Ўзбекистон: узоқ давом этмаган Twitter трансляцияси

Ўзбекистон: узоқ давом этмаган Twitter трансляцияси

Twitter тармоғида маҳкама тингловларини бевосита трансляция қилган ўзбекистонлик журналист ўзи истамаган ҳолда расмийлар эътиборини Ўзбекистонда ҳалигача кенг тарқалмаган ижтимоий тармоққа эътиборини тортганини айтади.

10 март куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхантоҳур туман суди судьяси “Ёшлар” телерадиоканали собиқ журналистлари томонидан ўзларининг ишдан бўшатилишларига қарши мазкур канал ва Миллий телерадиокомпания (МТРК) раҳбариятига нисбатан берган даъво аризаси бўйича маҳкама тингловини давом эттиришдан бош тортди. Бу қарор, маълум бўлишича, февраль ойи охиридаги биринчи маҳкама мажлисининг бориши ҳақида онлайн режимида хабар қилиб турган Василий Марковдан судья суд залини тарк этишни сўраганда, журналист бундан бош тортганидан кейин қабул қилинди. Кейинги маҳкама мажлиси 28 мартга белгиланган.

Журналистлар билан раҳбарият ўртасидаги муаммо улар телерадиоканалда цензура кучайиб кетганига қарши норозилик кампанияси ўтказганларидан кейин юзага келди.

Ўзбекистонда суд залидан бевосита трансляция учун бундай коммуникацион технология илк бор қўлланилишидир.

Суд залидан олиб борилган Twitter-трансляция билан боғлиқ мунозара марказида суд вакилларининг маҳкамадан бевосита узатилаётган, 140 белгидан кўп бўлмаган ҳажмдаги қисқа Twitter хабарлар нохолис ва ноаниқ бўлиши мумкинлиги ҳамда улар қарор қабул қилишга алоқаси бўлган кишилар кўзига чалиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотири бўлди.

Муаммонинг бошқа бир жиҳати шундаки, Twitter тармоғидан фойдаланаётган блоггерлар ва бошқа хусусий шахслар маҳкама тингловларини ёритиш учун аккредитациядан ўтган журналистлардан талаб қилингани каби суд ҳақида хабар бериш қонун-қоидаларига риоя қилишини кафолатловчи механизм йўқ.

Бу борада собитлашган амалиётнинг йўқлиги бугунги кунда турли мамлакатларда хос ёндошувлар юзага келишига сабаб бўлди. Чунончи, уларнинг айримларида бу эркинроқ бўлса, бошқаларида таъқиқланади

Аммо, умуман олганда, бу хизмат фойдаланувчиларининг кўпчилиги яшайдиган ғарб мамлакатларида Twitterдан фойдаланишнинг қарама-қарши жиҳатлари билан боғлиқ муаммолар кўпинча жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва бу ерда гап уни маън қилиш ҳақида кетаётгани йўқ.

АҚШда, гарчи жиноий ишлар бўйича судлар чоғида баъзан чекловлар киритилиши мумкин бўлса-да, суд залидан бевосита трансляция қилиш ғояси федерал судьялар томонидан тобора кўпроқ қабул қилинаяпти.

Буюк Британияда Twitter трансляцияга рухсат беришлари мумкин, бироқ бундай қарор бунга берилган расмий рухсатнома асосида муайян пайтларда қабул қилинади. Бундан фақат болалар ҳақларини ҳимоя қилиш ҳақида сўз борадиган оилавий ишлар бўйича маҳкама жараёнларигина мустасно.

Марковнинг айтишича, у маҳкама тингловларида ўз кўзлари билан кўрган нарсаларни жамоатчилик билан шунчаки ўртоқлашмоқчи бўлган, холос. Аммо у ўзи истамаган ҳолда, ҳали расмийларнинг қизиқиш доирасига кирмаган ижтимоий тармоққа расмийлар эътиборини қаратиб қўйган.

“Маҳкама мажлисидан трансляция қилишга уринаркан, мен фойдадан кўра кўпроқ зиён келтирганга ўхшайман, чунки ҳалигача расмийлар Twitterга ахборот узатиш воситаси сифатида кўп аҳамиёт бермаётган эдилар”, - деди Марков.

NBCA сўзлашишга муваффақ бўлган Ўзбекистон фуқаролари бу нохуш ҳодиса ўзбек расмийларининг Интернет устидан бўлгани каби Twitter фойдаланувчилари устидан ҳам назоратни кучайтиришига туртки бериши мумкинлигидан хавотирланаётганларини билдирдилар.

Ўзбекистонда Интернет тармоғига киришда чеклов қўйиш ва электрон ёзишмаларни кузатиш ҳолатлари кам эмас.

Исми ошкор этилишини истамаган Интернетдан фойдаланувчи фикрича, аксар аҳоли учун асосий янгилик манбаи давлат оммавий ахборот воситалари бўлиб ҳисобланган Ўзбекистонда ахборот олиш ва узатиш ҳақида гап кетаркан, Twitter яхши ахборот канали бўла олиши мумкин эди.

“Ахборот узатишнинг бундай усули маҳаллий оммавий ахборот воситалари бера олмайдиган нарсани бера оларди”, - деди у.

Twitterда қайддан ўтган бошқа бир суҳбатдош эса мамлакатдаги очиқ маҳкама мажлисларини тезкорлик билан ёритишда бу веб-ресурсдан фойдаланиш имкониятлари ҳақида пессимистик тахминларни айтди.

“Агар бунақа одамлар қандайдир муҳим хабарни “сайраб” қўйсалар, уларни нима кутиши мумкинлигини ҳамма яхши билади”, - деди у.

Веб-статистика маълумотларига кўра, 28 миллион аҳоли яшовчи Ўзбекистонда Twitter тармоғининг бор-йўғи мингга яқин аъзоси бор. Facebook тармоғи бу мамлакатда оммабопроқ бўлиб, унинг 50 минг нафар ўзбекистонлик фойдаланувчиси бор.

Минтақанинг бошқа мамлакатларида бу ижтимоий тармоқдан фойдаланиш Ўзбекистондагидан кўра кўпроқ кузатилади. Маҳкама мажлисларида Twitterдан трансляция учун фойдаланиш бўйича айрим ҳолатлар Қирғизистонда қайд этилган.

Ана шундай фойдаланувчилардан бири “Озодлик овози” жамоатчилик жамғармаси раҳбари Сардар Бағишбеков бўлиб, у суд маҳкамаларини бевосита Twitter орқали ёритишда муваффақиятлироқ ишларни амалга оширган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши бўйича маҳкама жараёнида у суд залидан бевосита хабарлар бериб турган. Асли Жалолободдан бўлган “Воздух” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти лидери Асқаров ўтган йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Судьядан Twitter трансляция учун рухсат сўрамаганини қайд этган Бағишбеков суддан хабарлар узатганидан кейин унга расмийлар томонидан бу борада ҳеч қанақа эътироз бўлмаганини айтди.

Бу Қирғизистон расмийларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ таъқиқ чораларидан ҳадеб фойдаланавермаслигидан далолатми ёки судьялар Twitterдан суд мажлисидан бевосита хабар узатиш учун фойдаланганларини билмагани сабабли расмийлар бунга муносабат билдирмаганларми – буниси номаълумлигича қолаётир.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
 

Uzbekistan
Media
Frontline Updates
Support local journalists