан ҳарбий дастак излаш ва мудофаа салоҳиятини ошириш истаги билан боғлиқ.

NBCentralAsia Москвадаги Карнеги Маркази эксперти Алексей Малашенкодан Ўзбекистон лидери баёноти ортида нима тургани ва реал хавф туғилган тақдирда Ўзбекистон аъзоси бўлган КХШТнинг бу мамлакат жанубий чегараларидаги хавфсизликни қанчалик таъминлай олиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Алексей Малашенко: Биринчидан, КХШТ бундай хавфсизликни таъминлай олиши даргумон. КХШТни самарали ишлаётган ташкилот деб ҳисобловчи биров бормикин ўзи? Бу блокнинг самарали экани ҳақида фақат унинг бошлиқлари ва Россия сиёсатчилари гапираяптилар, холос. Қирғизистонда [изоҳ – ташкилот аъзоси] қирғин бўлаётган пайтда КШХТ қаёқда эди? Ўзбекистон унинг тинчликпарварлик уринишларини қўлладими? КХШТ ҳам худди ЕврОсиҲ ва МДҲ каби виртуал бир нарса.

Мен Тошкент аслида америкаликларнинг ҳарбий ҳозирлиги учун жонбозлик кўрсатаяпти ва ўз фойдасини кўзлаб ҳаракат қилаяпти, деб ўйлайман. АҚШ билан тиғиз мулоқот, шу жумладан, ҳарбий базаларни очиш, қўшимча кучлар – буларнинг ҳаммаси молиявий ёрдамни кўзда тутади. Бундан ташқари, АҚШ ва Ўзбекистоннинг яқинлашуви Москва билан савдолашиш чоғида ортиқча кузир бўлиши мумкин.

Ва ниҳоят: Вашингтон билан яхши алоқага эга бўлинса, Каримов ички вазият кескинлашган тақдирда, уларнинг қўлловига умид қилаётганга ўхшайди. Лекин бу сўнггиси ҳақида менда шубҳа бор.

Иккинчидан, толиблар шимолга юриш қилишлари даргумон. Уларга Афғонистоннинг ўзидаги ишлар етиб ортади. Улар америкаликлар кетганидан сўнг ўзаро муносабатларини ойдинлаштириш ва расмий Кобулга босим ўтказишни бошлайдилар. Ёки, агар ақллироқ бўлсалар – нормал миллий давлат қуришда иштирок этадилар.

Аммо ҳатто энг ёмонини тахмин амалга ошиб, толибларнинг қандайдир батальони Ўзбекистонга бостириб кирган тақдирда ҳам, унга байналмилал Россия-Қозоғистон-Белоруссия-Арманистон ҳарбий контингенти қарши чиқажагини тасаввур қилиш қийин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзида Толибон “интервенцияси”га бас кела оладиган кучлар бор.

NBCA: Тошкент ҳаракатларида Кремль ва Вашингтон манфаатларининг тўқнашуви кузатиладими?

Малашенко: АҚШ, Россия ва Хитой манфаатларига ҳамма жойда дуч келинади. Рабоқат бор, бироқ қандайдир жойларда ҳамкорлик ҳам бор. Нима бўлганда ҳам ташқи “вектор”ларнинг турли-туманлиги Марказий Осиёнинг кўп векторли сиёсат олиб бораётган барча давлатлари каби Тошкентга ҳам қўл келади. Уларда доим танлаш имконияти бор.

Бошқа бирор мамлакатда кузатилмагани каби Ўзбекистон зарур бўлган пайтда гоҳ Россия, гоҳ Америка йўналишини кучайтириб, бу векторлар билан “ўйнаяпти”. Дарвоқе, Ўзбекистоннинг КХШТ бўйича тараддуди буни яна бир карра исботлайди. Ва ҳатто Ўзбекистон расмийлари Ғарб билан келишган тақдирда ҳам, Москванинг реакцияси анча вазмин бўлади, зеро, Россияда Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказиш учун арзирли пишангнинг ўзи йўқ.

Бироқ Вашингтон учун ҳам Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти қўрқинчли эмас. Бу ташкилот Россия ҳозирлигининг рамзидир, ундан хавфсизлик соҳасида қандай реал самара бўлиши эса ҳалигача ҳеч кимга маълум эмас.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Diplomacy
Frontline Updates
Support local journalists