Ўзбекистон-Қирғизистон: чегара яқинидаги ҳудудларда одамлар ҳалок бўлмоқда

Ўзбекистон-Қирғизистон: чегара яқинидаги ҳудудларда одамлар ҳалок бўлмоқда

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг маълумотларига кўра, июнь бошидан буён қирғиз-ўзбек чегарасида, Ўзбекистоннинг Андижон ва Фарғона ҳамда Қирғизистоннинг Боткен ва Жалолобод вилоятлари ҳудудларида ўзбекистонлик чегарачиларининг ўқидан ўн уч киши ҳалок бўлди. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари эди.

Бу маълумотни исми ошкор этилишини истамаган чегара хизмати вакили ҳам тасдиқлади.

“Қурбонларнинг бундай миқдори мамлакат мустақиллиги юбилейини [1 сентябрь – изоҳ.] нишонлаш арафасида экстремистик гуруҳларнинг фаоллашгани туфайли назоратнинг кучайтирилгани ҳамда қўшни давлатлардан ноқонуний мол олиб ўтаётган контрабандачилар фаолиятига чек қўйиш билан боғлиқ”, - дея қайд этди у.

Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари 2011 йилнинг май ойида сезиларли равишда кучайтирилди. (Бу ҳақда Ўзбекистон: эҳтимолий таҳдид олдидан эҳтиёт чоралари кучайтирилди мақоласида ўқинг). 

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоят ҳокими чегара масалалари бўйича муовини Хуршид Турсунов ўн уч киши ҳалок бўлгани тўғрисидаги фактлардан хабардор эканини айтди. Аммо расмий уларнинг барчаси ҳукуматнинг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” 2002 йилда чиқарилган махсус қарорини бузган “контрабандачилар бўлган”ини таъкидлайди. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар томонидан истеъмол молларини олиб келиш ва сотиш фақат расмий дистрибьютерлар орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, сотиладиган товарнинг сифати сертификат билан тасдиқланиши керак. Акс ҳолда, товар мусодара қилиниши мумкин.

Одатда ўзбекистонликлар ашёлар ва бошқа истеъмол молларини бутун Марказий Осиё минтақасини Хитой ва Туркияда ишлаб чиқарилган арзон моллар билан таъминлайдиган қўшни Қирғизистоннинг улгуржи савдо бозорларида сотиб оладилар. Ўзбек расмийлари мунтазам равишда маҳаллий савдогарлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонун-қоидаларни жорий қиладилар, аммо ноқонуний товарлар оқимини бутунлай тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти.

Расман бир йилдан ошиқ вақтдан буён Тошкентнинг бир томонлама қарорига мувофиқ, қирғиз-ўзбек чегарасидаги ўн бешта ўтиш пунктларининг барчаси ёпиқлигича қолмоқда. Бу 2010 йилнинг апрель ойида қўшни Қирғизистонда бўлиб ўтган инқилоб ва июнь ойида Ўш вилоятида содир бўлган этник зўравонликдан сўнг амалга оширилган.

Қирғизистон республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистон томони чегарадаги саккизта ўтиш пунктидан фақат қўлида авиачиптаси бўлган ёки қариндошининг тўйи ёки дафн маросимига кетаётган кишиларни ўтказмоқда.

Бироқ ноқонуний мол сотувчилар 1375 километрга чўзилган ва хилват тоғ сўқмоқлари бўлган қирғиз-ўзбек чегарасини кесиб ўтиш учун кўплаб ғайриқонуний йўлларни излаб топмоқдалар.

“Ўзбекистон фуқаролари Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Холмиён қишлоғидан бозор қилиб келиш учун ҳафтасига бир маротаба Қирғизистон ҳудудига асосан ноқонуний равишда кириб чиқадилар, - дейди Қирғизистон жанубидаги NBCA шарҳловчиси. – Кўпчилик машиналарда тоғ ёнбағирлари орқали ўтиб келади ва чегарачилар уларни сезиб қолгудек бўлса, огоҳлантирмай ўт очади”.

Ўзбекистоннинг жануби-шарқида жойлашган Андижон шаҳрида яшовчи Азиз Шоймардонов Хитойда ишлаб чиқарилган арзон товарларни сотиб олиш учун яқинда дўстлари билан Боткен вилоятига бориб келгани, у ердан олиб келган товарларини ватанида сотиб, мўмайгина даромад олиш ниятида бўлганини айтади. Бироқ автоматдан қаторасига отилган ўқлар уларни сотиб олган товарларини ташлаб қочишга мажбур қилган.

“Бизга қарата ўзбек чегарачилари ўт очдилар, бир йигит ўлди, яна биттаси яраланди, - дея ҳаяжон билан ҳикоя қилади Азиз. – Ахир биз товар сотиш ниятида бўлган оддий савдогарлармиз-ку! Чегарачилар эса бизга террорчиларни ўлдираётганлари ва 1 сентябрга қадар чегарадан ўтмаслигимиз кераклигини айтишди”.

Андижон вилоятидаги чегарага яқин қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи эркак NBCAга Қирғизистон бозоридан қайтиб келаётган пайтда ҳалок бўлган акаси ва яна беш йигит ҳақида сўзлаб берди.

“Менинг савдогар акамни чегарадан товар олиб ўтаётган пайтда чегарачилар отиб қўйишди, - дейди у, - биз бунинг сабабларини аниқлаш учун чегара заставасига борганимизда, улар бизга акамнинг соқоли қалин бўлгани учун шубҳали кўрингани ва уни ваҳҳобий деб ўйлашганини айтишди”.

Назорат-ўтказиш пунктидаги чегарачи Тошкентдаги раҳбариятнинг чегарани асоссиз кесиб ўтаётган кишиларга қарата ўқ очишга рухсат берувчи буйруғи борлигини айтди.

“Бу кишиларнинг барчаси Ўзбекистонга товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини эмас, балки портловчи модда ва диний адабиёт олиб кирмоқдалар”, - деди ишонч билан чегара зобити.

Қирғиз-ўзбек чегарасини бир неча бор мол билан ноқонуний кесиб ўтган ва ҳозирча чегарачилар билан тўқнаш келмаган қўқонлик Аброр Исмоилов: “Расмийларнинг ўзлари бизни контрабанда билан шуғулланишга мажбурлашмоқда, чунки Фарғона вилоятида бошқа иш йўқ, шунинг учун ҳамма ҳукумат одамларга ўқ отиб тўхтатишга уринаётган савдогарлик билан шуғулланмоқда”, дея қайд этди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

  

Diplomacy
Frontline Updates
Support local journalists