Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон: хориждаги мухолифатнинг таъсис қурултойи

By News Briefing Central Asia

Ўзбек мухолифатчилари ахборот кампаниялари ва креатив акциялар ёрдамида одамларни сиёсий ислоҳотларга рағбатлантирмоқчилар. Аммо шарҳловчилар бу ҳаракатларнинг самара беришидан шубҳаланмоқдалар. 

Сиёсий ҳаракатга бирлашган АҚШ, Канада, Австралия ва Европанинг етти мамлакатида истиқомат қилувчи мухолифатчи ва диссидентлар 23 май куни Берлинда ўзларининг илк мажлисларини ўтказиб, у ерда амалдаги ўзбек режимининг алмаштиришга эришиш ва бўйсунмаслик акцияларини ўтказиш ниятида эканликларини билдирдилар.

“Зулмга қарши фаол [ахборот] қаршилик ўз самарасини беради, - деди NBCAга “Ўзбекистон халқ ҳаракати”нинг янги сайланган раиси, ҳаракат таркибига кирган мухолифатдаги “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ. – Араб дунёсида содир бўлган воқеалар бунга мисол бўлди”.

Мажлисда иштирок этган Франциядаги “Ўтюраклар” клуби халқаро ҳуқуқ муҳофазаси ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева “сиёсий маҳбусларни озод қилиш, муҳожирликдаги мухолифат вакилларини ватанга қайтариш ва эркин ҳамда адолатли сайловлар ўтказиш” ҳаракатнинг асосий мақсадларидан бири эканини қўшимча қилди.

Мухолифатчилар ўз акцияларини қай тарзда ўтказишларига аниқлик киритмаяптилар. Бу борада тинч аксилҳукумат намойишларини, “итальянча иш ташлашлар”ни уюштириш, яъни расмийлар билан очиқ зиддиятга киришмаган ҳолда иш юритиш, Интернетдаги ижтимоий тармоқларни ишга солиш, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот олиб бориш кабилар режалаштирилаётгани маълум, холос.

Францияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов “Ўзбекистон халқ ҳаракати ўзининг шиддатли ахборот кампаниялари орқали муҳтамалан халқ қўзғолонларини келтириб чиқариши мумкин”, деган ишончда.

Шунингдек, у бошқа лойиҳалардан фарқли ўлароқ, янги ҳаракат Европа ва Шимолий Америкадаги “анчагина тарафдорлар ва молиявий маблағлар”ни жалб қилолганини қўшимча қилади.

Ўзбекистон халқ ҳаракати жорий йилнинг апрель ойи охирида ташкил этилган ҳамда қароргоҳи Туркияда бўлган мухолифатдаги “Эрк” партияси, Германиядаги “Андижон-Адолат ва тикланиш” ҳаракати ва Швециядаги “Таянч” ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳини бирлаштирган.

Ўзбекистон халқ ҳаракатига қўшилмаган ўзбек мухолифатидаги партия раҳбари аноним тарзда унинг партияси ҳаракатнинг мақсадларини қўллаб-қувватлаши ва бу ҳақда мамлакатдаги “ўз одамлари” орқали маҳаллий аҳолини огоҳлантиришини таъкидлаб ўтди.

NBCA томонидан сўралган Жиззах вилояти ва Андижон вилояти аҳолиси бозорда қандайдир мухолифат чиқишлари тайёрланаётгани ҳақида “эшитганлари”ни тасдиқладилар. Аммо улар ҳукуматга муқобил бўлган кучларни ким тамсил этишини айтиб беришга қийналдилар.

Тошкентлик мустақил таҳлилчи Фарҳод Толипов мамлакат ичкарисидаги одамлар ушбу кучларнинг таркиби ва вазифасидан келиб чиққан ҳолда уларнинг қанчалик “реал, кучли ва фаол” эканини билмасликларини айтади.

NBCAнинг Тошкентдаги медиашарҳловчиси хориждаги мухолифатнинг ташаббусларига скептикларча муносабатда бўлди. “Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, метрода огоҳликка даъват қабилидаги плакатлар осиғлиқ турибди, кўчада ҳар 2-3 метр ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан назорат қилинмоқда. Бунақа шароитда қандайдир акциялар ўтказиб бўладими ахир?”

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.