Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Қозоғистондаги ўзбекистонлик қочоқлар доимий қўрқув остида яшаяптилар

By News Briefing Central Asia
, улар учун бунинг кафолатини на мамлакат расмийлари ва на халқаро ташкилотлар бера оладилар.



Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар тунда учта ўзбекистонлик қочоқлар оиласи истиқомат қиладиган хусусий уйлардан бирига миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлими ходимлари бостириб кирдилар ва уй эгаларига кўра, уларни калтакладилар.



“Фуқаролик кийимидаги уч нафар эркак уйимизга югуриб кирдилар, сўнра мени ерга йиқитдилар ва калтакладилар, натижада бурним ёрилди”, - деди Олма-Отага бошпана излаб келган ўзбекистонлик қочоқлардан бири NBCA билан суҳбат давомида.



Унга кўра, махсус хизмат ходимлари қочоқ эркакларнинг бошларига қора қоп, қўлларига кишан кийгиздилар, уларни машинага ўтқазиб Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚД) Олма-Ота шаҳар маҳаллий департаментига сўроқ қилгани олиб кетдилар.



“Улар биздан қуролларни, гранаталарни, автоматларни, тўппончани уйнинг қайси ерида яширганимиз тўғрисида сўроқ қилдилар. Уларнинг айтишича, бу ҳақда Ўзбекистондан ахборот олган эканлар. Гўёки, биз юртимизда милиционерларни ўлдириб қўшни Қозоғистонга қочиб кетган эканмиз”, - деди бошқа қочоқ NBCA билан суҳбат давомида.



Бироқ Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменти биносида уч соат давом этган сўроқлардан сўнг, Қозоғистон махсус хизмат ходимлари Ўзбекистон фуқароларидан йўл қўйилган хато учун кечирим сўрадилар.



Астана шаҳрида жойлашган Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасида ўзбекистонлик қочоқларни сўроққа тутилганини инкор этмаяптилар, аммо уларнинг калтаклангани тўғрисидаги маълумотларни қатъий тарзда инкор этмоқдалар.



“Ходимларимиз уларнинг паспорт маълумотларини текширдилар, холос. Бунга уларнинг тўла ҳуқуқлари бор”, - деди Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котибининг муовини Мухтар Анарбеков NBCA билан суҳбатда.



Қўлга олинганларнинг ҳаммаси бошпана изловчиларига тегишли ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармасининг ҳимоя остида эканликлари тўғрисидаги гувоҳномаларга эга бўлганлар.



БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармасининг Олма-Отадаги ваколатхона раҳбари Сезар Дюбоннинг айтишича, Қозоғистонда ўзбекистонлик қочоқларнинг қўлга олиниши ва калтакланиши биринчи марта бўлаётгани йўқ ва шу муносабат билан Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини йўллаган ва Қозоғистон махсус хизматларининг ҳаракатларидан қониқмаганлигини изҳор этган.



“Биз бундай тамойиллардан ташвишга тушиб қолдик. Бироқ, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси ҳозирча бу қочоқларнинг ҳаммасини муҳофаза эта олмайди”, - деди Сезар Дюбон.



Бугунги кунга келиб Қозоғистонда Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармасининг ҳимояси остида турли мамлакатлардан келган юздан зиёд қочоқлар истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқароларидир.



Қозоғистон 1998 йилда БМТнинг “Қочоқлар мақоми тўғрисида” Конвенцияни ратификация қилган ва ўз ҳудудида бошпана изловчиларни қабул қилишга мажбур.



Ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро экспертлар Қозоғистон парламенти тез кунлар ичида “Қочоқлар тўғрисида” қонунни қабул қилишига умид боғламоқдалар. Ушбу қонун лойиҳаси айни пайтда депутатлар муҳокамасида бўлиб, унда қочоқларни қонунга хилоф тарзда қўлга олинганида уларни химоя қила оладиган меъёрлар бор.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)