Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Қозоғистон йигирма саккизта қочқинни Ўзбекистонга бериб юборди

By News Briefing Central Asia

9 июнь куни Қозоғистон расмийлари қочқинлик мақомини олишга уринган ва бир йил давомида Олмаота шаҳридаги икки тергов ҳисбхонасида сақланган йигирма саккиз кишини ватанига экстрадиция қилдилар. 

Қозоқ мулозимлари бу ҳақда расман эълон қилмаяптилар, аммо қочқинлардан бирининг рафиқаси Умида Азимова куни кеча тергов ҳибсхонасига эрлари билан учрашишга борган бир гуруҳ аёллар эркакларнинг у ерда йўқлигидан хабар топганларини NBCAга айтиб берди.

NBCentralAsia телефон орқали прокуратура билан боғланганда, бу муассаса ходимлари қочқинларнинг ўзбек расмийларига бериб юборилганини тасдиқладилар.

“Ҳаммаси қонун доирасида қилинди, - деди ўз исмини айтишни истамаган Олмаота шаҳар прокуратураси ходими. – Кассация суди уларга қочқинлик мақомини беришни рад этиш бўйича қарор чиқарди, Қозоғистон бош прокурорининг уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича 2010 йилнинг сентябрь ойида чиқарган қарори кучга кирди”.

Ўзбекистонликларнинг ватанга мажбуран қайтарилиши одамларга таъқиб ва қийноқлар қўлланилиш хавфи бўлган мамлакатга топширилишини маън қилувчи халқаро мажбуриятларга қарамай амалга оширилди. БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон қийноқлар мунтазам қўлланиб келинадиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Олмаотадаги бошпана изловчиларнинг аёвсиз муносабат таҳдид солаётган Ўзбекистонга оммавий равишда бериб юборилгани юзасидан хавотир билдирди.

“Бу одамлар Ўзбекистонда қийноқларга дучор бўлиш хавфи остида қолмоқдалар ва ҳеч қандай дипломатик ваъдалар, икки томонлама шартномаларни рўкач қилиш Қозоғистонни халқаро ҳуқуқ меъёрларига бўйича жавобгарликдан озод қилолмайди”, - дея таъкидлаб ўтди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рейчел Денбер.

Йигирма тўққиз нафар ўзбек қочқини 2010 йилнинг июнь ойида Олмаота шаҳрида қозоқ полициячилари томонидан ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олингандилар ва шу пайтгача Миллий хавфсизлик қўмитасининг икки тергов ҳибсхонасида сақлаб келингандилар. (Бу ҳақда “Ўзбек қочқинлари Қозоғистондан депортация қилиниш хавфига дуч келдилар” (Узбекские беженцы перед лицом депортации из Казахстанадея номланган мақолани ўқинг)

Қўлга олинганларнинг барчаси ўзбек расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган бўлиб, улар террорчилик хуружларига алоқадорлик, конституциявий тузумини ағдариш ва таъқиқланган диний ташкилотларда иштирок этиш каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланаётгандилар.

2010 йилнинг август ойида қўлга олинганлардан бири Ниғматулло Набиев Қозоғистон ҳудудида қочқин мақомини олди ва қўйиб юборилди. Ҳибсхонада қолган бошқа ўзбекистонликлар эса ўзбек расмийлари айбловларини рад қилиб, ўз диний қарашлари учун таъқибга учраганларини таъкидлаб келаётгандилар.

Сўнгги саккиз ой ичида қозоқ расмийлари қочқин мақомини олиш учун ариза топширган тўрт кишини Ўзбекистонга экстрадиция қилдилар.

Экстрадиция қилинган тўрт кишидан бири, 36 ёшли Тожикистон фуқароси Умарали Абдураҳмонов 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. (Бу ҳақда “Қозоғистон қочқинлар учун ноқулай жойга айланмоқда” (Казахстан становится неуютным местом для беженцев) дея номланган мақолани ўқинг) 

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.