Ўзбекистон-Қирғизистон: чегара ёпиқлиги сабабли товар айирбошлаш камаймоқда

Ўзбекистон-Қирғизистон: чегара ёпиқлиги сабабли товар айирбошлаш камаймоқда

Рынок в Оше, июнь 2011 года. (Фото: NBCA)
Рынок в Оше, июнь 2011 года. (Фото: NBCA)

Июль ойи бошидан ўзбек-қирғиз чегарасининг Фарғона водийсидаги баъзи участкаларида қўшимча блокпостлар ўрнатилди.

Россиянинг REGNUM ахборот агентлигининг хабар қилишича, бундай чора “Ўзбекистон ички бозорини ҳимоя қилиш ва қўшни ҳудудларга чегарага туташ туманлардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг олиб чиқиб кетилиши олдини олиш мақсадида” қўлланилмоқда.

Ҳар йили ёз мавсумида ўзбек расмийлари ички бозорни тўлдириш зарурати ва нархлар пасайишини таъминлаш баҳонаси билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини чеклаш бўйича чоралар кўриб келадилар.

Бироқ бунингсиз ҳам ёпиқ бўлган ўзбек-қирғиз чегарасида ўрнатилган ҳозирги блокпостлар товар айирбошлашнинг кескин пасайишига олиб келди, натижада Ўзбекистонда баъзи тез айнийдиган сабзавот ва меваларга бўлган нархлар тушиб кетди, гўшт ва ун нархнинг эса кўтарилиб кетди.

Ўзбекистон азалдан Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, дизел ёқилғиси ва бензин экспорт қилиб келади, ўз навбатида, бу ердан картошка, гўшт маҳсулотлари ва энг асосийси, ўз бозорини бойитиш учун Хитой ва Туркияда ишлаб чиқилган арзон кундалик эҳтиёж молларини сотиб олади.

“Гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган нархнинг ошиши кузатилаяпти, чунки фермерлар йирик шохли қорамол учун ем-хашакни Қирғизистондан олиб келардилар, баҳор бошидан бошлаб то қиш бошлангунга қадар ўзбек фермерларининг чорваси келишилган ҳолда қирғиз яйловларида ўтларди, - дейди Фарғона вилоятида яшайдиган шарҳловчи. – Чегара ёпилгач эса бунинг иложиси бўлмай қолди”.

Тошкентнинг бир тарафлама қарорига мувофиқ, 2010 йили ўзбек-қирғиз чегарасидаги 15 та ўтиш пунктининг ҳаммаси ёпилганди. Бу Қирғизистонда апрель ойида содир бўлган инқилоб ва ўтган йилнинг июнь ойида ушбу мамлакат жанубида содир бўлган миллатлараро тартибсизликлардан сўнг содир бўлди.

Ҳозир саккизта ўтиш пунктидан фақат қўлида авиачиптаси бўлган ёки қариндошининг тўйи ёки дафн маросимига кетаётган кишиларгина ўтказилмоқда.

Экспертлар икки қўшни мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашнинг кескин тушиб кетганини қайд этмоқдалар.

Бишкекда жойлашган Марказий Осиё эркин бозор институти (Central Asian Free Market Institute – САFMI) маълумотларига кўра, сўнгги 15 ой ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш тенг ярмига қисқарди.

Бу икки мамлакатдаги бозор савдогарларига айниқса ёмон таъсир қилди.

“Ўтган йилнинг баҳоридан бошлаб Ўзбекистон томони биз томонга ҳеч кимни ўтказмаяпти, шу боис кўпчилик савдогарлар хонавайрон бўлди, - дея арз қилади ўзбек чегарасидан бир неча километр нарида жойлашган Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Қорасув йирик улгуржи бозорида савдо қиладиган тижоратчи Абдурашид Қаюмов. – Авваллари товаримизнинг 80 фоизини Ўзбекистондан келган савдогарлар олиб кетардилар”.

Бозорда 15 мингта савдо нуқтаси бўлиб, у ердан товарлар Ўзбекистоннинг қўшни Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига мунтазам равишда жўнатиларди.

Фарғона шаҳридан бўлган тадбиркор Равшан Мўминов чегаранинг ёпилиши нафақат ички бозорлардаги товарлар нархига, балки воситачилик хизматига ҳам таъсир қилганини таъкидлади.

Мисол учун, Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга товарни нолегал ўтказганлик учун эндиликда аввалгидан уч биробар кўпроқ ҳақ тўлаш лозим.

“Чегарачилар билан келишиш ва уларга ҳам маълум миқдорда улуш бериш керак, - дейди Мўминов. – Шунинг учун [Ўзбекистон бозорларида] Хитойдан келтирилган арзон моллар нархи 50-60 фоизга ошиб кетди”.

Ўтиш пунктларидан айланиб, тоғ ёнбағирлари орқали ўтиб келадиган олибсотарлар сони ҳам камайиб кетди, чунки уларнинг экстремистлар кириб келишига қарши курашаётган ўзбек чегарачилари томонидан ўққа тутилиши хавфи мавжуд. (Бу ҳақда “Ўзбекистон-Қирғизистон: чегара яқинидаги ҳудудларда одамлар ҳалок бўлмоқда” деб номланган мақолада ўқинг.)

“Чегара ёпилишидан аввал Фарғонадаги бозоримиздан мингдан зиёд киши Қорасувдаги бозордан улгуржи мол олиб келардилар, ҳозир эса уларнинг сони 80-90 кишидан ошмайди”, - дейди Мўминов.

Иқтисодчилар бу вазиятни ичида икки қўшни давлат фуқаролари олди-сотди билан шуғулланиши мумкин бўлган бозорлар жойлашмиш эркин чегара савдоси ҳудудини ташкил этиш орқали тузатиш мумкин, дея ҳисоблайдилар.

Қирғизистон расмийлари бу ғояни турмушга татбиқ этиш тайёр эканликларини аллақачон билдиргандилар.

Бу мамлакат бозори ҳам чегаранинг ёпилгани оқибатларини ўзида ҳис этди. Ўзбек ёқилғиси, минерал ўғитлар ва мева-сабзавот маҳсулотлари бевосита олиб келинадиган жанубий Қирғизистонда баъзи товарларнинг нархлари 300-400 фоизга ошди.

“Иқтисодий алоқаларнинг жонланишига эркин чегара ҳудудларининг яратилиши ёрдам бериши мумкин эди, - дейди тошкентлик иқтисодий таҳлилчи, - аммо бунинг учун сиёсий келишувлар зарур бўлади. Бироқ расмийларимиз бунга тайёрмилар?”

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Economy
Frontline Updates
Support local journalists