Қозоғистон ШҲТ учун энергетик стратегия ҳозирлаяпти

Қозоғистон ШҲТ учун энергетик стратегия ҳозирлаяпти

. Бу ғоя, кузатувчиларнинг фикрича, катта иқтисодий истиқболларга эга, аммо энергия заҳираларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва ташиш лойиҳаларида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги рақобат туфайли у барбод бўлиши мумкин.



Шанхай ҳамкорлик ташкилоти экспертлик форумининг аввалги ҳафтада Алматида бўлиб ўтган иккинчи мажлисида Қозоғистон томон Осиё энергетика стратегияси лойиҳасини тақдим қилди, мазкур лойиҳа ташкилотга аъзо барча давлат томонидан ШҲТнинг август ойида Бишкекда бўлиб ўтадиган саммитида муҳокама этилади.



Мажлис иштирокчилари ШҲТ доирасида ишлаб чиқарувчи мамлакатлар билан истеъмолчи мамлакатлар ўртасида барқарор энергетик мувозанатга эришиш мумкинлигини қайд этдилар, чунки талаб тасарруф этилаётган заҳиралар миқдорига мувофиқ келади, ҳар иккала тоифадаги мамлакат ўртасида эса ташкилотга аъзо бўлмаган учинчи транзит давлатлар йўқ.



ШҲТ 2001 йилда Шанхай бешлиги – Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон базасида тузилган бўлиб, уларга Ўзбекистон ҳам қўшилган.



Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Мўғулистон ШҲТда кузатувчилик мақомига эга, Афғонистон ҳам ана шундай мақом олишга ҳаракат қилаяпти.



NBCAнинг қозоғистонлик шарҳловчилари ШҲТ доирасидаги умумий энергетик стратегия потенциалининг юқори эканини айтадилар, аммо стратегия уч тоифадаги аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келажак носоғлом рақобатнинг олдини олиш механизмларини таклиф қилиши лозимлигини қайд этадилар.



Таҳлилчи Эдуард Полетаев энергетик ҳамкорлик ташкилот ишидаги асосий янги йўналишлардан бири бўлиб қолади, деб ҳисоблайди, аммо ягона энергетик стратегия йўлида жиддий манфаатлар зиддияти тўғаноқ бўлиб турганлиги юзасидан хавотир билдиради.



“Гап Марказий Осиё мамлакатларининг газ ва нефть етишмаётган Хитой ҳудудларига жуда фойдали бўлган энергетик заҳиралар етказиб беришни йўлга қўйишни уддалашлари ҳақида кетаяпти. Москва буларнинг ҳаммасини ўзи қилмоқчи, - дея қайд этади Полетаев. – Шунингдек, [бу борада Қозоғистон билан] Россия ўртасида сезиларли рақобат пайдо бўлиши юзасидан ҳам хавотирлар бор”.



NBCA эксперти Петр Своик Қозоғистон томонидан ишлаб чиқилаётган Осиё энергетик стратегиясидаги асосий банд транспорт-энергетик инфратузилмани кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўлади, деб ҳисоблайди.



ШҲТнинг бу стратегияни амалга оширишдаги имкониятлари эса анча катта, чунки унга аъзо мамлакатлар орасида энергия заҳираларини ишлаб чиқарувчилар ҳам, транзит мамлакатлар ҳам бор.



“Бу мамлакатлар [энергия заҳираларини] қазиб олиш, транспортировка қилишдан, энергетикани дистрибуция қилишдан, нефть биржаларини, минтақавий ички бозорларни яратишдан манфаатдордирлар”, - дея изоҳ беради Своик.



ШҲТ мамлакатлари жаҳондаги нефть заҳираларининг 20% ига эгалик қиладилар, улардаги газ заҳиралари дунё газ заҳираларининг 30% ига тенг.



Экспертлар ШҲТнинг бюжети чекланганлиги ва бор-йўғи тақрибан уч миллион АҚШ долларини ташкил қилгани важидан ҳозирги пайтда мазкур ташкилот доирасида ҳар қандай иқтисодий лойиҳаларни, шу жумладан, энергетик лойиҳаларни олға суриш қийин бўлишини қўшимча қиладилар. Қиёслаш учун: Бирлашган миллатлар ташкилотининг бюжети 2,5 миллиард доллардан ошади.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists