Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбек-туркман музокаралари этник озчиликлар ҳафсаласини пир қилмоқда

Ўзбекистонлик мухбир ёпиқ Туркманистонда журналистик текширув учун қандай маълумот тўплагани ҳақида ҳикоя қилади.
By Rashid Usmanov

Ўзбекистон ва Туркманистондаги этник озчиликлар ҳақида ёзиш фикри менда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йил октябрида қўшни мамлакатга ташриф буюрганидан сўнг пайдо бўлди. (Туркменистан-Узбекистан: президенты обошли вниманием проблемы диаспор.)

Бу муҳим ташриф эди, чунки иккала давлат ўртасидаги муносабат авваллари анча мураккаб бўлган. Бу ҳолат чегараолди ҳудудларида яшовчи этник жамоалар турмушида акс этар, маҳаллий аҳоли эса чегарадан ўтишда қатъий чекловларга дуч келардилар. Масалан, бир томонда яшовчи ўзбеклар ва туркманлар қўшни мамлакатдаги қариндошиникига ойда фақат уч кунга бора олардилар, холос.

Каримов ташрифи чоғида ўтказилаётган тадбирлардан бири Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Тошҳовуз вилоятидаги туркман-ўзбек “дўстлик фестивали” эканини билганимдан кейин у ёққа бориб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб келишга қарор қилдим.

Туркманистонга сафарим осон кечгани йўқ. Туркман божхоначиларининг давомли сўроқ-саволлари чидашимга тўғри келди, полиция томонидан шубҳали нигоҳларга дуч келдим. Аҳвол шунақа бўлгач, мен ҳар қанақа ёзув-чизувдан воз кечиб, одамларга айтган гапларни эслаб қолишгагина ҳаракат қилдим. Фотосуратларни эса яшириб олишимга тўғри келди.

Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап каби вилоятларида анчагина этник ўзбек яшайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўзбеклар беш миллионли Туркманистонда аҳолининг 9,2 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон каби чегараолди ҳудудларида эса 150 мингдан зиёд этник туркман истиқомат қилади.

Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов ўзбек жамоасига шубҳа билан қарарди. Бу шубҳа уни йўқ қилиш бўйича 2002 йилда амалга оширилган муваффақиятсиз ҳаракатдан кейин кучайди. Бу ишга Ниёзов Тошкент алоқадор, деб биларди. Шундан сўнг маҳаллий ўзбекларга қарши репрессия авж олди, жумладан, ўзбек озчилиги вакилларини юқори лавозимлардан четлатиш ва ўзбек мактабларининг барчасини ёпиш бошланди. 2008 йилда чегараолди ҳудудларида яшовчи этник ўзбекларнинг кўпи депортация қилинди, уларнинг айримлари паспортларидан айрилди, оилалар бузилди.

Ўзбекистонда ишлаганим учун мен ҳеч қанақа танқидни кўтара олмайдиган ва эркин оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламайдиган авторитар давлатда журналистлик қилиш нақадар қийинлигини яхши биламан.

Шунга қарамай, Туркманистонга сафарим чоғида мен юқори сиёсий даражадаги ўзаро ишончсизлик руҳи оддий одамлар ҳаётига нақадар салбий таъсир қилишини, чет эллик журналистга эса худди жосусга қарагандай қарашларини ҳис қилдим.

Туркманистон томонида божхона кўригидан ўтаётганимда юкларимни чегарадан ўтаётган бошқа одамларникини қандай қарашса, шундай қарашди. Бироқ менда нетбук ва фотоаппарат бўлгани учун кутиб туришимга ва қўшимча текширувдан ўтишимга тўғри келди. Божхоначи телефоним, фотоаппаратим ва нетбукимни текширгунича бир соатдан ошиқроқ турдим. Менга айтилмаган сабабларга кўра, божхона ходимига фотоаппаратимдаги айрим фотосуратлар ёқмабди - уларни ўчириб ташлашга сўз беришимга тўғри келди.

Ҳатто ўзбек-туркман чегарасидан ўтиб бўлганимдан кейин ҳам маълумот йиғиш иши жўнлашгани йўқ.

Мен ўзини жуда дўстона тутган ўзбек озчилиги вакиллари билан гаплашдим, бироқ улар жуда ҳуркак эдилар. Мен уйида турган одам жуда хушмуомала эди, бироқ берган барча саволга у: “ҳаммаси жойида”, деб жавоб берарди. Ниҳоят, у очиқчасига гаплашишга рози бўлди, бироқ бундан олдин у ўғлини уй ён-атрофида бегона одамлар бор-йўқлигини билиб келишга жўнатди.

“Сиз бизни тушуна олмайсиз”, - деди ёши бир жойга бориб қолган қария Туркманистонда ўзбеклар миллий маданиятга бўлган ҳуқуқдан маҳрум эканларини қўшимча қиларкан.

“Ҳар қанақа норозиликнинг турли йўллар билан олди олинади”, - деди у давлат сиёсатидан мақсад мамлакатдаги ўзбекларни ассимиляция қилиш эканини қайд этаркан. Шунингдек, у бу мақсадни амалга ошириш бошдан-оёқ этник туркманлардан таркиб топган ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига юкланганини ҳам қўшимча қилди.

Мен учрашганлар ичида жуда кам одам уй эгаси ўлароқ очиқ гаплашишга тайёр эди. Бошқа бир ўзбекнинг сўзларига кўра, одамларнинг гаплашишдан қўрқиши нормал ҳолдир. “Сўнгги 15 йил ичида аҳоли ўз буви ва боболари Сталин замонида қандай қўрққан бўлса, шундай ҳадиксирашга ўрганди”, - деди у менга.

Мен гаплашишга муваффақ бўлган бир туркман аёл туркман маданиятининг нақадар буюклиги ҳақида сўзлади. Мен ундан: “Ўзбеклар ва бошқа этник озчиликлар ҳоли нима кечади унда?” деб сўрадим. “Улар барибир туркманга айланиб кетишган ёки айланишади”, дея жавоб қайтарди у.

Расмга олиш ҳақиқий муаммога айланди. Менга ҳамроҳлик қилган ўзбеклар фотоаппаратимни яшириб қўйишни сўрардилар. Буни рад қилиб, Тошҳовуз марказидаги ўзбеклар гуруҳини суратга олганимдан кейин яқин ўртада жойлашган маъмурий бинодан бир киши чиқиб, менга яқинлашиб, фотоаппаратимни олиб қўйиши талаб қилди.

Шаҳарнинг бошқа қисмида шоша-пиша бир-икки марта суратга олган пайтимда полиция ходимлари мени диққат билан кузата бошладилар. Ҳайдовчи мендан суратга олишни бас қилишни илтимос қилиб, “Бизни Туркманистоннинг бошқа жойидан келган одамлар деб гумон қилишди, бўлмаса ортимизда қувишга тушишарди”, дея қўшиб қўйди.

Бир куни маҳаллий тадбиркорлардан бири билан суҳбатлашгани келганимизда менга ҳамроҳлик қилаётган ўзбек оғайним мени ўзбекистонлик журналист сифатида таништирди. Тадбиркор бунинг учун аввал расмийлардан рухсат олиши кераклигини айтиб, биз билан сўзлашишдан бош тортди.

Унинг офисидан чиқаётган пайтимизда тадбиркор ким биландир телефонда гаплаша бошлаганди. Шунда мен бу ердан кетиш вақти келганини англаб етдим.

Ортга қайтишда чегара постида мени божхоначилар кутиб олишиб, алоҳида хонага олиб киришиб, икки соат савол-жавоб қилишди. Мен билан бирга чегарадан ўтган маҳаллий ўзбек ҳам сўроқ қилинди, аммо уни бошқа хонага олиб кириб кетдилар. Нетбукимни текшириб бўлганларидан кейин мени қўйиб юборишди.

Бироқ чегаранинг ўзида яна ушлаб қолишди. У ерда нетбуким ва фотоаппаратимни текширишди. Шундан кейин у ерга фуқаро кийимидаги ходим келиб, мени яна икки соат давомида сўроқ қилди.

Туркманистонни тарк этганимдан сўнг ниҳоят енгил тортдим. Эндиликда ишимнинг бир қисми қилиб бўлинган, фақат ўзбекистонлик туркманлар орасида юриб, маълумот йиғиш қолганди. Буниям ўзига яраша қийинчиликлари бор, лекин мени, жилла қурса, жосусликда гумон қилмайдилар.

Рашид Усмонов – Ўзбекистонда ишловчи журналистнинг тахаллуси.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилувчи “Марказий Осиё янгиликлари” лойиҳаси доирасида тайёрланди.