Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбек қочқинлари масаласини кўтармоқда

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбек қочқинлари масаласини кўтармоқда

15-16 март кунлари Олмаотада БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳудудий идораси ва Халқаро миграция ташкилоти ташаббуси билан уюштирилган Марказий Осиёда қочқинларни ҳимоя қилиш ва халқаро миграция бўйича минтақавий конференция бўлиб ўтади.

Конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Эрон, Россия ва Туркия вакиллари, эксперт олимлар, Марказий Осиё минтақаси фуқаролик жамияти лидерлари иштирок этадилар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари анжуманда Қозоғистон ҳудудидаги ўзбек қочқинлари муаммосига эътибор қаратишга умид қилмоқдалар.

“Бугунги кунда [Қозоғистонда] қочқинлик мақомини аниқлаш тартибининг давлатга берилиши юзасидан ҳалигача ноаниқ бўлган масалалар кўп”, - дейди конференцияга таклиф қилинган Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бўйича халқаро бюроси ходими Денис Живага.

Ўтган йилдан бошлаб БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан берилган қочқинлик мақоми Қозоғистонда нолегетим ҳисобланади, чунки янги “Қочқинлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, кимнинг ватанида яшаши хавфли, кимники хавфли эмаслигини давлат мустақил равишда ҳал қилади. Янги қонунчилик меъёри мақомга эга бўлган барча қочқинларга мақом олиш процедурасидан қайта ўтиш мажбуриятини юклади. (Бу ҳақда Ўзбек қочқинлари Қозоғистондан бадарға қилиниш хавфи остида [Узбекские беженцы перед лицом депортации из Казахстана], Қозоғистон ўзбек қочқинлари учун қулай бўлмаган маконга айланмоқда [Казахстан становится неуютным местом для узбекских беженцев] мақолаларида ўқинг).

 

2010 йилнинг июнь ойида Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик қочқинлар ва бошпана изловчиларни оммавий равишда ҳибсга олдилар ҳамда ўз ватанида оғир жиноятларда, шу жумладан, террорчиликка алоқадорликда айбланган 29 кишини қўлга олдилар.

Улардан ўн еттитаси БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Олмаота ваколатхонаси томонидан берилган мандатга эга эдилар. Ҳибсга олинганларидан кейин улар бу мандатлардан маҳрум этилдилар.

“Бизни бундан буён ўзбек қочқинлари ушланганида ва уларга қочқинлик мақоми берилиши рад этилганда давлат қандай йўл тутиши қизиқтиради, бироқ уларни қийноқлар хавф солиб турган мамлакатга [Ўзбекистонга] бадарға қилиб бўлмайди, - дейди Живага. – Қозоғистон расмийлари бундай шаҳслар билан бундан буён қандай ишлайди ва уларга қанақа мақом берилади? Бу масалани биз албатта кўтарамиз”.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Uzbekistan, Kazakstan
Frontline Updates
Support local journalists